Васлий Самарқандий Ҳамадоний ҳақида[1]
Саййид Аҳмад Васлий (XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошлари) ўзбек ва тожик адабиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган шоирлардан бири. Унинг ижоди ҳозиргача тўлиқ ўрганилган эмас. У йигирмадан ортиқ турли мавзудаги рисолалар муаллифидир. Араб, форс ва турк тилларида ижод қилган.
Васлий Самарқандий ўз давридаги машҳур ургутлик шайх Эшон Валихоннинг муриди ва яқин кишиларидан бўлган. Мазкур Эшоннинг ўғли Саййид Муҳйиддинхон ҳам ўз даврининг йирик шайхларидан бўлиб, нақшбандия тариқатининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Саййид Муҳйиддинхоннинг ўғли Эшони Қутбуддинхон етук олим ва шоир бўлиб, ҳозирги Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида ишлаган.
Васлий Самарқандий «Назм ус-силсила»ни асосан Шайх Валихонга бағишлаган бўлса-да, бироқ унинг силсиласини баён қилиш жараёнида Шайх Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳамда унинг издошлари таржимаи ҳолларини ҳам келтиради. Асар 386 байтдан иборат бўлиб, унда жами 30 та шайх ҳақида маълумотлар мавжуд. Асар 1912–1913 йилда Тошкентда чоп этилган.
Мазкур асар 2001 йилда Тошкентда «Янги аср авлоди» нашриёти томонидан чоп қилинган. Рисоланинг асл тожикча матни билан бирга насрий таржимаси ҳам берилган. Қуйида Ҳазрат Ҳамадоний ҳақидаги қисмининг назмий таржимаси ҳукмингизга ҳавола этилади:
Хожа Юсуф Ҳамадоний
Хожа Юсуфким, тариқат раҳбари,
Ҳамадондан келдилар Формад сари.
Бўлди асҳоблар қатори ичра ул,
Балки аҳбоблар қатори ичра ул.
Пири бирлан маҳрами асрор эди,
Маҳрами асрори ул аброр эди.
Ўзни тан зиндонидан озод этиб,
Чун Азизи Мисрдек тавҳид етиб,
Ул бадан зиндонидан топгач раҳо,
Ҳақ ишқи йўлида бўлди гадо.
Ишқи Ҳақ йўлида чун қилгач шитоб,
Топди икки умр Зулайходек шу тоб.
Кўнглига ваҳдат нури солди олов,
Занги дил кетди кўнгилдан чун қиров.
Арш сорига айлагач парвоз ул,
Чун малакка бўлдилар ҳамроз ул.
Йўллагач пир нури огоҳий сари,
Етди илми моҳдан то моҳий сари.
[1] Васлий Самарқандий. “Назм ус-силсила”. Тошкент 1331 ҳ. (1913). 14, 15-б.
Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг
“Ҳаёт мезони, Одоби тариқат, Коинот ва инсон ҳақида” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 9000 сўм