Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан совуққотишнинг кетиши
Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади:
«Хандақ жанги кунида биз бирма-бир Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрикларидан ўтдик. Навбат менга келди. Менда на душмандан сақланиш учун қалқон ва на совуқдан сақланиш учун бирор кийим бор эди. Фақат хотинимнинг жундан тўқилган бир матоси бор эди, холос. Икки тиззамда чўккалаб ўтирган эдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мен томон келдилар-да: “Бу ким?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳузайфа!” деб жавоб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳузайфа!” дедилар. Мен ўшанда бошқалардан кўра қўрқоқроқ ва кўпроқ совуққотаётган эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга қавмнинг хабарини келтиргин”, дедилар. Сафдан олдинга чиқдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим, уни олдию ортидан, ўнг ва чап томонидан, тепасию остидан келадиган балолардан муҳофаза қилгин”, деб менинг ҳақимга дуо қилдилар.
Аллоҳга қасам, ичимда қўрқинч ҳам, совуққотиш ҳам чиқиб кетди. Отга минаётганимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Ҳузайфа! Менга етиб келмагунингча қавм ичида бирор ҳодиса чиқармагин”, дедилар.
Мен йўлга чиқдим, қавмнинг аскарига яқин келиб, уларнинг гулхан ёқишларигача кузатдим. Гулхан ёнида йўғон гавдали киши қўли билан оловни қўзғаётган экан. Белини силаб: “Йўлга чиқиш керак, йўлга чиқиш керак”, дер эди. Мен бу ҳодисадан олдин Абу Суфённи танимас эдим. Уни гулхан нурида нишонга олиб ўлдириш учун ўқдонимдан оқ патли бир камон ўқини олиб, камонимга жойладим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Эй Ҳузайфа! Менга етиб келмагунча қавм ичида бирор ҳодиса чиқармагин”, деган сўзларини эсладим ва ўзимни отишдан тўхтатдим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига қайтдим. У зот бир кийимга ўраниб намоз ўқиётган эканлар. Аллоҳга қасам, қайтганим заҳоти мен совуқдан яна титрай бошладим»[1].
[1] Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривояти. Имом Муслим қисқа ҳолда ривоят қилган.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган