Мақолалар

Ўн тўртинчи васият

Чоп этилди Mart 15, 2020 Ўн тўртинчи васиятda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сафар (саёҳат) қилинглар, шунда соғлом, саломат бўлурсизлар…” – дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «…Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳ­қончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузу­ригадир» (Мулк, 15).

 «Кимда-ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер (юзи)да кўп бошпана ва кенглик топади…» (Нисо,100).

Халқимизда шундай нақл бор: “Мусофир бўлмагунча, му­сулмон бўлмайсан”. Киши сафар машаққатини бошидан ўт­казганида, ёрдам ва мурувватга қанчалик муҳтож эканини англаб етади. Шундагина инсоннинг қадр-қиммати баландлигини, имкон қадар муҳтожларга ёрдам кўрсатиш зарурлигини қалбан чуқур ҳис қилади. Бундан ташқари, киши қачон ўз юртидан узоқлашса, ўз Ватанининг қадрини билади. Ўз оиласи, бола-чақасининг ёнида бўлишнинг ўзи қанчалик улкан бахту саодат эканини англайди. Ўзга диёрда юрганида ўз юртидаги каби ҳуқуқлари тўла намоён бўлмагач, Ватанидаги мавжуд эркинликни ҳис қила олмагач, она юртини ва қадрдонларини қалби ўртаниб соғинади. Юқорида келтирилган нақл, ана шундай маъноси кенг тушунчаларни ҳам қамраб олган ҳолда баён қилинган. Ушбу васиятни шарҳлашдан мурод ҳам айнан шу моҳиятни етказишдир. Яъни, бу васиятга бироз тўхталиб, сафар қилиш ҳикмати ҳақида – Аллоҳ таоло қодир қилганича – динимиз таълимотларини етказамиз, иншоаллоҳ.

Сафарнинг таърифи. “Сафар” сўзининг луғавий маъноси, маълум бир масофани босиб ўтиш, демак.

Шариат истилоҳида эса белгиланган масофани босиб ўтиш сабабидан шаръий ҳукмларнинг ўзгариши. Масалан, муқимликда тўрт ракат фарз бўлган намозларни сафарда икки ракат ўқимоқ, Рамазон ойи рўзасини тутмасликка рухсат, маҳсига тортиладиган масҳ муддатининг узайиши, жума, икки ҳайит намозлари ва қурбонлик қилишнинг мусофир зиммасидан соқит бўлиши каби ҳукмлардир.

Ушбу ўринда дастлаб “сафар”нинг луғавий маъносини, яъни бир шаҳардан бошқа шаҳарга кўчиш ёки бир ватандан бошқа ватанга кўчишнинг турларини баён қиламиз.

Сафарнинг турлари

Сафар уч турга бўлинади. Биринчи ва иккинчи қисм савобли ва зарурий бўлса, учинчи қисми эса гуноҳ-маъсият ҳисобланади:

  1. Ибодат сафари (масалан: ҳаж, умра каби).
  2. Мубоҳ сафар (ҳалол тижорат қилмоқ ниятидаги йўл­чилик каби).
  3. Гуноҳ ҳисобланган сафар (қароқчилик, талончилик, босқинчилик каби шариатимиз қаттиқ қоралаган барча номақ­бул ишлар ниятида йўл босиш).

Шунингдек, ҳужжатул ислом Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин” китобида сафарни яна қуйидаги турларга бўлган:

Биринчи: илм талабида сафар қилмоқ. Илм олишнинг во­жиб ёки нафл бўлиши нуқтаи назаридан, ушбу сафар вожиб ёки нафл бўлади.

Иккинчи: ҳаж учун сафар, бу ибодат сафаридир.

Учинчи: баданга зарар берадиган, ёмон таъсир кўрсатадиган нарсадан қочиш. Касалликка ўхшаш ёки бирор оммавий хавф (сел, тўфон каби)га ўхшаш ҳолатлар. Касаллик дейилганда бу ўринда, дейлик, киши бир дардга йўлиқди. Ҳеч бир дори-дармон наф бермагач, шифокорнинг тавсияси билан манзилни ўзгартириш на­зарда тутилмоқда.

Бундай сафар турлари қуйидагиларга бўлинади:

Маҳмуд (мақталган) сафар, мубоҳ (ихтиёрий) сафар ва мазмум (қораланган, маъқулланмаган) сафар.

Мазмум (қораланган, маъқул кўрилмаган) сафар ўз нав­батида ҳаром ва макруҳ турларга бўлинади. Ҳаром сафар – қулнинг ўз хожасидан қочмоғи ва ота-онасини норози қилиб кишининг сафар­га кетиши кабилар.

Макруҳ сафар эса – касаллик (масалан, вабо каби юқумли касаллик) тарқалган шаҳардан чиқмоққа ўхшаш.

Маҳмуд (мақталган) сафар ҳам ўз навбатида вожиб ва ман­дубга бўлинади.

Вожиб сафар – ҳаж сафари. Шунингдек, ҳар бир муслим ва муслимага фарз бўлган дунёвий ва диний фарзи айн илмларни талаб қилишга ўхшашдир.

Мандуб сафар – олимларни, солиҳ зотларни кўриш, уларнинг муборак дуоларини олиш учун ҳузурларига бормоқлик. Азиз ав­лиё­ларнинг муборак қадамжоларини, яъни мақбарала­ри­ни зиёрат қилиш ҳам мандуб сафарга киради.

Қуръони каримда:

 «Кимда-ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер (юзи)да кўп бошпана ва кенглик топади. Ҳар ким Аллоҳ ва Унинг пай­ғамбари сари ҳижрат қилиб, (ўз) уйидан чиқса-ю, сўнг­ра (йўлда) унга ўлим етса, албатта, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмли зотдир» (Ни­со, 100).

Аллоҳ таоло айтди:

 «Оятларимизга (нисбатан менсимасликка) киришиб ке­та­ётганларни кўрсангиз, то бошқа гапга кўчмагунлари­гача, улардан юз ўгиринг! Агарда шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан кейин золимлар қавми билан ўтирманг!» (Анъом, 68).

 «…Албатта, мен Раббим (буюрган томон)га ҳижрат қи­лув­чидирман[1]…» (Анкабут, 26).

Яна бир оятда:

 «…Албатта, мен Раббим (буюрган тараф)га кетувчи­дир­ман. Унинг Ўзи мени (тўғри йўлга) ҳидоят қилур» (Соф­фот, 99).

Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)дан хабар бериб айтади:

 «Бас, у қўрқувга тушиб, (атрофни) кузатган ҳолда у ердан чиқиб, деди: “Эй Раббим! Ўзинг менга (бу) золимлар қавмидан нажот бергин”» (Қасас, 21).

Пайғамбар (алайҳиссалом) вабо тарқалган жойдан чиқиб кетишни тақиқладилар. Бу борада Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саҳиҳ ҳадис ворид бўлганини барча муҳаддислар ки­тоб­ларида келтирадилар:

“Дарҳақиқат, бу оғриқ ёки касаллик Аллоҳ таоло томони­дан юборилган жазодир. У билан сизлардан олдинги умматлар­нинг баъзисини азоблаган. Сўнгра у ерда қолди, у бир кетиб яна қайтади. Ким бирон ерда уни (тарқалибди, деб) эшитса, у ерга кирмасин. Ким ўша ерда бўлса, у ердан қочиб чиқмасин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ибрат сафари. Аллоҳ таоло айтди:

 «Ахир, улар Ерда сайр қилиб, ўзларидан олдинги (дин­сиз)ларнинг оқибати қандай бўлганини кўр­май­ди­ларми?![2]» (Рум, 9).

Ривоятларда айтилишича, Зулқарнайн Аллоҳ­ таолонинг заминдаги жамики мўъжизаларини ва ажойиботларини кўриш учун бутун Ер юзини айланиб чиқди. Бундай сафар мустаҳаб амалдир.

Ҳаж сафари. Бу амал динимизнинг асосий беш фарзла­ри­дан биридир.

Яшаш учун сафар қилиш. Кишига ўз турар жойида яшаш учун шароит ўта танг бўлиб қолган бир ҳолда, тирикчи­лигини яхши­лаш учун бу жойдан чиқади. Дейлик, тановул қилиш учун бирор нарса овлаш, олов ёқиш учун зарур бўл­ган ўтин териш, чорва молларини таъминлаш учун хашак йиғиш каби ҳолатларда ўта мушкул бир вазиятга тушганида, бу қийинчиликдан қутулиш йўлини ахтариб бошқа жойга кўчиш тушунилади. Мазкур ҳолатларда жуда танг аҳволда қолгандагина бу сафар амалга оширилиши мумкин.

Тижорат қилиш ва оила таъминоти мақсадида сафар қил­моқ. Аллоҳ таолонинг фазли ила бу каби сафар жоиз.

Аллоҳ таоло айтди:

 «(Ҳаж мавсумида тижорат билан) Раббингиздан фазл ти­лашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир…» (Ба­қа­ра, 198).

Давраларда баъзан қулоққа чалиниб қолади: “Фалончининг қилган ҳажи ҳаж эмас, фалончи тижорат мақсадида борган, ёки фалончи бир неча марта ҳаж ва умрага бориб келяпти, шу баҳона тижорат қилиб бойияпти…” ва ҳоказо қабилидаги гап-сўзлар. Юқорида баёни келган оятдан маълум бўлмоқдаки, ҳаж амаллари тугагандан сўнгра, Аллоҳнинг фазлидан умидвор бўлиб, бироз тижорат билан шуғулланиш шаръан жоиз. Бу эса сафардан олдин “тамомила тижоратни мақсад қилса ҳам бўлаверар экан” дегани эмас, албатта. Чунки ҳаж сафарига отланган ҳар бир киши энг аввал ибодат учун сафарни ният қилмоғи фарздир. Қачонки, барча ҳаж амалларидан фориғ бўлгачгина, тижорат учун маълум миқдорда мол ва ашёлар харид қилишига рухсат бор, демакдир. Бу эса юқорида келтирилгани каби, ҳаж сафарига бориб келаётган ҳожиларни турли бўлмағур гап-сўзлар билан маломат қилиш ножоиз эканига да­лолатдир. Ўрни келганда, шуни айтиб ўтмоқлик лозимки, айни ти­жорат ҳаж ёки умра сафаридан бошқа пайтда амалга оширил­са, янада мақсадга мувофиқ бўлур.

Илм талабида сафар қилиш. Бу жуда машҳур сафардир. Бунинг фазли ҳақида кейинроқ батафсил тўхталамиз.

Бирор жойга зиёрат мақсадида ошиқиб сафар қилиш.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фақат уч мас­жидга бориш учун улов эгарланади: Масжидул Ҳаром, менинг масжидим ва Масжидул Ақсога”, дедилар (Имом Бухорий ри­вояти).

«Саҳиҳи Бухорий»нинг барча шарҳларида бу муборак ҳадиси шарифдан олиниши керак бўлган хулоса қуйи­да­гичадир: зиёрат борасида энг улуғ, энг улкан ажр-савоб фа­қат мана шу уч муқад­дас масжидни ихлос билан зиёрат қил­ганларгагина берилади. Ле­кин бу мазкур уч масжидни зиёрат қилганлар ва ёки зиёратига бора олмаганлар бошқа муборак жойларни зиёрат қилмасинлар, дегани эмас. Акс ҳолда Жаноб Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бошқа бир ҳадиси шарифла­рида: “Вафотимдан сўнг мени зиёрат қилган одам худди ме­ни ҳаётлигимда зиёрат қилган одам кабидир”, демаган бўлур эдилар. Ва ёки ул зотнинг ўзлари баъ­зан Мадинаи мунавварадаги Бақиъ қабристонига бориб, муҳо­жир­лар ва ансор зотларнинг қабрларини зиёрат қилиб, ҳақларига дуойи хайр қилмаган бўлар эдилар. Бу маълумотлар Аҳли Байт­дан ривоят қилинган ишончли хабарлардир.

Азиз ўқувчи биродарим! Калтабинлик каби бало йўқдир. Интернету сайтларда ким нима деса, шунга ишонавермасдан, юр­тимиздан етишиб чиққан аҳли илмларнинг, фозил зотларнинг муборак китобларини ўқимоқ, ўқиганларини эса яхшилаб уқиб олмоқ даркор. Бадният жоҳилларнинг жимжимадор гапларига учмаслик, уларнинг асл ниятларини билиш учун ҳам одам боласига илм, фаҳму фаросат лозим бўлади. Аллоҳ таоло беминнат бе­риб қўйган ақлу фаросатдек неъмат – қобилиятни ишлата ол­маслик – нақадар ачинарли ҳол!..

Чегара ҳудуди назорати. Ватан ҳимояси учун бундай жой­ларни қўриқлаш ва зарур бўлганда, бу улуғ ишга оммавий ҳисса қў­шиш назарда тутилади. Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсин­ки, ҳукуматимиз раҳбарлигида юртимизнинг мард ва жасур ўғлон­лари туну кун чегараларимиз дахлсиз­лигини қўриқлаб, тинчли­гимизни таъминлаб туришибди. Улар ушбу шарафли ишлари учун бемисл нафл ибодат қилганлик савобига ноил бўлурлар. Бу хусус уламоларимиз томонидан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг му­борак ҳадислари да­лил келтирилган ҳолда таъкидланган.

Аллоҳ таоло розилиги учун дўсту қадрдонларни зиё­рат қилиш. Сафарнинг таърифи ва унинг муҳим қисмла­ри ҳақида қисқача тўхталиб ўтилди. Энди эса Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу улуғ васиятларини шарҳ­лашдан олдин, маҳмуд (мақталган) сафарнинг муҳим қис­мига тарғиб қилувчи Қуръони каримнинг баъзи оятлари, ҳадислар ва мўътабар манбаларимизда баён қилинган ҳик­матли сўзларни зикр қилишни лозим топдик. Агар киши мазкур сафар аҳлларидан бўлса тани соғ, моли баракали, ақ­ли расо бўлиб, Аллоҳ таолога маҳбуб банда ва инсонлар ўр­тасида ҳурматга сазовор киши бўлади. Чунки бундай сафарлар нечоғли машаққатли бўлмасин, ўзига яраша тотли бир завқу сурурли, ҳикмату фазилатли ва ажру савобли бўлади.

[1] Иброҳим (алайҳиссалом) она юрти – Ироқнинг Кусо қишлоғидан. Намруд оловидан Аллоҳ таолонинг ёрдами билан соғ-саломат, омон қолганидан кейин хотини – Сора ва бошқа ўзига қарашли кишилар билан Лут (алайҳиссалом) ҳамроҳлигида Ҳаррон шаҳрига, ундан Фалас­тинга ҳижрат қилиб, кўчиб бориб яшаган. Лут (алайҳиссалом) эса Садум деган қишлоқда истиқомат қилган.

[2] Макка аҳлининг тижоратчилари қишда Яман диёрига, ёзда Шом ва Ироқ томонларга сафар қилиб туришар эди. Мазкур уч мамлакатда узоқ ўтмишда куфр ва жиноий ишлари туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига учраб ҳалок қилинган миллатларнинг асоратларини топиб кўриш имконияти бор эди. Ўша асоратлардан ибрат олишга буюрилмоқда.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм