Икки дунё саодати
Давлатимиз раҳбари 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб атадилар. Дарҳақиқат, илм-маърифат икки дунё саодатидир. Шу маънода улуғларимиз айтадиларки, икки дунё саодатини қўлга киритиш учун ақлли бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Инсон ақлли бўлиш билан бирга илммаърифат талаб қилсагина, у икки дунё саодатини қўлга киритади. Шу сабабли Ислом дини барча мўмин-мусулмонларга илм-маърифат эгаллашни фарз қилди.
Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга: “Эй Сулаймон, сенга ҳукмронлик керакми ёки молдавлат?” – деб сўрайди. Сулаймон алайҳиссалом: “Ё Аллоҳ, менга ҳукмронлик ҳам, мол-давлат ҳам керак эмас, улардан афзали керак”, дейди. Аллоҳ таоло: “Эй Сулаймон, ўша афзал нарсани сўра”, деди.
Шунда Сулаймон алайҳиссалом: “Ё Аллоҳ, дунёга ҳукмронликдан ҳам, мол-давлатга эга бўлишдан ҳам мен учун афзал нарса илмдир. Менга илм бергин”, деди. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссалом сўраган нарсани, яъни илммаърифатни берди. Натижада у зот ер юзидаги барча инсжинсларга ҳукмрон, мол-мулкка ҳам эга бўлдилар.
Илм-маърифатли бўлиш инсон учун бахт. Донишмандлардан бири: “Инсоннинг бахтли экани орзу-ҳавасларга етишганида эмас, балки унга берилган неъматлар қийматини англаб етишидадир”, деган. Инсон ўзига берилган неъматларнинг қийматини билиши учун албатта илм-маърифатли бўлиши керак.
Илммаърифат инсон учун нажотдир. Бу ҳақда Имом Бухорий ҳазратлари: “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ”, деганлар. Зеро, маърифатсизлик инсоннинг мартабасини туширади. Динимизда илмсизлик, жоҳиллик қораланади. Жаҳолатдан қутулиш билан инсоннинг даражаси кўтарилади. Яратилиш аввалида ҳам Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга илм-маърифат ўргатди. Шу туфайли Одам алайҳиссаломнинг даражалари фаришталар даражасидан юқори бўлди. Илм-маърифат ҳосил қилиш, албатта, инсондан сабрбардошни талаб қилади. Машаққатларга сабр қилган инсон маърифат ҳосил қилгач, ўз халқига, давлатига чинакам ёрдамчи, фидойи бўлади. Хуллас, биз ҳамиша илмимизни зиёда қилиш ҳаракатида бўлишимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ва айтинг: “Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!”» (Тоҳо сураси, 114-оят).
Жамият аъзолари, ёшлар илммаърифат ҳосил қилишда бардавом бўлса, иншоаллоҳ, юртимиз тараққий этади, турмушимиз янада фаровон бўлади.
Раҳматилло УСМОНОВ
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 3-сонидан