“Кўпга келган тўй” – уни бартараф этиш учун барчамиз масъулмиз
Тарихдан маълумки, халқимиз ўз бошидан жуда кўп мураккаб даврларни ўтказган, аммо бу машаққатларни ҳар доим ҳамжиҳатлик ва хотиржамлик билан енгиб ўта олган. Шундай экан, бугун коронавирус хавфи туфайли юзага келган синовли кунларда ҳам барчамиздан уюшқоқлик, энг асосийси, саросимага, ваҳимага берилмаслик талаб этилади.
Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган ноўрин хабарлар натижасида баъзи юртдошларимизнинг ортиқча ваҳима ва саросима кетидан қувиб, озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаш мақсадида савдо дўконларидан керагидан ортиқ маҳсулотлар харид қилаётганлигини бугун барчамиз кузатиб турибмиз. Шу ўринда ҳар биримизда савол туғилади: бу “зарур чора”лар нима учун керак ўзи? Нега кимларнингдир асоссиз фикрларини рўкач қилиб, ўзимизга, халқимизга хос бўлмаган ҳаракатларга бериляпмиз?
Ахир бизнинг халқимиз эмасми, ўзи емаса-да, бемор қўшнисининг оғзига тутиш учун сўнгги буғдойини қозонга солган?! Бизнинг оналаримиз эмасми, бутун маҳалла болаларига битта зоғора нонни тенг бўлиб берган?! Бу бизнинг халқимиз қон-қонига сингиб кетган олийҳимматлик, бағрикенглик ва мардлик хислатларидан бири.
Шу ўринда биргина Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ўта мураккаб вазиятни ёдга олайлик. Собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан келиб қолган турфа миллат болаларига катта меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатган Шомаҳмудовлар оиласининг жасорати неча йилларки ўзбек характерининг бетимсол намунаси бўлиб келмоқда.
Уйда ейишга бир бурда нони йўқ оиланинг ваҳимага берилмасдан, ҳадиксирамасдан 14 нафар етим болани бағрига олишининг ўзи биз учун катта сабоқ эмасми?!
Халқимиз ўзаро аҳиллик ва бирдамлик натижасида ҳар қандай мураккаб вазиятлардан эсон-омон чиқиб келган. Бугун бизда катта фожиа бўлиб тасаввур уйғотадиган ўша қирғинбарот йилларда ҳам ота-боболаримиз иймони ва виждонини сақлаб қола олган. Шундай экан, юзага келган вазиятга халқимизнинг бағрикенглик ва босиқлик билан муносабатда бўлишини, аввало, ўзи ва атрофдагиларининг соғлиги, хотиржамлиги учун қайғуриши лозимлигини, ҳар бир ахборотнинг холислиги ва ҳаққонийлигини текшириб кўришлигини айтиб ўтишни истардим.
Юзага келган мураккаб вазият натижасида барчамиздан катта ижтимоий масъулият – атрофдагиларнинг асоссиз сўзларига қулоқ тутмай, ўзларининг қизиқтирган саволлари бўйича фақатгина расмий манбалар орқали тарқатилаётган хабарларга мурожаат этишларини сўраб қолардик.
Ҳозирда мамлакатимиздаги барча маҳаллаларида коронавирус инфекциясига қарши профилактик чоралар кўриш, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш, маҳаллалар ҳудудидаги савдо дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларининг мунтазам бўлишини таъминлаш борасида барча зарур ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, халқимиз орасида ортиқча ваҳима ва хавотирларга ўрин қолдирмаслик мақсадида маҳалла фаоллари ва кўча бошилар иштирокида алоҳида тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Ҳурматли юртдошлар, бежизга “кўпга келган тўй” демадик. Бу юртимизга, халқимизга юборилган синов. Ундан соғ-омон, тўрт кўз тугал чиқишимиз учун аввало ўзимиз ва ўзгаларнинг саломатлигига бефарқ бўлмаслигимиз, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишимиз талаб этилади.
Аввало ўзингиз, сўнгра яқинларингиз юрагида хавотир уйғотадиган ўринсиз фикрларни хаёлингиздан чиқариб ташлаб, оила аъзоларингиз, қўни-қўшни, маҳалладошларимизга ғамхўрлик кўрсатиб, улар билан аҳиллигингизни янада мустаҳкамлашингизни истардик. Зеро, инсонлар ўртасидаги меҳр ва муҳаббат ҳар қандай тўсиқни енгишга қодир.
Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шулардан бири оммавий, маданий ва спорт тадбирлари, турли диний маросимларни вақтинча тўхтатиш кабилардир.
Давлатимиз томонидан халқимиз саломатлиги учун кўрилаётган ушбу зарурий тадбирларни тўғри тушуниб, ўзимиз ва ўзгалар соғлигига бефарқ бўлмаслик йўлида фаоллик кўрсатайлик!
Дунёни гўзаллик қутқаради, деган гап бор – Ўзбекистон халқини меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби энг гўзал инсоний фазилатлар қутқаради, ҳар қандай машаққату синовлардан эсон-омон чиқишимизни кафолатлайди.