Аллоҳ берганига рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан…
Мусулмон киши ҳаётида Аллоҳ таоло берган ҳаётга рози бўлиб яшаши лозим. Чунки инсон учун нима яхшию нима ёмон эканлигини уни яратган Раббиси яхшироқ билади.
«У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган Зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонидан (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир» (Мулк, 15).
Мусулмон киши яхшилаб фикр қилса, унинг дунёсида, ризқида Аллоҳ таоло ўзи кифоя қилувчи Зот эканини тушунади. Аллоҳ таоло ҳар бир бандасининг ризқини ўзи ўйламаган тарафдан етказиб қўяди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир» (Ҳуд, 6).
Иброҳим (алайҳиссалом)дан: “Аллоҳ таоло сизни нима учун халил (дўст) деди?”, деб сўрашди.
У зот: “Аллоҳ таоло мени уч нарса туфайли Ўзига дўст қилди: биринчиси, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани бошқа нарсалардан афзал билдим. Иккинчиси, Аллоҳ таоло ризқим борасида зиммасига олган нарсалардан ғам чекмадим. Учинчиси, эрталаб ва кечқурун фақат меҳмон билан таомландим”, деб жавоб берганлар.
Иброҳим Адҳам ғам чекиб ўтирган кишини кўриб унга: “Нима учун ғамгинсан? Сендан уч нарсани сўрайман, менга жавоб бер”, дедилар.
У киши рози бўлди.
Иброҳим Адҳам: “Ушбу борлиқда Аллоҳ таоло хоҳламаган бирор нарса бўладими?”
Киши: “Йўқ”.
Иброҳим Адҳам: “Аллоҳ таоло тақдир қилиб қўйган ризқингдан бирор қисм озаядими?”
Киши: “Йўқ”.
Иброҳим Адҳам: “Аллоҳ таоло ёзиб қўйган ҳаётинг борасида бирор нарса сен сабабли ўзгарадими?”
Киши: “Йўқ”.
Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса нега ғам чекяпсан?” дедилар.
Инсон ҳаётида ҳалол-пок юриши, Аллоҳ тақдир қилган ҳаётга рози бўлиши учун бирор касбни ушлаши лозим. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ҳамма пайғамбар ҳам бирор касб эгалари бўлганлар. Одам (алайҳиссалом) деҳқон, Идрис (алайҳиссалом), гарчи ўзлари ҳаким зот бўлсалар-да, тикувчилик билан шуғулланганлар. Шу билан бирга, биринчи кийим тиккан ва биринчи тикилган нарсани кийган киши бўлганлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) тижорат билан шуғулланганлар.
Биз уммати Муҳаммад (алайҳиссалом)га лозим бўладиган нарсаларнинг энг афзали ҳаёт чоғимизда доим ҳалол ризқ қидиришимиз ва Аллоҳ таоло тақдир қилган ҳаётга рози бўлиб яшамоғимиз лозим. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зотдир, унга нима яхши-ю, нима ёмон эканини Ўзи яхши билади. Шунинг учун бизнинг ризқимизни Ўз зиммасига олган Зотдан рози бўлиб яшамоғимиз лозимдир.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм