Дунё янгиликлари

Коронавирус Германияда ҳам бошланди

Чоп этилди Fevral 27, 2020 Коронавирус Германияда ҳам бошландиda fikr bildirishni o'chirish

Грузия соғлиқни сақлаш вазири Екатерина Тикарадзенинг маълум қилишича, республикадаги илк касалланган ўрта ёшлардаги эркак бўлиб, у Грузияга Эрондан Озарбойжон орқали келган. Вазирнинг таъкидлашича, вирус тарқалиши хавфи йўқ, чунки бемор билан алоқада бўлганлар карантинга жойлаштирилган.

Вазир айни вақтда Тбилисидаги юқумли касалликлар шифохонасида юқори ҳароратга эга 14 касал борлигини, улардан 11 нафари Грузия, 2 нафари Хитой ва Эрон фуқаролари эканини қўшимча қилган.

Шунингдек, Болқон яриморолида ҳам коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолат қайд этилди: вирус Шимолий Македонияда аниқланган. Бу ҳақда республиканинг соғлиқни сақлаш вазири Венков Филипче хабар қилган.

Таъкидланишича, бемор аёл киши бўлиб, у яқинда Италиядан минивэнда келган. Автомобилдаги бошқа йўловчилар ҳам коронавирусга текширилмоқда.

Норвегияда ҳам коронавирус илк бор қайд қилинди.

“Тромсё шаҳрида яшовчи бир кишининг таҳлиллари унда коронавирус борлигини кўрсатди. Бу одам кимнидир зарарлагани эҳтимоли оз”, дейилган хабарда.

Бемордан таҳлиллар Хитойдан қайтгандан кейин олинган.

Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Спан эса мамлакатда коронавирус эпидемияси бошланганини маълум қилган. Вазирликда таъкидланишича, 26 февралда мамлакатда қайд қилинган бешта янги касалланиш ҳолати Хитойдаги коронавируснинг манбаси билан боғланмаган.

Айни вақтда Германияда умумий ҳисобда коронавирусга 21 киши чалинган. Бироқ Спан ваҳимага тушмасликка чақирган.

“Ҳар бир йўтал ҳам коронавирус эмас. Германия шифохоналари изоляторлар билан яхши таъминланган. Биз тез ҳаракат қилмоқдамиз ва жорий вазиятга ўз жавобимизни мослаштирамиз. Афсуски, айтишим керак, охирги соатларда вазият ўзгарган”, деб айтган Спан.

Шунингдек, Литвада коронавирус тарқалиши хавфи сабабли давлат кўламидаги фавқулодда ҳолат эълон қилинди.