Фарҳод нега ганждан ва тожу тахтдан воз кечди?
“Хамса” туркумидаги достонларнинг ғоявий мазмуни, бадиий нафосати ва гўзаллигини таъминлашда Қуръони карим, тафсирлар ва ҳадиси шарифларнинг таъсири катталиги ҳеч кимга сир эмас. Буни Навоий ҳазратнинг мана бу сўзлари ҳам тасдиқлайди: “…кўпрак авқотим Каломуллоҳ иштиғоли ва анинг тафосири қийлу қоли била ўтар эрди, то аҳодис дарёсиға ғавс қилур эрдим ва андин гаронмоя (қимматбаҳо) гавҳарлар иликка кивурур эрдим”.
Шундан ҳам билсак бўладики, улуғ шоир кўпроқ вақтини Қуръони карим, тафсир ва ҳадиси шарифлар мутолаасига бағишлаган.
Навоий ҳазратлари таъбирига кўра, хоқон саройида дунёга келган Фарҳод диний ва дунёвий илмларни эгаллаб, катта билим соҳибига айланади. Лекин у бир дардга мубтало бўлган. Хоқон ўз фарзандини ғамгин ва маҳзун ҳолда кўриб, уни бу дарддан фориғ этиш чора-тадбирларини излайди. Бироқ қўллаган тадбирларидан бирортаси фойда бермайди. Фарҳодни бу дарддан фориғ этиш учун тўрт фаслга монанд қаср қуриб, катта зиёфат ва базмлар уюштиради. Бироқ булардан биронтаси ўғлининг дардига малҳам бўла олмайди. Отаси унга тожу тахтини ҳам таклиф этади. Оқил ва теран фикрли Фарҳод тожу тахтдан воз кечади. “Фарҳод ва Ширин” достонининг 19-бобида хоқон шоҳлик хазинасига Фарҳодни олиб кириб, у ердаги мол-мулки билан таништириши тасвири ўрин олган. Хоқон ўғли билан бу хазинани айланиб юрар экан, у ердаги ганж устига ганжлар қалашиб ётганини кўради. Энг олдин қирқ уй олтин турадиган жойга боришади. Олтин тўла уйнинг ғаройиблиги ҳар қандай ақл эгасини эс-ҳушидан айирарди. Бу жойдаги турли-туман кийимликлар, юз минг рангли чиний буюмларнинг сон-саноғи йўқ. Гавҳар ва лаъл тошлар кўздан оққан ёшлардек мусаффо ва тиниқ. Бу хазинада сақланаётган мушклар омбор-омбор бўлиб тўкилиб-сочилиб ётарди.
Бироқ Фарҳод бу хазинанини томоша қилар экан, тўсатдан тиниқ биллурдан ясалган сандиқни кўриб қолади. У безакдор қулф билан қулфланган. Сандиқ ичидан порлаб турган бир кўзгу чиқади. Бу кўзгуни ясашда тўрт юз билимдон иштирок этган. Бу кўзгуда бир тилсим яширинган. Ким бу тилсим сиридан воқиф бўлишни истаса, Юнон юртига бориб тўрт манзил – имтиҳондан ўтиши талаб этилади. Биринчи манзилда аждаҳога дуч келади, уни мағлуб этса, иккинчи манзилда Аҳраман девга тўқнаш келади. Учинчи манзилда ажойиб тарзда қурилган тилсим олдидан чиқади. Тўртинчи манзилда улкан тоққа учрайди.
Алишер Навоий умри давомида обод юрт ва фаровон турмуш куйчиси ҳамда тарғиботчиси сифатида фаолият кўрсатиб яшади. Хусусан, у зот 4 мадраса, 16 кўприк, 11 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 19 ҳовуз, 53 работ, 25 масжид бунёд эттирган.
* * *
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизга ким эрур ёрлиғ иш!
* * *
Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама…
* * *
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.
* * *
Аёнким, ватан узра то жони бор,
Киши ҳарб этар токи имкони бор.
Ўқувчига хоқон билан ўғли Фарҳоднинг шоҳлик мулкини томоша қилиши оддийдек туюлиши мумкин. Лекин мутафаккир шоир Аллоҳ таолонинг ғайби хазинасидан бу олам саҳнини анвойи ва ажиб моллар билан тўлдириб қўйганини мажозий тасвир орқали чизиб бермоқда. Бу хазина битмас-туганмас, бири тугаса, унинг ўрнига бошқа бири келаверади. Бу хазина инсон нафсига хизмат қилади. Нафс очлиги юҳодек уларни ютиб юбораверади. Лекин ғайб хазинасидан келаётган бу мол ва неъматлар ҳам тугамайди.
Дунё ва инсон ҳаётининг ўзига хос тимсол ва рамзига айланган мазкур лавҳалар мазмун-моҳиятини бирданига пайқаб олиш қийин. Бундай рамз ва тимсоллар жумбоғи Қуръони карим оятлари орқали очилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса (бундан-да) чиройли жой (жаннат) бордир» (Оли Имрон сураси, 14-оят).
Бошқа бир ояти каримада бу дунё ҳаёти бундай баён этиб берилган: «Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, эрмак, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир» (Ҳадид сураси, 20-оят).
Фарҳод тўрт қаср ичида муҳайё этилган неъматлардан баҳраманд бўлиб ўзи қидираётган бу дунёнинг ҳақиқатини англаб етмаслигига ишонч ҳосил қилгандан кейин хоқонлик қасридаги анвойи молларга парво ҳам қилмайди. Бироқ уни улар орасида эътиборсиз турган сандиқ қизиқтириб қолади. Шу кўзгу орқали ўз мақсадига етиши мумкинлигини билиб олади. Бу кўзгу сирига эса фақат нафсни ислоҳ қилиш ва риёзат чекиш орқали етиб борилади.
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ: “Нафсимдан кўра ёмонроқ душманни кўрмадим”, деган экан. Донишмандлардан бири: “Ким нафсга ўзини топширса, дунё муҳаббатига асир бўлиб қолади ва кибр-ҳаво тузоғига илинади, шаҳватлар уни хоҳлаган тарафига тортади ва қалбини яхшиликдан тўсади”, дейди. Фарҳод образи орқали қалб хасталиги, нафс ислоҳи, нафсни енгиш ва шу орқали кўзланган мақсад – Ҳақни топиб, бу дунёнинг сир-синоатлари ва тилсимлари калитини қўлга киритиш айни достоннинг ғоявий йўналишини белгилаб беради.
Юртимизда руҳий тарбия масаласига Ҳаким Термизий, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари катта эътибор қаратиб, таълим усуллари ва тариқат йўлларига асос солганлар. Уларнинг тарбия йўли ва тариқатларининг қоидаларида мурид нафсини ислоҳ қилиб тарбиялаш ва шу орқали камолотга етказиш масаласи асосий ўрин тутади. Ана шу зотларнинг асарларини чуқур ва теран ўрганиш орқали Навоий ҳазратларининг серқатлам ва сермаъно асарлари моҳиятига етиб бориш осонлашади. .
Бобомурод ЭРАЛИЕВ
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи мустақил тадқиқотчиси
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан