Ҳаромдан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан…
Ҳар бир инсон ҳаётлик чоғида қайсидир қонун-қоидаларга амал қилиб яшайди. Мусулмон киши учун унинг ҳаётида амал қилиши керак бўладиган қонун-қоидаларни, яъни ҳалол ва ҳаром очиқ-равшан баён қилиб берилган. Мусулмон доимо ҳалол ризқ топишга ҳаракат қилмоғи ва ҳаромдан худди ўтдан қочгани каби қочмоғи лозим.
Оламлар Раббиси Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз ҳамда Унинг йўли (тоати)да жидду жаҳд қилингиз, токи (охиратда) нажот топгайсиз!» (Моида, 35).
Бу ояти каримада эътибор қилишимиз лозим бўлган бир нечта жиҳат бор. Булардан бири Аллоҳга тақво қилишдир. Яъни, Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, ҳаромдан, гуноҳдан, чиркин ишлардан сақланишдир, мабодо, гуноҳ қилиб қўйган бўлса, дарҳол тавба қилишдир. Аллоҳ таолога тақво қилиш, Аллоҳдан қўрқиб, ҳар қандай ҳаромдан, гуноҳ ишлардан узоқ бўлиш мусулмон кишининг комил сифатларидандир. Динимизда ҳаром ва ҳалол аниқ белгилаб қўйилган. Бирламчи масала ҳаромдан сақланишга оид ҳисобланади. Фиқҳий китобларда айтилади: “Зарарни даф қилиш манфаат келтиришдан устундир”. Яъни, зарари, зиёни бўлган нарсадан сақланиш, фойдали нарсани қўлга киритишдан устун бўлиб, аввал келади. Масалан, нафл рўза тутиш фойдали бўлиб, савобга васила бўлади. Аммо рўзадор киши ғийбат қилса, ёлғон гапирса, кўзини ҳаромга тикса, фойдасиз нарсани сўзласа, бекорчи ишлар билан банд бўлса, тутаётган рўзасининг фазилатига зарар беради, амал дафтарига рўза ёзилса-да, савоби кам бўлади. Ҳаром ишларни қилмасликка сабр қилиш нафл ибодатдан афзалдир. Масалан, ғийбат қилмаслик нафл рўза тутишдан афзалдир. Шунинг учун мазарратни – киши ҳаёти ва динига зарар етказувчи омилларни даф этиш ҳар бир мусулмоннинг қилиши лозим бўлган амалдир.
Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар аниқдир, ҳаром нарсалар ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида эса шубҳали бўлган нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ҳам, номус-обрўсини ҳам покиза асраб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида сурувни ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. У қўйларининг бехосдан ўша қўрғонга ҳам кириб кетишидан омонда бўлмагани сингари, шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмаган киши кейинчалик ҳаромга ҳам аралашиб қолади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшоҳнинг қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, жасаднинг қолган қисми ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, у парча гўшт қалбдир”».
Ушбу ҳадиси муборакда ҳам Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳаромдан сақланишга ва ҳалол йўлда юришга буюрмоқдалар. Киши дунёда обид (ибодатли) бўлмоқчи бўлса, аввал ҳаромдан сақланиши лозим. Чунки у ўзини Аллоҳнинг ҳақиқий бандаси деб биладиган бўлса, ҳаром қилган нарсаларни, гуноҳларни тарк қилиши лозим.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Еттита ҳалок қилувчилардан сақланинглар”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?” дейишди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк (шерик) келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдириш, лекин ҳақ билан (қасос йўлида) бўлса, жоиз, рибохўрлик, етимлар молини ейиш, уруш куни ортга қочиш, пок аёлларга зино билан туҳмат қилиш”, дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Ушбу ҳадиси шарифда санаб ўтилган буйруқларни бажариш шарт. Амал қилмаслик ёки уларни бузиш ҳаром саналади. Набий (алайҳиссалом) кишининг дунё ҳаётида бахтли ва охиратда Аллоҳ таоло марҳаматига сазовор бўлиши учун лозим бўлган амалларни, кўрсатмаларни очиқ ва равшан баён қилиб берганлар. Шундай бўлса-да, ушбу буйруқларга амал қилмайдиганлар ҳам учраб туради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир.
Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (ибодат билан бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир.
Улар: ”Парвардигоро, Ўзинг бизлардан жаҳаннам азобини даф этгин. Дарҳақиқат, унинг азоби ҳалокатлидир. Дарҳақиқат, у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон мақомдир, дейдиган кишилардир.
Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир.
Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа «илоҳ»га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар, қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир. Кимки тавба қилиб эзгу (ишларни) қилса, бас, албатта, у Аллоҳ (ризоси ва мағфирати)га қайтган бўлур. Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар. Уларга Парвардигорларининг оятлари эслатилган вақтида уларга (эҳтиром юзасидан) кар ва кўр ҳолларида йиқилмайдилар (балки уларга англаб-билиб амал қилурлар). Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” дейдиган кишилардир. Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир» (Фурқон, 63–76).
Ушбу ояти карималарда мустаҳкам имон ва чин ихлосли, солиҳ мўминларнинг яхши сифатлари мадҳ этилган. Гарчи улар тавсиф шаклида зикр этилган бўлса-да, барча мўмин-мусулмон уларни илоҳий тавсия, ҳатто буйруқ сифатида қабул қилишлари лозим.
Инсон доим ҳаромдан сақланиб, ҳалол яшашни ният қилса, у ҳалол ва ҳаром ўртасида турувчи шубҳалардан ҳам эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки ўша шубҳалар сабаб киши ҳаром ишларга қўл уриши ёки ўзи билмаган ҳолда шубҳаларга ўрганиб қолгани боис ҳаром ишни қилаётганини билмаслиги мумкин.
Мусулмон киши учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир ва улар ўртасида шубҳали ишлар бор. Кимки ўша шубҳаларга тушса, ҳаромга тушибди”, дея марҳамат қилган ҳадислари кифоядир. Чунки Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг кўрсатмалари кишининг дунё ва охиратда бахту саодатга эришишига кифоя қилади.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм