Cўраган эдингиз…
САВОЛ: Йўл-йўлакай юртимизнинг турли ҳудудларида кўча бўйидаги масжидларга намоз ўқиш учун кирамиз. Масжидда, хусусан, биринчи сафда, сажда қиладиган жойда “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” лафзлари туширилган тасбеҳлар ерда ётганини кўрамиз. Шу тўғрими, бу борада динимизнинг ҳукми қандай?
ЖАВОБ: Аввало, Холиқимиз Аллоҳ таолонинг ҳамда ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак номларига беэътибор бўлинаётганини пайқаган синчков мўмин биродаримизга ташаккур айтамиз. Дарҳақиқат, бундай ҳолатларга биз ҳам кўп марта гувоҳ бўлганмиз. “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” лафзлари битилган тасбеҳларни ерга қўйиш мумкин эмас. Шу боис жоме масжидлар имом-хатиблари ва ноибларидан ҳушёрроқ бўлишларини, тасбеҳлар илиш учун махсус баландроқ илгичлар ясатишларини илтимос қиламиз.
САВОЛ: Алҳамдулиллаҳ, уч йил аввал ибодатга кирдим. Динимизни иштиёқ билан ўрганяпман. Мен фиқҳий масалаларга жуда қизиқаман. Яқинда бир имом домла кўп йиллик қазо намозлари бор киши аввалги йиллариникини ўқиб, кейин қанчаси қолганини аниқ билмаса, қазо намозларнинг тўртала ракатида ҳам зам сура ўқийди, деди. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Ҳа, тўғри айтибди. Кўп йиллик қазо намозлари бор киши аввалги йилларининг қазосини ўқиб, кейин қанчаси қолганини аниқ билмаса, ҳар бир ракатда Фотиҳани ўқиб, бир сурани зам қилади (“Заҳирия”). Чунки Аллоҳ таоло бандадан ўша намозларнинг қазосини афв этган бўлса, уларни адо этиш нафл бўлади. Нафл намозларнинг ҳар бир ракатига Фотиҳа ва зам сура ўқиш шарт.
САВОЛ: Ҳозир юртимизда яхши бир одат шаклланган. Гап шундаки, турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизлар тиббий кўрикдан ўтиши керак. Аслида динимизда шифокор кўригидан қачон ўтиш керак?
ЖАВОБ: Ҳар бир киши соғлиғига эътибор қаратиши вожиб. Шариатда: “Вожибни бажариш учун керак бўлган нарса ҳам вожибдир”, деган қоида бор. Шифокор кўригидан қачон ўтиш эса, тиббиётда белгиланган меъёрлар орқали тартибга солинади. Бу масалада шифокор сўзига қараб ҳаракат қилинади. Албатта, шифокор ҳам ўз ишига масъулият билан ёндашиб, омонат берилган билимни суиистеъмол қилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради» (Нисо сураси, 58-оят).
САВОЛ: Тиббий текширув давомида аврат ҳисобланган жойларни очишга тўғри келса, нима қилиш керак?
ЖАВОБ: Аслида аврат ҳисобланган жойларни нафақат бегоналар олдида, балки ўзи ёлғиз қолганда ҳам заруратсиз очиш мумкин эмас. Лекин зарурат юзасидан очиш жоиз. Касаллик аврат жойларда ёки аврат жойларга боғлиқ бўлган ҳолларда аврат жойларни очмасдан туриб касалликни аниқлаб, даволаб бўлмайди. Буларнинг бари шариатда қайд этилган: “Зарурат ҳолати ман қилинган ишларга рухсат беради”, деган қоидага биноан амалга оширилади (Имом Суютий, “Ал-ашбоҳ ван-Назоир”, 74-бет).
Аврат жойларни очишда касалликни аниқлаш ёки даволаш учун керак бўлган миқдор билан чегараланиш шарт, ундан ортиғига рухсат йўқ.
САВОЛ: Аёл беморга эркак шифокор ёки аксинча бўлган ҳолатларда қандай йўл тутилса, шариатга мувофиқ бўлади?
ЖАВОБ: Беморлик ҳолати зарурат ҳолати ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳукмлари бошқа ҳолатлар ҳукмларидан кескин фарқ қилади. Оддий ҳолларда рухсат берилмаган нарсаларга зарурат туғилганида рухсат этилади (Имом ибн Нужайм, “Ал-ашбоҳ ван-назоир”, 85-бет).
Шундан келиб чиқиб бемор аёлга қараш учун етарли билим ва тажрибага эга бўлган аёл шифокор топилмаса, у ҳолда унга эркак шифокор қарашига рухсат берилади. Аксинча бўлган ҳолатнинг ҳукми ҳам шундай.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Умму Сулайм каби мўмина аёллар ҳам жангда қатнашгани ва жангчиларга сув ташиганлари, ярадорларни муолажа қилганлари ҳақида сўз боради. Албатта, бу жангчилар аёлларга номаҳрам бўлган. Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам зарурат чоғида аёл кишининг бегона эркакка қараши мумкинлиги келиб чиқади. Зеро, инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳар қандай тақиқлар олиб ташланади. Бироқ шифокор ва бемор мулоқоти касаллик доирасида, касаллик чегарасида бўлиши керак. Шунингдек, агар муолажага халақит бермайдиган бўлса, муолажа жойида бемор маҳрамларининг бўлишлари маъқулдир.
САВОЛ: Яқинда бир танишим жарроҳлик амалиётини бошидан кечирди. Ислом жарроҳлик амалиётига рухсат берадими?
ЖАВОБ: Ҳа, албатта. Бунга далил Моида сурасининг 32-ояти. Аллоҳ таоло айтади: «…кимки бирор жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни, ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди…»
Ушбу оятда инсон ҳаётига тажовуз қилиш гуноҳи баёни билан бирга, инсонга “ҳаёт бериш”нинг, яъни ҳаётда қолиш учун ёрдам беришнинг ажри ҳам зикр этилган.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларидан қон олдирганлари баён қилинган. Бу эса жарроҳлик амалиётининг кичикроқ кўринишидир.
Толибжон НИЗОМОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан