Қўшнингга яхшилик қил, ҳақиқий мўмин бўласан…
Аллоҳ таоло инсониятнинг икки дунёсини ислоҳ қиладиган, инсонларни бу дунёда тартибга солиб турадиган, жуда гўзал, ҳикматона шаръий қонун-қоидаларни жорий қилган.
Ислом динининг мана шундай улуғ кўрсатма ва қонунларидан бири – жамиятдаги ҳар бир шахснинг ёнма-ён яшайдиган қўшнисига яхшилик қилишидир.
Чунки қўшниларнинг бир-бирлари билан алоқаларини яхшилаши ва бири бошқасига азият етказмаслиги зарурлиги, зулм қилиши ҳаром эканлиги улуғ шариатимиз кўрсатмаларида зикр қилиб ўтилган.
Қўшничилик муомаласининг ўзига хос жиҳати шундаки, жамиятдаги ҳар бир шахс қўшничилик масаласидан холи эмас. Яна бу масалани Аллоҳ таоло зикр қилиб, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзига қўшни бўлиб яшайдиган шахсга, у шахснинг дини, миллати, ирқидан қатъи назар, яхшилик қилишга буюради. Мана шунинг ўзи, қўшниларнинг бир-бирларига яхши муомалада бўлишларининг Қуръони каримда баён қилиниши қўшничилик алоқаси жуда муҳим эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 36-оятида Ислом таълимотларининг барчасини бир оятга жамлаб қўйгандек. Чунки мана шу биргина оятнинг ўзида Аллоҳ таолога ширк келтириш ҳаромлиги, ота-онага ва қариндош-уруғларга, етим ва мискинларга, қариндош қўшниларга, бегона қўшниларга, ёнингиздаги ҳамроҳга ва мусофирларга ҳамда қўл остидаги кишиларга яхшилик қилишга амр бордир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Аллоҳга бандалик қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо, 36).
Али ибн Абу Талҳа Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى дан мақсад қариндош бўлган қўшни, وَالْجَارِ الْجُنُب дан мақсад бегона қўшни деб тафсир қилганлар ва луғатда ҳам шундай маънодадир, деганлар.
Навф Шомий эса: وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى дан мақсад мусулмон қўшни, وَالْجَارِ الْجُنُبِ дан мақсад яҳудий ва насроний қўшнилар деб тафсир қилади.
Мазкур оятда Аллоҳ Ўзига ибодат қилиш, Унга ҳеч бир нарсани шерик келтирмаслик, ота-онага яхшилик, қариндошларга, етимларга, мискинларга ва бошқа яхшилик қилинишга энг ҳақли бўлганлар орасида қўшниларни ҳам алоҳида зикр қилган.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадим: “Менинг иккита қўшним бор, қайси бирига ҳадя қилай?” Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “У икки қўшнининг қайси бирининг эшиги яқин бўлса, ўшанисига биринчи ҳадя қилинг”, деб жавоб бердилар».
Бир гуруҳ уламолар юқоридаги Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг ҳадисларини ояти кариманинг тафсири деб айтишган.
وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى дан мақсад эшиги яқин бўлган қўшни.
وَالْجَارِ الْجُنُبِ дан мақсад эшиги узоқ бўлган қўшни, деганлар.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган тафсирни кўпгина улуғ тобеинлар ҳам ривоят қилган ва жумҳур муфассирлар ҳам шу тафсирни олишган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадиси шарифларида қўшничилик алоқаси, қўшниларнинг бир-бирига кўрсатиши лозим бўлган ёрдамлари ва жами қўшниларни бир-бировига меҳр-оқибатли бўлишга чақирадиган, аҳволларини ислоҳ қилувчи гўзал ишларга тарғиб қилиб, қўшничилик масаласи жуда муҳим эканлиги баён этилган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилиб айтадилар: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Жаброил менга қўшни тўғрисида (яъни, қўшнига яхшилик қилиш, қўшничилик ҳақларини адо қилиш, қўшнига азият бермаслик тўғрисида) доимий васият қиларди, ҳатто мен яқинда қўшни қўшнисига меросхўр бўлар экан-да, деган ўйга борардим”».
Қўшнининг ўз қўшнисига бўлган ҳурмати тўғрисида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Қўшнининг қўшнисига бўлган ҳурмати худди ўз онасига бўлган ҳурматидек бўлиши лозим”.
Ҳар бир мўмин-мусулмонга онасининг ҳурмати қанчалик улуғ бўлса, қўшнисининг ҳурмати ҳам шунчалик улуғ ва юксак экан. Онага қанчалик ҳурмат-эҳтиром кўрсатилса, қўшнига ҳам шунчалик даражада ҳурмат-иззат қилиб, чиройли муомалада бўлмоғи лозим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)га қилган насиҳатларида бундай марҳамат қиладилар: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг энг обидроғи бўласан, қаноатли бўл, одамларнинг энг шукр қилувчироғи бўласан, ўзинг учун яхши кўрган нарсангни одамлар учун ҳам яхши кўргин, мўмин бўласан ва қўшнингга чиройли қўшничилик қилгин, мусулмон бўласан”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)га қилган насиҳатларида мусулмон бўлиш шартини чиройли қўшничилик қилиш деб белгиладилар. Бу ҳам ўз навбатида қўшничилик алоқасининг жиддий ва муҳим масала эканлигини билдиради.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Шурайҳ Калбий ривоят қилган ҳадисда бундай дейдилар: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, қўшнисини ҳурмат қилсин” (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га қилган васиятларидан бирида бундай дедилар: “Эй Абу Зарр, қачонки шўрва тайёрлайдиган бўлсангиз, унинг сувини кўпайтирингиз, сўнгра қўшниларингиздан хабар олинг, (агар уйларида ейдиган таомлари бўлмаса) қўшниларингизга шўрвангиздан қуйиб беринг”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Учта хулқ борки, уларни қилиш жоҳилият даврида ҳам мустаҳаб эди. Бу учта хислатни бугунги кунда бошқалардан кўра мусулмонларнинг қилиши афзалроқдир. У учта ахлоқнинг биринчиси, жоҳилият даврида қачон бировникига меҳмон келса, хонадон аҳллари у меҳмонга яхшилик қилишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилишарди. Иккинчиси, бировнинг хотини бўлиб, қариб қолса, у киши бу хотинини талоқ қилмасдан, хор-зор бўлиб кетишидан қўрқиб, ҳузурида олиб қоларди. Охиргиси, қачон биров қарздор бўлиб қолса ёки бошига бир машаққат, қийинчилик етиб қолса, қўшнилари у одамнинг қарзини тўлашга, уни бу машаққатдан чиқаришга ҳаракат қилишарди”.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимгаки Аллоҳ яхшиликни хоҳласа, уни “асала” қилиб қўяди”. Шунда “асала”нинг маъноси нима, деб сўрашганда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У кишини қўшнисига маҳбуб қилиб қўяди”, дедилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ҳовлисининг кенг бўлиши, қўшниси солиҳ бўлиши, яхши (бақувват) улови бўлиши мусулмон кишининг саодатидандир”.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ҳовли сотиб олишдан олдин қўшни ахтаринглар, (яъни, ҳовлини сотиб олишдан олдин, яхши, солиҳ қўшнини кўриб олинглар) ва йўлга чиқишдан олдин ҳамроҳ ахтаринглар, қўшнини ҳурмат қилиш Ислом суннатидандир”.
Баъзи фозил солиҳлар ўз уйларининг ўнгу чап, олд-орқа тарафларининг ҳар биридан қирқта ҳовлига инфоқ-эҳсон қилар эдилар. Чунки бy зотлар ўз ҳовлисига қўшни бўлган қирқта ҳовлининг ҳаммасини қўшни ҳисоблашар эди. Зеро, Имом Зуҳрий бундай ривоят қилганлар: «Бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб қўшнисидан шикоят қила бошлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишига масжид эшиги олдида: “Огоҳ бўлингларки, (бир ҳовлига) қўшни бўлган қирқта ҳовлининг ҳаммаси қўшни бўлади”, деб жар солишга буюрдилар». Имом Зуҳрий бу ҳадисни шарҳлаб, айтади, бир ҳовлининг ўнг тарафидан ҳам, чап тарафидан ҳам, олд-орқа тарафидан ҳам қирқта ҳовли ўша битта ҳовли эгасига қўшни ҳисобланади.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Қачонки бир кишини қўшниси ҳам, қариндош-уруғларию ҳамроҳи ҳам мақтайдиган бўлса, у кишининг солиҳ киши эканига шак-шубҳа қилманглар”.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Ё Расулуллоҳ, мен ўзимнинг яхшилик ёки ёмонлик қилганимни қаердан биламан?” деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишига: “Қачон қўшниларинг яхши иш қилдинг, яхшилик қилдинг, деб сени мақтасалар, демак, сен яхши иш қилибсан, агар қўшниларинг ёмонлик қилдинг, десалар, демак, ёмон иш қилган бўласан”, дедилар».
Чунки қўшнилар ўз қўшнисининг ҳар кунги аҳволидан хабардор бўлиб, унинг қилаётган ишларига гувоҳ бўлиб турадилар.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм