Кўп кулиш қалбни ўлдиради
Кўп кулиш хақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Бас, (улар) қилмишларининг жазоси учун (бу дунёда) оз кулсинлар ва (охиратда) кўп йиғласинлар» (Тавба, 82).
Беҳуда гапирмайдиган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп кулишдан ҳам қайтарганлар. Бу сўзга эьтибор бериб қарасак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган элчи эмас, балки ишларнинг замирини ўргатувчи муаллим, қалб касалликларининг моҳир табиби эдилар. У зот қалбга ишора қилиб айтадилар: “Агар у соғлом бўлса, бутун вужуд соғлом бўлади, агар у бузилса, жасад ҳам айнийди”.
Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар мен билган нарсаларни билганингизда оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз”, дедилар.
Агар қалб кўп кулиш касаллигига мубтало бўлса, ўзига келадиган нурлардан маҳрум бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп кулишга таъриф берар эканлар, уни шайтонга эргашиш ва ҳавойи нафсга қул бўлиш, деб изоҳлаганлар. Бировларни мазах қилишдан ҳазар қилиш лозим. Умар ибн Абдулазиз айтганидек: “Мазах қилишдан тийилинг, чунки у аҳмоқлик бўлиб, кек ва адоват келтиради”.
Ҳакимлардан бири мазахга шундай таъриф берган: “Мазах бу сўкишдир, чунки мазах қилувчи жиддий ҳолатда эмас, балки кулиб мазах қилади”.
Ҳаким Мансур бундай дейди: “Мазах қилиш олов ўтинни егани каби киши ҳайбатини еб битиради. Кимнинг мазахи кўпайса, ҳайбати камаяди, кимнинг ҳазил қилиши кўпайса, ақли камаяди”.
Саид ибн Ос ўғлига бундай васият қилди: “Мазах қилма, чунки кўп мазах қилиш киши қадрини кетказади ва аҳмоқликка етаклайди”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ҳазил қилсам ҳам фақат ҳақиқатни айтаман”, деганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳазилларидан баъзиларини келтириб ўтиш тарбиявий жиҳатдан киши ўз ҳаддини билишида ибратдир.
Ансорийлардан бир кекса аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мени дуо қилинг. Аллоҳ мени жаннатга киритсин”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Билмайсанми, жаннатга кампирлар кирмайди”, дедилар. Кампир йиғлаб юборди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилиб: “Аллоҳнинг ушбу оятини ўқимаганмисан?”, деб оятни ўқидилар:
«Биз уларни (ҳур қизларни) дафъатан пайдо қилдик (онадан туғилмадилар). Кейин уларни бокира қизлар қилдик. (Улар) жозибали ва тенгқурдирлар» (Воқеа, 35–37).
Шунингдек, яна бир аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига эрининг иши туфайли келганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлдан: “Эринг ким?” деб сўрадилар! Аёл: “Эрим фалончи”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Кўзларида оқи бор кишими?” дедилар. Аёл: “Йўқ, ундай эмас”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, шундай”, дедилар. Аёл уйига кетар экан, йўл-йўлакай Расулуллоҳ айтган сўзни ўйлаб кетди. Уйига етиб борганида эри ундан ҳол-аҳвол сўради. Аёл айтди: “Мендан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эрингни кўзида оқи борми?, деб сўрадилар”. Эри унга: “Кўрмаяпсанми, киши кўзининг қорасидан оқи каттароқ бўлади”, деди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимол, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқдир. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимол, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқдир. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир–бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Ким тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир» (Ҳужурот, 11).
Кулиш ва мазах тўғрисидаги васият Умар ва Али (розияллоҳу анҳумо) сўзлари билан якунланади. Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди”, деган. Али (розияллоҳу анҳу) эса: “Олим қаттиқ кулса, унинг илми сусайиб бораверади”, деган.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм