Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳли оилаларидан ўзларидан сўнг энг аввал вафот этадиган кишининг хабарини беришлари
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:
Фотима (розиялоҳу анҳо) келди. Юриши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг юришлари каби эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Хуш келибсиз, қизим”, дея илтифот кўрсатдилар. Сўнг ўнг ёки чап томонларига ўтирғизиб, бизлардан махфий қилиб бир сўз айтдилар, Фотима йиғлади. Мен унга: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизга хослаб сўзласалар-у, сиз нега йиғлайсиз?” дедим. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга яна бизлардан махфий қилиб бир сўз айтдилар, Фотима кулди. Мен: “Бу кун каби хафалик билан хурсандчиликнинг яқинлигини кўрмадим”, дедим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга айтган сўзлар ҳақида сўрадим. Фотима: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сирларини очмоқчи эмасман”, деди. Орадан кўп вақт ўтмасдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар. Мен Фотимадан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган сўзлар ҳақида сўрадим. Фотима деди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга бу сўзларни сир қилиб айтган эдилар: “Жаброил (алайҳиссалом) ҳар йили менга бир марта Қуръонни хатм қилиб ўтказдирар эди. Бу йил эса икки марта хатм қилиб ўтказди. Бу – ажалим ҳозир бўлгани аломати, деб ўйлайман. Сен эса менинг аҳли оилам орасида ортимдан энг биринчи етиб борувчисан. Сен учун мен қандай ҳам яхши кутиб олувчиман”. Мен шу сўзлар сабабли йиғладим. Сўнг: “Сен бу умматнинг ёки мўминларнинг аёллари саййидаси бўлишни хоҳламайсанми?” дедилар. Мен эса кулдим”.
Ҳеч бир ихтилофсиз, Фотима (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳли оиласидагилар орасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин энг биринчи вафот этган кишидир. Унинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин қанча муддат яшагани тўғрисида ихтилофлар мавжуд. Баъзилар: “Уч ойдан кейин вафот этган”, деса, баъзилар: “Олти ойдан кейин”, дейди. Саккиз ойдан кейин вафот этган, деган ривоятлар ҳам бор. Бу ривоятларнинг тўғрироғи, Фотима (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин олти ой яшаганлар.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган