Уч қўмондоннинг шаҳид бўлиши тўғрисида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиндан хабар берганлари
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зайд, Жаъфар ва Ибн Равоҳани жиҳодга жўнатдилар. Байроқни Зайдга бердилар. Ҳаммаси шаҳид бўлди. Уларнинг ҳалок бўлгани хабари келмасдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда одамларга хабар бердилар: “Байроқни Зайд олди ва у ҳалок бўлди. Сўнг байроқни Жаъфар олди, у ҳам ҳалок бўлди. Ундан кейин байроқни Ибн Равоҳа олди, у ҳам ҳалок бўлди. Сўнг Аллоҳ таолонинг қиличларидан бири[1] байроқни олди, Аллоҳ таоло унга ғалаба берди”, дедилар»[2].
Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муъта ғазотида[3] Зайд ибн Ҳорисани амир этиб: “Агар Зайд ҳалок бўлса, Жаъфар, агар Жаъфар ҳалок бўлса, Ибн Равоҳа байроқдорлик қилсин”, дедилар[4]»[5].
[1] Аллоҳ таолонинг қиличи лақабини олган саҳоба Холид ибн Валид (муҳаррир).
[2] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий “Ғазотлар китоби”да ривоят қилган.
[3] Кичик ғазотларнинг бирида.
[4] Бу ерда ҳам ким ҳалок бўлишини кетма-кет айтиб башорат бермоқдалар (муҳаррир).
[5] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий ривояти.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган