Муҳаммад Толиб Ҳамадоний ҳақида
«Матлаб ут-толибин» («Толибларнинг мақсади») китоби Абул Аббос Муҳаммад Толиб ибн Ҳазрати Хожа Тожуддин Ҳасан Хожа ал-Ҳусайний ас-Сиддиқий томонидан форс тилида ёзилган. Саккиз бобдан иборат бу асарда Хожагон тариқати, унинг силсиласи ҳамда Бухоро жўйборий шайхлари ва муридларининг аҳволи баён қилинади.
Абул Аббос Муҳаммад Толиб силсиланинг 38-ҳалқасида Ғиждувонийнинг устози Хожа Юсуф Ҳамадонийни, 39-ҳалқасида эса Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг таржимаи ҳолини келтирган. Муаллиф Ҳамадоний ҳақидаги маълумотларни қайси манбадан олганини ёзмаса-да, бироқ улар Жомийнинг «Нафаҳот», Али Сафийнинг «Рашаҳот», айниқса, Ғиждувонийнинг «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний» асарларидан олинганини сезиш қийин эмас. Қуйида муаллифнинг Ҳамадоний ҳақидаги маълумотларининг таржимасини ҳавола этамиз.
Хожа Юсуф Ҳамадоний
Ва ул Ибн Яъқуб ибн Абдул Воҳид ибн Абдул Босит ибн Тамтам ибн Боқир ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Куфийдир (Аллоҳ уларга раҳматини сочсин). Эшоннинг куняси Абул Қосимдур. Қизларини Шарафуддин Ҳиндийнинг ўғлига берган эдилар. Бағдодга бориб, Абу Исҳоқ Шерозийга шогирд бўлдилар. Исфаҳонга бориб, кўп олимлардан ҳадис бўйича дарс олдилар. Барча ерда мақбул эдилар. Ўттиз саккиз марта пиёда ҳаж қилган эдилар. Қуръонни қироати билан ўн минг марта ўқиган эдилар. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, фуруъга оид етти юзта китоб ўқиган эдилар. Қуръонни тўлиқ ёд билардилар. «Манозил ус-сойирин», «Рутбат ул-ҳаёт» ҳамда бошқа асарлари бор.
Кейинчалик барча нарсани тарк этиб, ибодат ва риёзат йўлига кирдилар. Шайх Абу Али Формадийга (Аллоҳ унга раҳматини сочсин) қўл бердилар. Икки юз ўн учта машойихнинг мулозаматида бўлдилар. Кўпинча рўзада бўлар эдилар. Саккиз минг бутпарастни мусулмон қилган эдилар. Тавбага келтирган кишиларининг сон-саноғи йўқ эди. Кўп сафар қилардилар. Жун либос кияр эдилар. Этикдўзлик қилар ва деҳқончилик билан шуғулланардилар. Худойи таоло нима берса, фақирларга бахшида қилардилар. Дарс айтар эдилар. Умр бўйи оёқларини узатиб ўтирмадилар. Кўзлари гирёнда бўлар эди. Хизр алайҳиссалом билан ҳамсуҳбат эдилар. Уларнинг ишорати билан Мовароуннаҳрга бордилар. Самарқандга келиб, бир неча муддат яшадилар.
Султон Санжар ибн Маликшоҳ уларга мактуб ёзди ва эллик минг хоний пулини Самарқанд машойихларига ниёз тариқида юборди. Хусусан, Хожадан дуо қилишни илтимос қилди. Хожанинг ўн еттита муриди комили авлиё даражасига етган эдилар.
Хожа (Юсуф)нинг муборак ёшлари тўқсон бешга етган эди. Жон бераётган пайтларида Ҳазрати Хизр алайҳис салом, Илёс алайҳис салом, абдол, қутб ва ғавс келиб, видолашдилар. Ҳазрати Хизр алайҳис салом Хожанинг қўлларига оқ олма бердилар. Хожа уни ҳидлаб, мана бу байтни ўқидилар.
Дар кўйи ту ошиқон чунон жон медиҳанд,
Онжо Малак ул-мавт нагунжад ҳаргиз.
Мазмуни:
Сенинг кўйингда ошиқлар шундай жон
берадиларки,
У ерга жон олувчи фаришта ҳам сиғмайди.
Сўнг жонларини жон Яратувчига топширдилар. Хожанинг вафотлари беш юз ўттиз бешинчи (1140–1141) йилда юз берди. Хожанинг мунаввар қабрлари Марви шоҳжаҳонда, шаҳарнинг шимол томонидадир. Яна ёзишларича, Самарқанд шаҳрининг ташқарисида дафн этилганлар.

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг
“Ҳаёт мезони” сайланмасидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 13000 сўм.