Тобутни кўтариш
Тобут кўтариб кетилаётганини кўрганда ўриндан туриш мандублиги кўплаб ҳадисларда зикр қилинган:
عَنْ عَامِرِ بْنِ رَبِيعَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا رَأَيْتُمُ الْجَنَازَةَ فَقُومُوا حَتَّي تُخَلِّفَكُمْ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Омир ибн Робиа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жанозани кўрсангиз, олдингиздан ўтиб кетгунича тик туринг”, дедилар”. Имом Бухорий ривояти.
عَنْ عَامِرِ بْنِ رَبِيعَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا رَأَي أَحَدُكُمْ جَنَازَةً فَإِنْ لَمْ يَكُنْ مَاشِيًا مَعَهَا فَلْيَقُمْ حَتَّي يُخَلِّفَهَا، أَوْ تُخَلِّفَهُ أَوْ تُوضَعَ مِنْ قَبْلِ أَنْ تُخَلِّفَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Омир ибн Робиа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз жанозани кўрса, у билан бирга юраётган бўлмаса, ундан ўтиб кетгунича (ёки у ўтиб кетгунича) ёки у ўтиб кетмай, ерга қўйилгунича тик турсин”, дедилар”. Имом Бухорий ривояти.
Маййитни бирор сават ёки қопга солиб қабрга олиб бориш мумкин эмас. Маййит тобут ёки замбил, ёхуд бирор тахтага қўйиб қабрга кўтариб борилади. Маййит эркак киши бўладими ёки аёлми, фарқи йўқ, тобутни фақат эркаклар кўтариб борадилар.
Маййитни қабристонга олиб бориш фарзи кифоя ҳисобланиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига биноан олиб бориш шариатимизда суннат саналади. Тобутни кўтаришда даставвал, олдинги, маййит ётган ўнг қўл тараф поясини кўтарувчи ўнг елкасига қўяди ва ўн қадам юриб, тобутнинг охирги поясига келиб, яъни маййит ётган ўнг оёқ тараф поясини ўнг елкасига олиб, ўн қадам ташлайди. Дарҳол тобутнинг ўнг тарафига ўтиб, маййит ётган чап қўл тараф поясини чап елкасига олади ва ўнг қадам юргач, тобутнинг охирги поясига келиб, маййит ётган чап оёқ тараф поясини чап елкасига олиб, ўн қадам ташлайди. Мана шу динимизда суннат амал ҳисобланади[1].
Тобут кетидан кетаётган барча кишилар шу юқорида айтилган қоидага амал қилган ҳолда тобутни навбатма-навбат қабристонга етказадилар. Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Кимки жанозага эргашса, тобутни барча тарафидан кўтарсин…», деганлар. Имом Ибн Можа ривояти[2].
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ تَبِعَ جَنَازَةً فَصَلَّي عَلَيْهَا فَلَهُ قِيرَاطٌ، وَإِنْ شَهِدَ دَفْنَهَا فَلَهُ قِيرَاطٌ، الْقِيرَاطُ مِثْلُ أُحُدٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ ومُسْلِمُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «Кимки жанозага эргашса ва унга (жаноза) намоз ўқиса, унга қийрот (савоблар) бор. Агар уни (маййитни) дафн этишда қатнашса, унга қийрот (савоблар) бор. Қийрот (савоблар) Уҳуд (тоғи) мисличадир». Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Тобутни қабристонга кўтариб бориш жараёнида кўтарувчилар маййитга озор етказмасдан, лўккиллатмасдан, синиқ кўнгил билан кўтариб боришлари суннат ва яна тобутни қабристонга тезроқ элтиш лозим.
عَنْ عَبْدِ اللهِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: سَأَلْنَا رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ السَّيْرِ بِالجَنَازَةِ، فَقَالَ: دُونَ الخَبَبَ… .رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِرْمِذِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жанозани (яъни тобутни) кўтариб бориш ҳақида сўрадик. У зот: «Лўккилатмасдан…», дедилар».
Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти. Улар бу ҳадисни заиф деганлар[3].
عَنْ أبِي سَعدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَ نَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إذَا وُضِعَتِ الْجَنَازَةُ وَاحْتَمَلَهَا الرِّجالُ عَلَي أَعْنَاقِهِمْ، فَإِنْ كَانَتْ صَالِحَةً قَالَتْ: قَدِّمُونِي، وَإِنْ كَانَتْ غَيْرَ صَالِحَةٍ قَالَتْ: يَا وَيْلَهَا، أيْنَ تَذْهَبُونَ بِهَا يَسْمَعُ صَوْتَهَا كُلُّ شَيْءٍ إِلَّا الإِنْسَانَ، وَلَوْ سَمِعَهُ لَصُعِقَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Абу Саъд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «Жаноза (яъни маййит тобутга) қўйилиб, кишилар уни елкаларида кўтариб кетаётганларида, агар у (маййит) солиҳ киши бўлса: «Мени тезроқ олиб боринглар», дейди. Борди-ю, солиҳ бўлмаса: «Эй воҳ! Қаерга олиб кетяпсизлар мени?!» дейди. Унинг овозини инсондан бошқа барча нарса эшитади. Агар (инсон) эшитганда эди, ўша заҳоти йиқилиб ўларди». Имом Бухорий ривояти.
Бу ҳадисда маййит унга тайёрлаб қўйилган роҳат ёки азобни кўриши, агар солиҳ киши бўлса, уни тобутга қўйиб, кўтариб кетилаётганда хурсандчиликдан, Аллоҳнинг ризосига тезроқ сазовор бўлиш учун, амалларининг савобига етишиш учун нидо қилиши зикр этилмоқда. Шунингдек, маййит солиҳ киши бўлмаса, уни кўтариб кетаётганларга «Мени бу хунук оқибат, ҳолатга олиб борманглар! Эй воҳ, қаерга олиб кетяпсизлар мени», деб қичқиради. Унинг бу қичқириғини инсон зотидан бошқа барча махлуқотлар эшитади.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
– тобутни кўтариш эркакларга хос. Чунки ҳадисда «эркаклар» лафзи келган. Агар умуман эркак зоти топилмаса, унда аёллар кўтариши жоиз;
– маййит қабрга қўйилишидан олдин ўзининг оқибатидан, ўзи борадиган роҳат ёки азобдан бохабар бўлиши;
– Маййитнинг овозини инсондан бошқа ҳар қандай махлуқотлар: фаришталар, ҳайвонлар эшитиши;
– эзгу амалларга тарғиб, гуноҳдан огоҳлантириш[4].
Шунингдек, тобутни кўтарувчилар сукут қилиб ёки Аллоҳни зикр этиб кетишлари лозим. Зикр қилиш жараёнида овозларини кўтаришлари макруҳ. Чунки бу аҳли китоблар одати бўлиб, бунда уларга ўхшаб қолиш бор[5]. Ва яна маййитнинг оқибати, қаерга кетаётгани ҳақида фикр юритиш, кулги ва фойдасиз сўзлардан тийилиш лозим. Чунки бу вақт ғофиллик, бефойда сўзлар сўйлаш мавриди эмас. Аслидаку, фойдасиз сўзлар ҳеч бир жойда гапирилмаслиги керак. Хусусан, жаноза маҳали умуман мумкин эмас.
عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا أَنَّهُ قِيلَ لَهُ: إِنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ يَقُولُ “مَنْ تَبِعَ جَنَازَةً فَلَهُ قِيرَاطٌ، فَقَالَ: أَكْثَرَ أَبُو هُرَيْرَةَ عَلَيْنَا: فَصَدَّقَتْ عَائِشَةُ أَبَا هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُمَا وَقَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُهُ فَقَالَ ابْن عُمَرَ: لَقَدْ فَرَّطْنَا فِي قَرَارِيطَ كَثِيرَةٍ”. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«У зотга Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): «Кимки жанозага эргашса, у учун қийрот (савоблар) бор», деганлари айтилганда: «Абу Ҳурайра бизларга (савобни) кўпайтириб юборибди», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни (айтган гапларида) тасдиқлаб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай деганларини эшитганман», дедилар. Шунда Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо): «Биз кўплаб қийрот-қийротларни (савобларни) қўлдан бой берибмиз-ку», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
Ушбу ҳадисда инсонлар маййитни дафнга тайёрлаш, тобутни кўтариш, унга намоз ўқиш ва уни дафн этишда маййитнинг аҳли билан иштирок этишга ундалмоқда. Ва бу ишларда қатнашган мусулмон кишига кўплаб ажрлар борлиги зикр қилинган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо олдин бу ҳақда эшитмаган эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ҳадисни ривоят қилганларини эшитгач, Оиша розияллоҳу анҳога одам жўнатдилар. Оиша розияллоҳу анҳо Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтган гапларни тасдиқлаб, айнан ўзлари ушбу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганларини айтадилар. Бундан хабар топган Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундан кейин жанозага эргашишда, дафнга ҳозир бўлишда бардавом бўлдилар.
Ушбу ҳадисдан қуйидагилар истифода қилинади:
– Жаноза қабрга олиб кетилаётганда тобут билан тенг ёки ундан илгарилаб юришдан кўра ортидан юриш афзал. Чунки ҳадисдаги «эргашмоқ» сўзи ортидан юришга далолат қилади;
– Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг фазилатлари, илмга чанқоқликлари[6].
Ўлик ҳолда туғилган чақалоқ ёки туғилибоқ вафот этган гўдак ҳамда сут эмадиган ёш гўдак мурдаси қабристонгача навбатма-навбат қўлда кўтариб борилади.
Маййитни қабристонга кўтариб боришда иштирок этаётган жамоанинг тобут кетидан юриши афзал ҳисобланади. Бу хусусда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзлари диққатга сазовор: «Тобут кетидан юриш тобут олдида юришдан афзалдир, гўёки фарз намозлари нафл намозларидан афзал бўлганидек». Маййит эгаларининг тобут олдида, жамоадан узоқлашмасдан юришлари жоиздир. Ва лекин тобут олдида юрувчи кишилар жамоадан узоқлашиб, ажралиб кетишлари кароҳиятли саналади.
Тобут қабрга етказилгач, у ерга қўйилмасидан олдин, кишиларнинг ўтириб олишлари макруҳ ҳисобланади, бу маййитнинг ҳурматидандир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:
عَنْ أبِي سَعدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا رَأَيْتُمُ الْجَنَازَةَ فَقُومُوا، فَمَنْ تَبِعَهَا فَلاَ يَقْعُدْ حَتَّي تُوضَعَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг. Ким унинг ортидан юрса, (ерга) қўйилмагунча ўтирмасин», дедилар”[7].
[1] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Фатҳу бобил-иноя». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз. 449-бет.
[2] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр». 1980, 2-жуз. 511-бет.
[3] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр», 1980, 2-жуз, 512-бет.
[4] Мусо Шоҳин Лошин. «Манҳалул-ҳадис». Байрут: «Оламул-кутуб». 2001, 2-жуз, 209-бет
[5] Абул-Лайс Зайлаъий. «Ҳадиятус-суълук шарҳу туҳфатул-мулук». Қозон: «Ал-матбаатул-каримийя». 1910, 115-бет.
[6] Мусо Шоҳин Лошин. «Манҳалул-ҳадис». Байрут: «Оламул-кутуб». 2001, 2-жуз, 211-213-бетлар.
[7] “Олтин силсила”. Саҳиҳул Бухорий. Тошкент: “Ҳилол-нашр” 2013, 2-жуз. 268-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан