Қўли қонга ботган фирқалар
Қурол кўтариб ноҳақ қон тўккан, мусулмонларга қарши чиққан, уларни ўлдирган ва хўрлаган тоифаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг раҳматидан бенасибдирлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аҳли китоблар етмиш икки фирқага бўлинишган эди. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифда Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуски, бу гаплар ўз исботини топди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар орасида ҳам турли-туман фирқалар пайдо бўлди.
Ҳадисда зикр қилинган фирқалардан мурод ақидавий фирқалардир, фиқҳий мазҳаблар эмас. Эътиқоддаги бўлиниш фирқаланиш деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Ақида китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидагилар ташкил этиши қайд этилган: 1) равофизлар; 2) жаҳмийлар (улар, асосан, Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий қилиш, амалдан қолдириш билан машҳур); 3) ҳарурийлар (хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар); 4) муржиъийлар (“Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ”, деганлар); 5) қадарийлар (қазои қадарни инкор қилишади); 6) жабрийлар (“Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унда ихтиёри йўқ”, дейишади).
Булардан ташқари, яна бошқа фирқалар ҳам бўлиб, улар ўзаро талашиб-тортишиб, мусулмонларнинг бошига мисли кўрилмаган кулфатларни солмоқда. Булар сирасига ИШИД, “Ал-Қоида”, “Боко ҳарам” каби қўли қонга ботган фирқалар ҳам киради.
Имом Абу Довуд ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали каби, ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради”, деган сўзларини зиёда қилган.
Бунда мазкур фирқаларнинг умумий сифатлари келтирилмоқда. Уларнинг барчаси кибр-ҳавога учрайдилар. Худди қутурган ит тишлаб, қутуриб қолган одам ҳолига тушадилар. Тафриқачилик уларнинг қон-қонига сингиб кетади. Мўмин-мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа нарса кўзларига кўринмай қолади. Худди шундай вазиятга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ҳадис сўнгида “…биттаси жаннатда. У – жамоатдир”, дейилган. Бу саодатли тоифа “Аҳли сунна ва жамоа” номини олган, яъни эътиқод бобида суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасидир.
Алҳамдулиллаҳ, юртимиз мўмин-мусулмонлари доимо аҳли суннадан бўлиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади, иншоаллоҳ.
Ислом динида одамлар орасига совуқчилик тушириш, фитна сўқиш қатъий қораланади ва низоларни бартараф этиш ибодат даражасига кўтарилган. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нафл намоз ўқиш, нафл рўза тутиш ва нафл садақа беришдан ҳам фазилатли амалнинг хабарини берайинми?” дедилар. Саҳобалар: “Албатта (айтинг)”, дейишди. Шунда у зот: “Икки киши орасини ислоҳ қилишдир. Икки киши орасининг бузилиши диннинг асосини йуқотади”, дедилар.
Мухтасар айтганда, динимиз ўз номи билан тинчликни, хотиржамликни, ўзаро аҳил-иноқ, тинч-тотув яшашни тарғиб қилади. Демак, барча мўмин-мусулмонлар Исломнинг моҳиятини англаб, шунга асосан ҳаёт кечиришлари лозим.
Баҳодир УСМОНОВ
Янгийўл туманидаги “Пусур оқсоқол” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан