Халил Иброҳим Сорий ўғли Ҳамадоний ҳақида
Халил Иброҳим Сорий ўғли Салоҳиддин ибн Муборак Бухорийнинг «Анис ут-толибин ва уддат ус-соликин» («Толибларнинг дўсти ва соликларнинг яроғи») номли асарини чоп қилдирган олим.
Маълумки, Салоҳиддин ибн Муборак Баҳоуддин Нақшбанднинг муридларидан бири бўлиб, у 723/1322 йилда туғилиб, 793/1390 йилда вафот этган. У 785/1383 йили Алоуддин Аттор воситасида Баҳоуддин Нақшбанд билан танишади. Бу пайтда муаллифнинг ёши 63 да, Нақшбандники эса, 67 да бўлган. Салоҳиддин ибн Муборак Баҳоуддин Нақшбанд ҳамда унинг яқинлари ҳақида мазкур асарни ёзган бўлиб, нақшбандия тариқати ҳақидаги ишончли манбалардан бири ҳисобланади.
Халил Иброҳим Сорий ўғли «Анис ут-толибин»нинг 823/1420 йилда кўчирилган қадимий нусхасини топиб, бошқа бир неча нусхаларга солиштириб, нашрга тайёрлаган ва уни Теҳрондаги Кайҳон нашриётида 1371/ 1951 йилда чоп эттирган. «Анис ут-толибин» асари нақшбандия тариқатининг тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб, у ҳозиргача олимлар томонидан чуқур ўрганилмаган ва ўзбек тилига таржима қилинмаган. Туркияда эса, таржима қилиниб, нашр бўлган[1].
Халил Иброҳим Сорий ўғли мазкур асарнинг нашрига илмий мақола илова қилган бўлиб, унда тариқатлар, уларнинг раҳнамолари, келиб чиқиши баён қилинган. Хожагонлар тариқатига алоҳида эътибор берилган бўлиб, бу тариқат вакиллари бирма-бир санаб ўтилган. Жумладан, Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Шу маълумотлар қуйида келтирилмоқда.
Хожа Юсуф Ҳамадоний
Хожа Абу Яъқуб Юсуф ибн Айюб Ҳамадоний ўз асрининг машҳур орифлари ва фақиҳларидан бири эди. У 440 (1048) ҳижрий йили Ҳамадон қишлоқларидан бирида дунёга келди. У ҳали
17 ёшга тўлмай туриб, илм олиш учун Бағдодга борди ва Абу Исҳоқ Шерозийнинг илм мажлисини ихтиёр қилди. Кўп ўтмай, табобат ва бошқа диний илмларда ўз дўстларидан ўзиб кетди. Абу Исҳоқ Шерозий унинг ёш эканига қарамай, бошқа шогирдларидан юқори қўяр эди. У Бағдод, Самарқанд, Исфаҳон олимларининг кўпидан ҳадис илмини ўрганди.
Хожа Юсуф илму донишда юқори чўққига эришгач, дунё кезди. Икки марта Бағдодга келди ва Низомия мадрасасида ваъз айтиб, дарс бериш билан машғул бўлди. Унинг Бағдодда қанча муддат бўлгани аниқ эмас. Кейинроқ у
Мовароуннаҳр ва Хуросонга борди, Марвда яшади. Марвдан Ҳиротга, Ҳиротдан яна Марвга борди.
Охирги сафарида Ҳиротдан Марвга кетаётиб, йўлда вафот этди ва ўша ерга дафн қилинди. Бир неча вақтдан сўнг, муриди Ибн ан-Нажжор унинг жасадини Марвга кўчирди.
Хожа Юсуфнинг вафот йили тарихчилар ва тазкирачиларнинг фикрига мувофиқ 535/1140 йилда юз берган. Бу пайтда у 95 ёшда бўлган.
[1] Салоҳиддин Муборак Бухорий. Шоҳи Нақшбанд. Кўнгиллар наққоши. (“Анис ут-толибин ва уддат ус-соликин”) Истанбул. 2003. Асар муқаддимасида келтирилишича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётлик чоғида муаллифга бу каби асарни ёзишга рухсат бермайди. Фақат у зотнинг вафотидан кейин Баҳоуддин Нақшбанд томонидан маънавий ижозат берилгач, Салоҳиддин Муборак Бухорий ушбу китобини ёзиб тугаллайди.

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг
“Ҳаёт мезони, Одоби тариқат, Коинот ва инсон ҳақида” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 9000 сўм