3икрнинг фазилати
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га Қуръони карим тиловатидан кейинги энг афзал амал Аллоҳни зикр қилиш эканини васият қилдилар. Шундай экан, зикр ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.
“Зикр”нинг луғавий маъноси “Аллоҳни эслаш”дир. Аллоҳни кўп зикр этган банданинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади, ихлоси ортади.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қилади, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (хотиржамлик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади”(Имом Муслим).
Банданинг энг яхши ҳолати унинг ўз Рабби зикри билан машғул бўлишидир. Зикр сабаби билан банда учта фазлга эга бўлади:
- Аллоҳ таоло Ўзини эслаган (зикр қилган) банданигина эслайди:
«Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара, 152)
- Аллоҳ зикрини кўп қилган киши бутун ҳаётида, ҳатто уйқусида ҳам ибодат билан машғул бўлган ҳисобланади:
«Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56).
- Аллоҳ зикрида бўлган киши ҳар қандай қийинчилик ва машаққатдан нажот топади:
«Бас, агар у (Юнус) Аллоҳга доимо тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у балиқ қорнида Қиёматгача қолиб кетган бўлур эди» (Соффот, 143–144).
Аллоҳга тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва салавотлар айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот, садақа ва инфоқ қилиш ҳамда ҳаж ва умра айни зикрдир.
Аллоҳга тасбеҳ, таҳмид, таҳлил ва такбир айтиш қуйидаги иборада жамланган:
Аллоҳ таолонинг энг севган тўрт каломи булардир, Аллоҳ наздида улардан кўра севимли калом йўқдир:
Субҳаналлоҳ.
Алҳамдулиллаҳ.
Аллоҳу акбар.
Ла илаҳа иллаллоҳ.
Самура ибн Жундуб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло ҳузурида каломнинг маҳбуброғи ушбулардир:
“سُبْحَانَ اللهِ والحَمْدُ للهِ ولَا إلَهَ إلَّا الله واللهُ أَكْبَرُ”
Уларнинг қайси бири олдин айтилса ҳам зарари йўқдир”, дедилар (Имом Муслим).
Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) ривоятида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ ҳузурида каломларнинг маҳбуброғи: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”дир”, деганлар (Имом Муслим).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Мен Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зикрнинг афзали: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дуонинг афзали эса, “Алҳамду лиллаҳ”дир”, деганларини эшитдим».
Чунки бу дуо ва зикрлар абадий қоладиган солиҳ амал ва савоблардир. Дарахт баргларини тўккани сингари, булар ҳам банданинг гуноҳларини тўкади. Булар жаннат хазиналаридир.
Бу каломлар ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай башорат қилганлар: “Булар арининг овозига ўхшаш овоз билан Аршнинг атрофида айланиб, соҳибини хотирлатади. Сизларнинг ҳар бирингиз ҳам шундай бўлишини хоҳламайсизми?”
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Ким юз марта “Ла илаҳа иллаллоҳ”, юз марта “Алҳамдулиллаҳ”, юз марта “Субҳаналлоҳ”, юз марта “Аллоҳу акбар” деб зикр қилса, ушбу зикрлар ҳақи эвазига ўн қулни озод қилган, етти қурбонлик қилганнинг савобини олади”.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бу тўрт калом ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қалқонларингизни олинглар!”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, душман кўриндими?” деб сўрашди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, душман йўқ. Фақат жаҳаннам оловидан қўриқлайдиган қалқонларингизни олинглар, ҳамда оловдан қутулиш учун бундай денглар:
“سُبْحَانَ اللهِ والحَمْدُ للهِ ولَا إلَهَ إلَّا اللهُ واللهُ أَكْبَرُ”
Чунки бу муборак каломлар Қиёмат кунида сизни олдингиздан, орқангиздан ҳимоя қилувчи муҳофаза тўсиқларидир ва абадий қоладиган солиҳ амаллар, савоблардир”, дедилар».
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барглари қуриган бир дарахт ёнига яқинлашдилар ва уни урдилар. Дарахтнинг барглари тўкилди. Шунда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Шубҳасиз: “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, деб зикр қилиш шу дарахт барглари тўкилгани сингари банданинг ҳам гуноҳларини тўкади», деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий).
Умму Ҳоний (розияллоҳу анҳо) айтади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Калимаи Тавҳид: “Ла илаҳа иллаллоҳ” — энг хайрли, энг қадрли дуо бўлиб, ундан ўтадиган амал йўқдир ва гуноҳни ҳам қолдирмайди”, деб марҳамат қилдилар» (Ибн Можа ривояти).
Ҳадиси қудсийда бундай дейилади: «Ким “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, Менинг ҳимоямдан паноҳ тилаган, менинг муҳофазамда бўлади. Менинг ҳимоямга, менинг паноҳимга кирган инсон эса азобимдан ҳам муҳофаза қилинади. “Ла илаҳа иллаллоҳ” Менинг каломимдир».
Тавҳид имони, яъни Аллоҳнинг ягоналигини тилда талаффуз этиб, дил билан тасдиқлаш, У буюк Зотга тасбеҳ, такбир айтиш, берган неъматларига шукр қилиш зикрларнинг энг улуғидир.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм