“Муаллими Соний” янги талқинда
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида Алижон қори Файзуллоҳ ўғли иштирокидаги “Муаллими Соний” видео қўлланмаси ва мобил иловаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда диний идора ходимлари, устоз-мураббийлар ва яна кўплаб Қуръон мухлислари қатнашишди. Меҳмонлар кўпчиликни ташкил қилгани сабабли тадбир ташқарига катта монитор орқали узатиб берилди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Нозимжон Иминжонов олиб борди. Дастлаб, анжуман Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тиловатни моҳир қориларимиздан Зайниддин қори Усмон қилиб берди. Шундан сўнг табрик учун сўз навбати Эрдон домла Эсоновга берилди. Домла мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳамда унинг сабабчиси Алижон қори Файзуллоҳ ўғлининг қироат йўналишидаги самарали изланишлари ва фидойилиги тўғрисида илиқ фикрларни билдирди. Шунингдек, Мусулмонлар диний идораси жамоаси, хусусан, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг табрикларини етказиб, Алижон қори Файзуллоҳ ўғлини муборакбод этди.
Навбатдаги табрик сўзи Абдулҳаким қорака Матқулов томонидан билдирилди. У киши юртимизда Қуръони каримга, қироат илмига берилаётган эътибор ҳақида гўзал сўзларни айтди. Мазкур анжуманни ҳам ана шу эътибор самараси сифатида эътироф этди. Қуръон ўрганишда халқимизга ўзининг узоқ йиллик изланишлари ва тажрибаларини тақдим этаётган шайх Алижон қорига ташаккур айтиб, бу қувончли ҳодиса билан у кишини табриклади.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси катта устози Бурҳониддин домла Аҳмедов, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири, Қуръон қироати ва тажвид илми фани устози Жаҳонгир домла Неъматовлар сўзга чиқишди. Улар ҳам муаллиф ҳақида илиқ фикрларни бидиришиб, бу хайрли ишда муваффақиятлар тилашди.
“Муаллими Соний” видео қўлланмасининг аҳамияти ва афзалликлари ҳамда ундан фойдаланиш йўл-йўриқлари ҳақида шайх Алижон қорининг ўзи бир қанча мисоллар билан баён қилиб берди. “AlQuran” мобил иловаси ҳақида эса Санжар Носирбеков тўхталиб ўтди.
Анжуман ўта фойдали ва қизғин тарзда ўтди. Ташқарига қўйилган монитор атрофида юзлаб одамлар жамланди. Тадбир якунида шайх Алижон қори Файзуллоҳ ўғли Қуръон тиловат қилиб берди. Йиғилганлар шайхнинг гўзал қироатидан баҳраманд бўлишди. Абдулҳаким қорака Матқулов хайрли дуолари билан анжуманга якун ясади.
Шу ўринда шайх Алижон қори Файзуллоҳ ўғли ҳақида қисқача маълумот. У 1976 йилда Жиззах вилоятида таваллуд топган. 1995 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар университетига ўқишга юборилган. 1998 йил Ал-Азҳар университетининг эъдодия (тайёрлов) бўлимини, 2001 йилда эса Санавия (бошланғич) бўлимини тамомлаган.
2002-2007 йилларда Ал-Азҳар университетининг Шариат ва қонун куллиётида таълим олган. 2008-2012 йилларда шайх Аҳмад Ийсо ал-Маъсоровий номидаги улумул Қуръон ва қироат илмларига ихтисослашган илм даргоҳида таҳсил олган.
Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли Қуръони карим ва қироат илмидан таҳсил олган устозлари профессор аллома шайх Аббос ал-Мисрий, шайх Али Шуъайб Шарковий, шайх Муҳаммад Имом Шофий, шайх Аҳмад Саййид Қилиний, шайх Набил ибн Абдулқодир ал-Доғфали ал-Жазоирий кабилар ҳисобланади.
Алижон қори ҳозирда Ал-Азҳар университетининг даъват факультети 4-курс талабаси ҳисобланади.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ