Мақолалар

Эҳсон маросимларини тайинлаш

Чоп этилди Aprel 30, 2020 Эҳсон маросимларини тайинлашda fikr bildirishni o'chirish

Бундай маросимларни тайинлаш борасида шариатимизда, китобларимиздан ҳеч бирида кўрсатмалар келмаган. Аммо ўлганнинг номидан савобини унга бағишлаб хайр-эҳсон, садақа қилиш бор. Бунда кун саналмайди. Етимларнинг меросига зарар етказилмайди. Тирикларни қийнаш даражасида бўлмайди. Бу каби садақалар мажбурий эмас. Ўзидан орттирганда, бемалол вақтида, бидъат-хурофотни аралаштирмай, риёкорликдан қочиб ва иложи борича муҳтожларга фойда берадиган қилиб адо этилса, яхши бўлади.

Шу билан бирга, вафот этганларга эҳсон албатта таом тарзида бўлиши шарт эмас. Муҳтож мўмин-мусулмон­ларга қилинадиган ҳар қандай ёрдам эҳсон бўлаверади.

Барчамизга маълумки, ҳамма нарсада мўътадиллик, ихчамлик афзал. Лекин буни тушунмайдиган, тушунса ҳам «Бу мен учун эмас–да» деб ўз билганини қилаётганлар борлиги одамни ўйга толдириб қўяди. Ота-онаси ёки яқин қариндоши ҳаётли­гида бориб йўқламаган қариндошнинг у ўтгандан кейин етти маҳаллани чақириб тўйдай эҳсон қилиши ачинарли бир ҳолатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сурасида бундай деб марҳамат қилади:

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди (26–27-оятлар).

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ман этилган.

Фурқон сурасининг 67-оятида хайр-эҳсонда ўртаҳол бўл­ган­лар Аллоҳнинг суюкли бандалари эканлиги таъкидланади:

“Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида–мўътадилдир”.

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликлардан қайтари­иб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Шу жумладан:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг ноз-неъматларидан еб ичинглар, садақа қилинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар! Аллоҳ таоло бандасида ўзи берган неъматнинг изини кўришни хоҳлайди» – дейилади”. Имомлар Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривоят қилишган[1].

Мутарриф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ишларнинг яхшиси ўртачасидир”[2].

Тежамкорлик тўғрисидаги ҳадиси шарифда эса:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Нафақадаги ўртачалик тирикчиликнинг ярми, одамларга нисбатан муҳаббатли бўлиш ақл­нинг ярми, яхши савол илмнинг ярмидир”. Имом Байҳақий “Шаъабул-иймон”да ривоят қилган[3].

«Аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, инсон ўзининг намоз, рўза, ҳаж, хайру садақа, Қуръон тиловати ва бошқа амалларининг савобини маййитларга бағиш­ласа, албатта савоби етади. Шунга кўра марҳум­ларга савобини бағишлаш мақсадида ҳоҳлаган вақтда ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, ақраболари ҳамда фақир ва мискинларга эҳсон дастурхони ёзиш жоиздир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 «Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида – агар садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёҳуд одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса – яхшилик йўқдир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз» (Нисо сураси, 114-оят).

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, эҳсонни фақат зиёфат кўринишида эмас, ўша зиёфатга кетадиган маблағ муҳтож оилаларга, меҳрибонлик ва қариялар уйига, ободонлаштириш ишларига, ёшларга илм-маърифат тарқатиш уйларига сарф қилинса, нур устига нур бўлади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишим лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2002 йил 28 декабрда эълон қилган “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақидаги фатво”да дабдабабозлик шариатга зид экани уқтирилган.

Кимдан-ким ўзар замирида иш кўриш, ортиқча исрофгарчилик, дабдабозлик бизга ҳеч қачон яхшилик олиб келмайди. Шариат бизни нимадан қайтарган бўлса, ана шу қайтариқда биз учун кўп яхшилик бордир.

Агар кўнглингизда савоб умиди бўлса, кам таъминланган бирор оилага, ёки қариндош-уруғга, қўшнингизга яхшилик қилинг!

[1] Имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Ҳоким ан Найсобурий. “Мустадрак ала саҳиҳайн. Байрут. “Таомлар китоби”. “Дорул китабул илмия” матбааси. 1-босма, 1990, 4-жуз, 150-бет.

[2] Аҳмад ибнул Ҳусайн Байҳақий. “Шуъабул ийман”. “Ал иқтисоду фин нафақати ват таҳрим” боби. Риёз. “Мактабатур рушд”. 1- босма, 2003, 8-жуз, 518-бет.

[3] Аҳмад ибнул Ҳусайн Байҳақий. “Шуъабул ийман”. “Ал иқтисоду фин нафақати ват таҳрим” боби. Риёз. “Мактабатур рушд”. 1-босма, 2003, 8-жуз, 508-бет.

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан