Мақсадимиз муҳтожларга кўмаклашишдир
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Қисқа вақт мобайнида фонд томонидан талай ишлар амалга оширилди. 2019 йилда қилинган хайрли ишлар ҳақида фонд раиси Искандар Халилов қуйидагиларни сўзлаб берди.
– “Вақф” фонди маблағларининг тушиши ва сарфланишида шаффофликни таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда барча тушумларни онлайн тарзда амалга ошириш учун биллинг тизими ўрнатилди. Барча тушум ва харажатлар маълумотларини “vaqf.uz” веб-сайтида кузатиб бориш имконияти яратилди.
Фонднинг жорий ҳисоб рақамларига 2019 йилда келиб тушган маблағлар миқдори 141 млрд. 482 млн. сўмни ташкил этди (27.12.2019 й. ҳолатига). Шу санадан буён “Вақф” фондининг жорий ҳисоб рақамларидан сарфланган маблағлар миқдори 137 млрд. 518 млн.сўмни ташкил этди. Фонд ҳисоб рақамларидаги умумий қолдиқ миқдори 2019 йил 27 декабрь ҳолатига кўра, 20 млрд. 262 млн. сўмни ташкил этди.
2018 ва 2019 йилларнинг иккинчи ярмидаги маблағлар айланмаси қиёсий таҳлил қилинадиган бўлса, 2018 йилнинг иккинчи ярмида тушумлар миқдори 48 млрд. 144 млн. сўм, харажатлар миқдори 31 млрд. 957 млн. сўм бўлган. 2019 йилнинг иккинчи ярмида эса тушумлар миқдори 70 млрд. 932 млн. сўм, харажатлар миқдори 79 млрд. 361 млн. сўмни ташкил этган.
Фонд томонидан амалга оширилаётган муҳим тадбирлардан бири юртимиздаги кўриш ва эшитишда нуқсонли аҳоли қатламига алоҳида эътибор қаратилаётганидир. .
Тошкент ислом институтида янги ташкил этилган “Модул” таълим тизими муносабати билан 60 ўринга мўлжалланган дарсхона, ўқув анжомлари, таълим дастгоҳлари, ошхона ва ётоқхона учун 190 млн. сўм маблағ сарфланди. 59 нафар имом-хатибга 190 млн. 777 минг сўм миқдорида тўлов-контракт маблағи ўтказиб берилди.
Сариосиё туманидаги “Боғи Обод”, “Себзор” ва “Эҳтиром” маҳаллаларида истиқомат қилаётган саккиз минг нафарга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Шунингдек, “Боғи Обод” маҳалласидаги “Ҳазрати Ҳожи домла” масжидига ҳам ичимлик суви тармоғи ўтказиб берилди. Шунингдек, «Вақф мулки ва обиҳаёт» акцияси доирасида Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига 2 км. масофадан ичимлик суви келтириб берилди. Мазкур ишларни амалга ошириш учун фонд томонидан 40 млн. сўм маблағ сарфланди.
Рамазон ойида қиймати 157 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат тўплам вилоятлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тарқатилди. 2 млрд. сўм закот ва хайрия маблағлари ҳақдорларга етказилди. Фонд томонидан тайёрланган қарийб 251 млн. сўмлик Рамазон совғалари юртимизнинг 14 та ҳудудига юборилди. Мурувват карвони ўн тўрт ҳудуд сари йўлга чиқиб, унда бир ярим минг муҳтож оилалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва 3000 дона Қуръони карим жой олди. Шунингдек, Туркия диёнат вақфи “Вақф” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамлари муносабати билан 411 млн. 353 минг 510 сўмлик хайрия ишларини амалга оширди.
Фонд томонидан октябрь ойидан бошлаб ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳомийлар жалб қилинган ҳолда “Вақф” саховати карвонини юбориш жорий қилинди. Ҳар бир ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчиси йўқ 100 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, ногирон шахсларга ногиронлик аравачаси тақдим қилинди.
“Меҳр-мурувват карвони” лойиҳаси бўйича 419 млн. 523 минг сўмлик хайрия ёрдами етказиб берилди. “Масжид ва мадрасалар учун китоб” акцияси доирасида ҳам республика масжидларига кўплаб китоблар берилди.
Тошкент вилояти Қибрай туманидан 16 гектар майдон ва бинолар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Вақф” фондига беғараз берилди. Ушбу ҳудудда қисқа муддат ичида нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи барпо этилиб, фаолият бошлади. Айни пайтда 9 турдаги нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, халқимизга тортиқ қилинмоқда.
Сурхондарё вилоятидаги “Ҳаким Термизий”зиёратгоҳи яқинида 70 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, унинг ҳудудида 1 та чойхона, 1 та ресторан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 августдаги фармойиши асосида республикадаги 189 та муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳ “Вақф” фондига бириктириб берилди. Ўтган йилда фонднинг республикадаги зиёратгоҳ ва қадамжоларидан “Зиёратгоҳлар” ҳисоб рақамига жами 25 млрд. 102 млн. 628 минг сўм маблағ келиб тушди. Ушбу ҳисоб рақамдан зиёратгоҳ ва филиалларни маъмурий харажатлари, зиёратгоҳларнинг қурилиши, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари, шунингдек, вақф мулклари қурилиши учун жами 20 млрд. 447 млн. 592 минг сўм маблағ сарфланди.
Бундай эзгу ишлардан кўзланган мақсад битта – Ҳақнинг ва халқнинг розилигига эришиш. .
Мухбиримиз ёзиб олди.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан