Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва кофир мисоли
Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва кофир мисоли: чорва боқадиган чўпон подага ҳайқиради, чорвалар эса овоз ва товушлардан бошқа нарсани эшитмайди, аниқроқ айтсак, товушларни эшитади, аммо унга нима дейилаётганини англамайди. Худди шу каби кофир кимса Қуръоннинг чақириқларини эшитади, лекин чорва каби уни англамайди. Товушдан бошқа нарсани эшитмайди.
Сўнгра айтилдики, ҳақиқатни тинглашдан қулоқлари кар – ҳидоятга чорловни эшитмайдилар. Ҳақ сўзни гапиришдан тиллари соқов, ўзларини унсиз қилиб кўрсатадилар ва ҳидоят ҳақида сўзламайдилар. Ҳақни кўришдан кўзлари ожиз, ҳидоятни кўрмаслар, англамаслар. Яъни, Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг сўзларини идрок этмаслар, ҳаққа талпинмаслар. Бинобарин, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) уларни тавҳидга, Қуръон ҳидоятига чорладилар. Бу хусусда Аллоҳ таоло деди: «Уларга (мушрикларга): “Аллоҳ нозил этган нарсага (оятларга) эргашингиз!” – дейилса, улар: “Йўқ, биз ота-боболаримизни не узра топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейдилар» (Бақара, 170). Аллоҳ таоло эса ота-боболари борди-ю, дин борасида ҳеч нарсага ақллари етмайдиган бўлса-чи, Аллоҳнинг ягоналигини тасдиқламаган бўлсалар-чи, Набий (алайҳиссалом)нинг суннатига эргашмаган бўлсалар-чи, шунда ҳам уларга эргашаверадиларми?, деб, чорва мисолини келтиради: «Ёки бошқа бир киши (Узайр) кабики, (у) томлари йиқилиб, вайронага айланган қишлоқдан (Байтул-Мақдисдан) ўтиб бораркан: “Аллоҳ бу харобага айланган қишлоқ (аҳли)ни қандай тирилтирар экан-а?” деди. Шунда Аллоҳ уни (Узайрни) юз йил (муддатга) ўлдирди. Сўнгра уни тирилтириб деди: “Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?” “Бир кун ёки ярим кун”, деди у. Аллоҳ: “Йўқ, юз йил турдинг. Таоминг ва ичимлигингга қара, бузилмаган. Энди, эшагингни (чириб кетганини) кўр! (Бу мўъжизаларни) одамларга сени ибрат қилишимиз учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнгра уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин”. Қачонки, унга (бу ишлар) аён бўлгач: “Мен биламан (эътиқод қиламан)ки, Аллоҳ ҳамма нарсага қудрати етадиган Зотдир”, деди» (Бақара, 259). Бу киши қандай қилиб Аллоҳ махлуқотни ўлганидан кейин қайта тирилтиради, деб дили ҳайрон бўлди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга вафот эттириб, кейин тирилтирди. Сўнгра эшагини қандай тирилтиришига назар солишни буюрди. Унга пинҳон бўлган нарсани ҳузуридаги нарса билан кўрсатди.
Иброҳим (алайҳиссалом) хусусида. Иброҳим Халилуллоҳ хусусида шундай марҳамат қилинди: «Иброҳим: “Эй Раббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деди» (Бақара, 260). Халилуллоҳнинг қалби Аллоҳнинг синоатини билишга ошиқди. Аллоҳ таоло қушларни тирилтиришини кўрсатиб унга икром кўрсатди. Иброҳим Халилуллоҳ бу ишни Аллоҳ қилишига имони комил эди, аммо кўнгли Аллоҳнинг рубубияти синоатини кўришга талпинди. Аллоҳ унга истаганини кўрсатиб, икром этди. Токи унинг қалби хотиржам бўлди, талпиниши таскин топди.

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидаги «Ал-амсол минал Китоб вас сунна – Қуръон ва суннатдаги мисоллар» асаридан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 18000 сўм