Аср ютуқлари маънавиятга хизмат қилсин
XXI аср замонадош ёшлар ҳаётига сезиларли ўзгаришлар кириб келди. Ўтган аср болалари мактаб, турли тўгараклар ва спорт марказларига чопган ҳамда вақтини шу каби машғулотлар билан мазмунли ўтказган бўлса, бугунги ёшларнинг қизиқиши бошқача. Энди уларнинг кўпчилиги интернет кафелари, техника воситалари сотиладиган жойлар, компьютер ўйинлари марказларига интилмоқдалар.
Улар интернет тармоғига уланиш, янги ахборотларни олиш ва ўзаро дисклар, флешкалар, ахборотларни сақлаш, ташиш воситаларидан имкон борича тез фойдаланишга ҳамда қизиқиши доирасидаги дўстлари билан янгиликларни ўртоқлашишга шошилмоқда. Замонавий технологиялар, бир қанча вазифалар ва қулайликларга эга уяли телефон, интернет, турли мавзулардаги видеофилмлар туширилган дисклар ҳозирги ёшларнинг диққат марказида.
Уяли телефон тажовузи
Баъзи ота-оналарга мурожаат қилсак, фарзандининг ёш бўлишига қарамай, уяли телефондан бемалол фойдалана олишини кўриб, хурсанд бўлишини айтади. Лекин уларнинг кўпи болалари телефон орқали нималар билан машғуллигини билмайди, тўғрироғи, назорат қилмайди. Болакай эса қўлида телефон, истаган, қизиққан маълумотларини ўртоқларидан кўчириб олиши ва ундан “завқланиши” мумкин. Шу тариқа, телефонга тушган ҳар хил бемаъни, ёшига мос бўлмаган маълумотлар ҳам боланинг онгини заҳарламоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда уяли телефон орқали ҳаёсиз филмларни тайёрлаш ва тарқатиш тез ривожланмоқда. Ҳозир ҳатто интернет ҳам ҳаёсиз ва зўравонлик акс этган филмлар, тасвирларни тарқатишда уяли телефондан ортда қолмоқда. Бу эса дунё мамлакатларини жиддий ташвишга соляпти. Қатор давлатлар жамиятда, айниқса, ёшлар орасида одоб-ахлоқ меъёрларининг бузилишига йўл қўймаслик мақсадида кескин чораларни қўллашга мажбур бўлмоқда. Хитой ҳаёсиз маҳсулотларни нафақат интернет, балки телефон орқали тарқатишга қарши кенг қамровли кураш ҳаракатларини бошлаб юборди. Австралияда эса ҳаёсиз маҳсулотларнинг интернет, қўл телефонлари ёки бошқа воситаларда тарқатилиши қатъий тақиқланиб, бу борада махсус қонун қабул қилинган.
Мактаб ўқувчиларини тармоққа улашда аппаратнинг турига қараб, белгиланган меъёрлар асосида фақат оддийларига улаш керак. Яъни, уларда камера, диктофон, флеш карта, “bluetooth” бўлмаслиги керак. Ўқувчиларга фақат кириш-чиқиш қўнғироқларини қабул қилувчи ва хабар йўлловчи аппаратлардангина фойдаланишга рухсат бериш лозим.
Интернет ва уяли телефондан
фойдаланиш одоблари
Аллоҳ таолонинг бандаларга ато қилган неъматлари сон-саноқсиз ва беқиёсдир. Инсон дунёга келаркан, унга одамийлик ва имон каби бебаҳо неъмат тортиқ қилинади. Шунингдек, қўл, оёқ, бош, кўз, тил, тиш ҳамда инсоннинг ички аъзолари Аллоҳ таолонинг буюк инъомидир. Шу билан бир қаторда бандага берилган олий неъмат бу – Ватан, она юрт муҳаббатидир. Мустақиллик, тинчлик-осойишталик, хотиржамлик кабилар шулар жумласидан. Ушбу инъомлар шу даражада кўпки, уни ҳисоблаш мушкул. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“…Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…” (Иброҳим, 34).
Ҳар бир жамият тараққиётнинг юқори чўққиларини забт этиши учун, албатта, ёш авлод барча соҳаларда билимга эга бўлиши лозим. Ёшларни юксак маънавият ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш барчамизнинг вазифамиздир. Жамиятнинг энг кичик бўғими бу оиладир. Ёш авлод маънавиятнинг биринчи босқичини оиладан, ота-онадан олади. Оилада фарзандга ота-она масъулдир. Ота-она фарзанднинг соғлиги, кийим-кечаги, хулқу одоби, бир сўз билан айтганда, маънавиятига эътибор бериб, уни назорат қилиши лозим. Чунки ота-она фарзандини тарбиялаб, эл-юртини гуллатиб яшнатадиган ёки эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли арзимаган маблағга орини, имонини, Ватанини сотадиган кимсани жамиятга тақдим этади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир фарзанд ислом фитратида туғилади. Ота-онаси уни яҳудий, насроний ё мажусий қилиб тарбиялайди…”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Вақт бебаҳо неъмат. Ёшлар вақтни ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланишлари лозим. Вақт нечоғли қадр-қимматга эгалигини билмаган ёшлар, илм олиб, ҳунар ўрганадиган, одоб ва ҳусни хулқни ўзида жамлаб камолот ҳосил қилинадиган фурсатларни интернет кафеларда, турли-туман виртуал ўйингоҳларда ўтказмоқда. Соатлаб уяли телефонларда беҳуда гаплашиб, умрни зое қилмоқда. Ота-она фарзандини тарбия қилишнинг биринчи босқичида унинг бекор қолмаслигини таъминласин! Чунки бекорчилик энг зарарли иллат, инсон ҳаётини барбод қилувчи офатдир. Бекорчи одам на ўзига, на оиласига, на қўни-қўшниси, маҳалла-кўйи, эл-юрти, халқи, Ватанига фойдаси тегади. Бир бекорчи бутун жамиятга зарар келтиради. Интернет, виртуал ўйинлар ва замонавий уяли телефонлар ёш авлоднинг дангаса ва ишёқмас бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Албатта, бир чўпни икки учи бўлганидек, мазкур воситаларнинг фойдали жиҳатлари ҳам кўп. Ота-оналар фарзандларига интернет ва уяли телефонлардан унумли фойдаланиш ва уни одобларини ўргатиши ҳамда доимо фарзандларни назорат қилиб туриши керак. Интернетдан фойдаланувчи қуйидаги одобларга риоя этиши лозим:
- Яхши ният қилиш
Муқаддас динимизда ҳар бир амални ният билан ибодатга айлантириш мумкин. Шунинг учун интернетдан Ислом шариатида кўрсатилганидек, ҳалол бўлмаган нарсалардан тийилишни ният қилиб фойдаланиш керак.
- Аллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, Бисмиллоҳ билан иш бошлаш
Интернетга киришдан олдин “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” ва “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”, дейиши лозим.
- Вақтни зое қилмаслик
Интернетдан фойдаланувчилар кўпинча мазкур одобга амал қилмайдилар. Соатлаб интернетга кириб, компьютер олдида ўтиради. Натижада турли хил касалликларга чалинадилар. Интернетга киришдан олдин вақтнинг ҳар лаҳзаси ҳисобли экани, умрни ғанимат билиш керак. Шунингдек, қиёмат куни олинган ҳар нафасдан сўралиши ҳақида чуқур ўйлаб кўриши керак.
- Интернетдан фойдаланишда мақсадни аниқ қилиб олиш
Тадбирни чиройли қилган инсон, муродига тезроқ етади. Интернетга киришдан олдин мақсадни аниқлаб олиб, кейин иш бошлаш лозим. Зарур бўлган маълумот, фотосурат, видеоролик ёки сайт номи кабилар шулар жумласидан.
- Ислом шариатида рухсат берилган воситалардан фойдаланиш
Интернетда ўқиладиган маълумот, кўриладиган фотосурат ёки видеоролик, эшитиладиган нарсаларнинг барчаси муқаддас динимизда рухсат берилган нарсалар бўлиши керак.
- Интернетда бошқаларнинг ҳақига риоя этиш
Кўчириб олиш мумкин бўлмаган нарсаларни кўчирмаслик, турли маълумотларни олиб манбасини кўрсатиш, бошқаларнинг маънавий-маърифий ҳуқуқига риоя этиш лозим.
- Бошқа одамнинг интернетидан рухсатсиз фойдаланмаслик
Бугунги кунда интернет тармоқлар жудаям ривожланиб уларни турлари ҳам кўпайиб кетди. Бошқа одамнинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас. Шунингдек, ишхоналарда ҳам интернетдан ўз манфаати учун рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас.
- Ижтимоий тармоқда муомала одобларига риоя қилиш
Бугунги кунда “facebook”, “instagram”, “twitter”, “telegram” “Imo” каби ижтимоий тармоқлар ҳамда турли хил форумлар кўпайиб бормоқда. Ушу тармоқларда шарҳ қолдириш, бевосита икки ёки бир неча шахслар ёзма мулоқотда бўлиши мумкин. Мулоқот давомида форумларга изоҳ ёзиш, ижтимоий сайтларда шарҳ қолдириш асносида муомала одобларига риоя этиш лозим.
Уяли телефоннинг ўзига хос одоблари мавжуд. Уяли телефон орқали суҳбатда аввал саломбериш, телефонда сабабсиз узоқ гаплашмаслик, суҳбатдошни ҳолатини эътиборга олиш, рақамни аниқ териш, жавоб бермаса қўнғироқни уч мартадан оширмаслик, суҳбатни ёзиб олмаслик, бошқаларнинг телефонини текширмаслик, фотосурат ва видео роликларини кўрмаслик, хат (смс)ларини ўқимаслик, бошқаларнинг олдида апарат овоз кучайтиргичини ёқмаслик, телефон хотирасига шариат рухсат бермаган нарсаларни юкламаслик, суҳбат давомида муомала маданиятига риоя этиш, чақирув сигнали сифатида Қуръон қироати ва азон товушини қўйиш муқлоқо мумкин эмас.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур интернет ва уяли телефонлардан фойдаланишнинг одобларини аввал ота-оналар ўзларида мужассам қилиб, сўнгра уни фарзандларига ўргатишлари бугунги кун вазифасидир. Болалар интернетдан фойдаланишни дўстларидан, интернет кафеларда ўрганмасин! Ота-оналар фарзандларига интернетдан қандай фойдаланиш кераклигини ўргатсинлар. Қайси сайтга кириш мумкинлигини билсин, зарарли сайтларга қарши иммунитет ҳосил қилсин. Чунки бугунги кунда кўпчилик ёшлар ўзлари билмаган ҳолда интернетда миссионерлар, адашган оқимлар тузоғига илиниб қолмоқдалар. Ота-она фарзандларни алоҳида хонада компьютер ишлатишига, интернетдан фойдаланишига йўл қўймасин! Барча нарсалар ҳамманинг кўз ўнгида турсин, болалар ҳам шу ерда фойдалансин! Шунингдек, уяли алоқа одобларини ўзларининг телефон мулоқотлари, суҳбатлари орқали болаларга ўргатсинлар! Чунки болалар кўп нарсани кўриб ўрганадилар.
Интернет ёвузлик тўрими?
Бугунги ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Шубҳасиз, интернет давримизнинг энг буюк ихтироларидан бири. Катта-кичик, ҳар ким унинг хизматидан фойдаланиши мумкин. Бироқ гап ким қандай фойдаланишига боғлиқ. Ҳозир тўрт-беш яшар бола ҳам компютердан бемалол фойдаланиши, эртадан-кечгача “автопойга” ўйнаши ёки “жангари филм иштирокчиси”га айланиши мумкин. Бир қарашда бунинг ёмон жойи йўқдек. Боланинг уқуви кучаяди, кўпроқ ахборот олади. Бироқ бу нарса одат тусига кирса, нохуш оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.
Агар ўтган асрнинг 90-йилларида ёшларнинг энг севимли машғулотлари мусиқа тинглаш ва телекўрсатувлар кўриш бўлса, айни кунда компютер ва интернет олдинги қизиқишларни ёш авлод ҳаётидан сиқиб чиқарди. Ҳозирги замон ёшлари қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида сўз юритганида, спорт, дўстлар билан суҳбатлашиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда компютер технологиялари ва интернетга бўлган қизиқишларини биринчи ўринда тилга олади.
Сўнгги илмий текширувлар натижаларига кўра, бутун дунё тармоғига уланаётган ёш болаларнинг сони кун эмас, соат сайин ошмоқда. 2007 йил Европада ўсиб келаётган ёш авлод вакилининг учдан бир қисми онлайн тизимида бўлиши кузатилди. 2010 йил дунё тармоғида 10 миллион ёшлар “сайр қилган” бўлса, ҳозир уларнинг сони аллақачон 15 миллионга етган. Кундан кунга интернетдан фойдаланувчи оилалалар, фарзандлар сони кўпаймоқда. Бундай ёшларнинг катта қисми – 4,5 миллиондан ортиғи Буюк Британияга тўғри келади. Улар ҳар куни электрон манзилларини текширишади, турли хил сайтлардан маълумот излайди ва чат орқали мулоқотда бўлишади. Германияда ҳозирча 3 миллиондан ва Францияда 1,5 миллиондан ортиқ ёшлар вақтини асосан онлайн тизимида ўтказади.
Яна бир муҳим маълумот: “Болаларни асрайлик” (Save the Children) халқаро ҳуқуқий ташкилоти ўтказган сўровномалар натижасидан маълум бўлдики, АҚШдаги 15-17 яшар ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи мунтазам равишда интернетдан фойдаланади.
Дарҳақиқат, бугун интернетдан фойдаланувчиларнинг деярли барчаси ёшларни ташкил этади. Тадқиқотлар натижаларидан шу маълум бўлдики, ҳозир мактаб ёшидаги болалар ҳам интернетдан тобора эрта фойдаланишмоқда.
Ёшларнинг интернетдан фойдаланиши ҳақида сўз юритар эканмиз, юқорида тилга олинган ҳолат – интернетдаги танишувлар, SMS, чатларга тўхталиб ўтамиз. Алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай интернетаро ёзишувлар ёшлар ўртасида бугун кенг оммалашиб бормоқда, аста-секинлик билан чатга кирган ёшлар асосий вақтини ёзишмаларга сарфлаб, SMSларга, бу орқали интернетга муккасидан кетмоқда. Америкалик тадқиқотчиларнинг огоҳлантиришларича, SMSга бундай муккадан берилиш ўсмирлар соғлиғи, шунингдек, хулқ-атвори билан алоқадор бўлиши мумкин экан.
Тадқиқот ўтказилган ёшлардан 20 фоизи SMSга “ўта муккасидан кетганлар” тоифасига кириб, кунига 120 дан кўпроқ хабар жўнатар экан. Улар орасида, шунингдек, спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, гиёҳвандлик ва шаҳвоний амалларга берилиш ҳам кўп учрар экан. Интернетдаги ижтимоиий тармоқларда кунига уч соатдан кўпроқ “ўтирган” ўсмирлар орасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Ушбу тадқиқот шундан далолат берадики, SMSга, интернет ижтимоий тармоқларига берилиб кетиш ҳолатини назардан қочириш ўсмирлар соғлиғига хавфли таъсир ўтказиши мумкин. Ана шу ҳолат SMS ё интернет ижтимоий тармоғидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланувчиларнинг ичкилик ва тамакига кўпроқ берилиб кетиши сабабларига ҳам ойдинлик киритади.
Қобилиятни тўғри сарфлаш
Инсон мияси жуда катта имкониятларга эга. Мутахассисларнинг фикрича, инсон миясида 16-17 миллиардгача нерв ҳужайралари бўлиб, одам боласи унинг ўртача 3, нари борса 4 ёки 6 фоизидан фойдаланиши мумкин экан. Аммо инсон мияси чексиз ўлчовдаги ахборотларни қисқа вақт ичида қабул қилганида кучли руҳий толиқишга учраши мумкин. Инсон ихтиро қилган компютер 80 мегабайтдан 1000 мегабайтгача ахборотни қабул қила олган ҳолда, инсоннинг ўзи ҳар доим ҳам ана шундай имкониятларга эга бўлолмаслиги мумкин.
Бугунги тезкор ривожланишлар жараёнида ахборот тарқатишнинг энг замонавий ва самарали таъсирчан воситалари кашф этилмоқдаки, улар олдида ўқитувчининг маърузалари зерикарли тусга кириб қолди. Бугунги кун боласи компютер, интернет, кўп каналли телекўрсатувлар, видео, турли дисклар каби воситаларга “асир” бўлиб қолди, айримларининг кўнгли ўқишдан совиб бормоқда. Ачинарлиси, ахборот тарқатиш воситаларидан берилаётган ахборот ва маълумотлар оқими ёшлар томонидан тўғридан-тўғри “филтрлашсиз” қабул қилиняпти, бу эса улар онгини заҳарлаб, маънавий-ахлоқий дунёсини заифлаштирмоқда. Бу каби зарарли ҳолатларнинг олдини олиш учун маънавий тарбияни оиладан, яъни боланинг илк тасаввурлари, тушунчалари шаклланган даврдан бошлаш мақсадга мувофиқдир.
Ноқонуний дисклар савдоси
Глобаллашув илм-фан, техника тараққиётини жадаллаштириш билан бирга, афсуски, инсоний тушунчаларга, эзгу қадриятларга зид бўлган “оммавий маданият” ниқоби остидаги иллатларнинг кучайишига ҳам хизмат қилаётгани сир эмас. “Оммавий маданият” бизнинг ўзлигимизга, эзгу анъаналаримизга раҳна солишга уринаётгани кишини ташвишлантиради. Айрим кимсаларнинг мўмай пул илинжида шарм-ҳаёсизлик, лоқайдлик, ваҳшийлик, бир сўз билан айтсак, ёвузликни тарғиб қилувчи дисклар савдоси билан шуғулланаётгани барчамизни сергак торттириши керак. Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда муайян ишлар олиб борилмоқда.
Ёшлар ўртасида учраётган иллатларнинг пайдо бўлиши ва илдиз отишида ноқонуний дисклар савдосининг кучли таъсири бор. Бундай қонунбузарликларнинг олдини олиш, кино-видео маҳсулотларини ёзиш, ижарага бериш ва сотиш бўйича фаолиятни тартибга солиш мақсадида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Киновидео маҳсулотларни ишлаб чиқариш, кўпайтириш, дубляж қилиш, сотиш ва уларнинг прокати бўйича фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда бу борадаги тартиб-қоидалар аниқ белгиланган.
Кино-видео маҳсулотларнинг ноқонуний савдоси, айниқса, бозорлар, аҳоли гавжум масканларда кўпаймоқда. Айрим бозорлар маъмурияти, мутасадди идораларнинг бу ҳолатларга эътиборсиз қарашига йўл қўйиб бўлмайди.
Фарзандларимизни турли таҳдидлардан, хусусан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги мафкуравий хуружлардан асраш, уларга тўғри йўл кўрсатиш учун ҳаммамиз, ҳар биримиз доимо ҳушёр, огоҳ ва сезгир бўлишимиз керак.
Матбуотда ахлоқ меъёрларини сақлаш
Табиийки, глобаллашув жараёни оммавий ахборот воситаларига ҳам таъсир этмай қолмайди. Бугунги кунда телевидение том маънода “ойнаи жаҳон”га айланган. Сунъий йўлдош орқали мингта канални бемалол томоша қилса бўлади. Ҳар бир халқнинг маънавий қадриятлари ўзи учун азиз, уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Шу билан бирга, бир халқ удуми иккинчисиникига мос келмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолда ҳар ким ўз миллийлигини ёт таъсирдан ҳимоя қилишга ҳақлидир.
Айрим чет эл оммавий ахборот воситалари учун одатий ҳисобланган шундай нарсалар борки, улар бизнинг газетхон ёки телетомошабин учун қадриятларимизни оёқости қиладиган, маънавиятимизни ҳақоратлайдиган тушунчалар бўлиши мумкин. Бунга ўнлаб мисоллар келтирса бўлади. Афсуски, “у ёқдагилар”нинг турмуш тарзини ифодаловчи, биз учун эса мутлақо ёт нарсалар ўзимиздаги оммавий ахборот воситаларида ҳам пайдо бўлмоқда.
Глобаллашув ўзликни йўқотиш эмас
Албатта, глобаллашув бутун дунёда рўй бераётган, орқага қайтмайдиган жараён. Бошқа мамлакатлар қатори биз учун ҳам зарурий. Лекин у бирёқлама бўлмаслиги керак. Глобаллашув миллий ўзликни йўқотиш дегани эмас! Дунё тамаддуни турли халқларнинг ўзига хос анъаналари, маданияти, маънавий қадриятлари билан гўзал ва бой ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири яшаш ва равнақ топишга ҳақли. Лекин қайсидир давлат ёки давлатлар, қайсидир халқ ёки халқлар глобаллашувни ўз менталитетидан келиб чиқиб ўзгаларга тиқиштириши адолатдан эмас. У ҳолда бу жараён бир томондан фойда қилса, иккинчи тарафдан жиддий зарар келтириши, асрий қадриятларга шикаст етказиши, халқ ўз илдизидан айрилган “омма”га, миллат ўз қиёфасини йўқотган “манқурт”га айланиб қолиши эҳтимолдан узоқ эмас. Бундай хатарга йўл қўймасликнинг чораси битта: ўзгалар қадриятини камситмаган ҳолда ўз қадриятларимизни маҳкам туриб ҳимоя қилишимиз, лозим бўлса, жумла жаҳонга кўрсатишимиз керак.
“Одамлар оловга ўхшайди, – деган эди донишмандлардан бири, – иссиғидан баҳра олу куйдиришидан эҳтиёт бўл”. Тараққиёт мевалари ҳам худди шундай, ундан қўрқиш эмас, фақат тўғри фойдалана билиш керак. Қандай мақсадда қўлласангиз, ўша тарафга етаклайди.
Мамлакатимизда бошланган барча эзгу ишлардан кўзланган асосий мақсад – юртимиз салоҳиятини ошириш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, озод ва обод Ватан пойдеворини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган. Ёшларимизнинг ўқиб-ўрганиб, замонавий илмларни эгаллаган, соғлом ва маънавий етук авлод бўлиб вояга етиши йўлида кенг кўламли ишлар қилиняпти, зарур шароитлар яратиляпти.
Ҳар йили миллионлаб маблағ сарфланиб, замонавий мактаб ва коллежлар қурилмоқда, улар энг сўнгги русумдаги ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланмоқда. Шундай экан, давлатимиз фарзандларимиз истиқболи учун муттасил қайғураётган бир пайтда тарбияни издан чиқарувчи, маънавиятини кемирувчи ҳар қандай ёт таъсирлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш, дунёда кечаётган ахборот таҳдидига қарши ёшларимизда соғлом иммунитетни шакллантириш, огоҳликни бир дақиқа бўлсин қўлдан бой бермаслик – бугун сув ва ҳаводек муҳим заруратга айланган.
Зарурий чоралар – тарбиянинг муҳим воситаси
Ёшларимизни замона талабларига тўлиқ жавоб берадиган, ҳар томонлама баркамол шахслар этиб вояга етказиш мақсадида болалар ва ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, улар баркамол бўлиб вояга етишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва замон талабларига мослаштириш ишлари амалга оширилди.
Шу мақсадда бир қатор янги қонунлар қабул қилинди, амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, «Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги профилактикаси тўғрисида»ги, «Алкоголли ичимликлар ва тамаки тарқатилиши ҳамда 20 ёшга тўлмаган шахслар томонидан алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ва тамаки чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонунлар ишлаб чиқилди.
«Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ушбу масалалар билан шуғулланувчи тизим органлари ва муассасаларини аниқ белгилаш, улар фаолиятининг асосий вазифалари, принциплари ва йўналишларини тартибга солиш, шунингдек, алоҳида эътиборни талаб қилувчи вояга етмаганлар ва оилалар билан якка тартибдаги тарғибот ишларини ташкил этиш асослари ва тартиби, вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштириш тартиби ва асослари, ижтимоий хавфли ҳолатдаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳамда педагогик билимини ошириш ва бошқа масалалар ечимига қаратилган.
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун эса, ёшлар ўртасида жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, уларнинг ғайриижтимоий хатти-ҳаракатининг олдини олишга қаратилган бўлиб, унда вояга етмаганларни тунги вақтда ота-онасидан бирининг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз ресторанларга, кафеларга, барларга, дискотекаларга, кинотеатрларга, интернет ва компютер залларига, кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган бошқа биноларга киритгани учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши кўзда тутилган. Мазкур қонун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция 31-моддасининг: «Иштирокчи давлатлар боланинг дам олиш ва бўш вақтини ўтказиш ҳуқуқини, ўзининг ёшига мос келадиган ўйинлар ва кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш, маданий ҳаётда эркин қатнашиш, санъат билан шуғулланиш ҳуқуқини эътироф этадилар», – дейилган нормасига ҳамоҳангдир.
Жаҳондаги кўпгина давлатларда вояга етмаганларнинг тунги вақтда кўнгилочар тадбирларда иштироки масаласи қонунан мустаҳкамланган бўлиб, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик белгиланган. Жумладан, 2009 йили Россия Федерациясида бола ҳуқуқлари асосий кафолатлари тўғрисидаги қонунга тегишли ўзгартиш ва кўшимчалар киритилиб, унда тунги вақт (22.00 дан 06.00 гача) тушунчаси, давлат органлари, маҳаллий органлари ҳамда ота-оналарнинг болаларни соғлом ва маънавий етук этиб тарбиялаш борасидаги мажбуриятлари, шунингдек, 18 ёшга тўлмаган шахсларни тунги вақтда катта ёшдагилар кузатувисиз жамоат жойларига, стадионларга, ресторанларга, кафеларга, барларга, интернет ва компютер залларига, кўнгилочар тадбирлар ўтказиладиган жойларга бориши, жамоат транспортида юришига чеклов белгиланган ҳамда маъмурий жавобгарлик жорий этилиши кўзда тутилган. Германиянинг 2002 йил 23 июлдаги «Ёшлар муҳофазаси тўғрисида»ги Қонунида 18 ёшга тўлмаган болаларни тунги бар ва клубларда, кўнгилочар ўйин залларида ва шунга ўхшаш жойларда бўлиши тақиқланган.
Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар содир этиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисида қонунлар қабул қилингани болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 20000 сўм