Дангасаликнинг келиб чиқиши ва унга қарши кураш
Афсусларки, ялқовлик касалига учраганлар ёшлар ва катталар ўртасида истаганча топилади. Бунинг асосан ёшларда пайдо бўлишига сабаб, нафақат меъёрдан ортиқ еб-ичмоқ, балки фарзандларнинг ахлоқий жиҳатдан гўзал тарбияли бўлишларига ота-оналарнинг рисоладагидек хатти-ҳаракат қилмаганликларидандир. Фарзандни ёшлигиданоқ ҳалол меҳнат орқали нон топишга ва бу йўлда учрайдиган баъзи машаққатларга сабру бардош эта олишга ўргатмоқ лозим бўлади. Меҳнаткаш кишиларнинг фазилатлари, фидойи ва жонкуяр инсонларнинг олий ҳимматларини ибрат қилиб кўрсатмоқ фойдадан холи эмас, албатта. Бошга берилган ақли, билакка берилган кучи ва вужудидаги мавжуд соғлиги, бу ҳар бир кишининг жисмонан ва ақлан меҳнат қилиб, камолотга эришиши учун Яратган томонидан берилган бир омонат эканини уқтирмоқ жуда ҳам зарурдир. Бу борада муқаддас динимиз кўрсатмаларини ўргатиб, бободеҳқон ва турли ҳунарларнинг моҳир эгалари бўлган аждодларимиз ҳаётларини ва тарихларини ўқитмоқ муҳимдир. Инсоннинг яшашдан мақсади фақатгина қорин ғами эмаслигини ёшларнинг табиатига мос равишда нозик йўллар билан тушунтирмоқ лозим бўлади.
Чунки қорин шаҳватига берилиш осон йўллар билан пул топишга ундайди. Бу эса кишини тубанликка тортиб, ақл неъматининг сусайишига олиб боради. Бундай паст ақл ўз соҳибини ҳалол меҳнатлари эвазига яхши умр кечираётган кишилар каби ҳаётдан фойда олиб яшашдан мутлақ тўсади. Орият, ҳиммат ва мурувватни ўта заиф ҳолга олиб келиб, тамоман беғам, сурбет инсонга айлантиради.
Агар инсоннинг болалигидан тарбияси мустаҳкам ва таъминоти покиза бўлса, унга асло ялқовлик яқин йўламайди. Бажараётган жисмоний ва ақлий меҳнатларининг самараси бўлиб, соғлиги яхши ва ақлу идроки равон бўлади. Шунда у енгил-елпи ва ҳалол меҳнатсиз ҳаёт кечирадиган танбал кимсалардан батамом узоқда бўлади. Чиройли намуна олгулик қаноати ва гўзал иффати билан барча инсонлар орасида ҳурматга сазовор бўлади. Турли ёмонликларга бошловчи нафсини эзгуликка бошқаришга молик бўлади. Шайтоний шаҳватлар йўлига юришдан қайтувчи ва бошқаларни қайтарувчи бўлади. Бундай кишининг ақл нури равшанлашиб, фаҳму фаросати, идрок этиш қуввати ва зеҳни бағоят мусаффо бўлади. Касби ёки ҳунарида барака бўлиб, ишлаш қобилияти юқори ва ҳаракатлари эпчил ва чаққон бўлади. Шу билан биргаликда, асосийси, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларида айтганларидек, “қориннинг катта бўлишидан” омонда бўлади. Бу билан, албатта, дангасалар фақатгина қориндорлардан иборат бўлади, демоқчи эмасмиз. Ялқовларнинг заиф бадан, сассиз овозлилари ҳам талайгина. Инсонлар орасида ўзи қориндор-у, аммо дангаса эмас, балки жуда ҳаракатчан кишилар ҳам топилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буларни алоҳида-алоҳида баён қилдилар. Яъни, “катта қорин”, “доимий уйқу” ва “дангасалик” каби иллатларнинг, ҳар бирининг умматлари учун ўзига яраша хавфи борлигидан огоҳ этмоқдалар.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг қуйидаги сўзларига эътибор берамиз: “Сизлар қорин қўйишдан сақланинглар. Чунки у тирикликда оғир юкдир ва вафот этганда эса бадбўйликдир”.
Кишиларнинг турмушларига бир назар солсангиз, улар орасидаги қориндор ҳисобланувчи (бу ўринда маромидан ортиғи назарда тутиляпти) кўпгина кишиларни яшашлари танг, мудом табибга ва давога муҳтож ҳолда кўрасиз. Чунки оддий касалликлар ҳам уларга ғолиб келади. Бундан ташқари, бундайлардан бошқа инсонлар барча жабҳада ғолиб келадилар. Бу ҳолат эса уларнинг соғликлари жойида эмаслиги ва бунинг орқасидан кўринишлари ҳайбатли бўлсалар-да, ўта қувватсиз эканликларидан далолат беради. Айни борада ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: “Кимнинг ғами (ҳиммати) қорин бўлса, унинг ўрни ундан кетмайди (кунни шу ўй-фикрда кеч қилади)”.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 26 000 сўм