Ўзбекистон янгиликлари

Махсус рухсатнома талаб этилмайдиган ҳолатлар маълум қилинди

Чоп этилди Mart 31, 2020 Махсус рухсатнома талаб этилмайдиган ҳолатлар маълум қилиндиda fikr bildirishni o'chirish

Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати маълум қилинди.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, транспорт ҳаракати учун махсус рухсатнома беришнинг янги тартиби эълон қилинди.
Унга кўра, биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ўз машиналарида стикерсиз юришига рухсат берилган.

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимлари тегишли ташкилотларда фаолият юритаётганлиги тўғрисидаги меҳнат дафтарчаси нусхаси ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат асосида ҳаракатланади.

Шунингдек, қуйидаги ташкилотлар ходимлари меҳнат дафтарчаси нусхаси ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат асосида ҳаракатланиши мумкин.
Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари.

Фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тан жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари;

Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга (ўзларининг рўйхатдан ўтган маъмурий ҳудуди доирасида ва йўловчиларсиз фақат етказиб бериш хизматини кўрсатиш мақсадида. Инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатларда ва кечиктириб бўлмайдиган тиббиёт муолажаларни олаётган бемор йўловчиларни ташиш мумкин;

Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава, чиқинди)нинг хизмат автотранспорт воситалари.

Қуйидаги ташкилотларнинг масъул ходимларига хизмат вазифасини бажаришда тегишли шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланишга ушбу ташкилотлар томонидан рухсат берилади (офицер таркибидаги ходимларга рухсат талаб қилинмайди). Рухсатномада автотранспорт воситасининг белгилари кўрсатилади. Мазкур рухсатнома хизмат (ҳарбий) гувоҳномаси билан кўрсатилганда ҳақиқий ҳисобланади:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;
– Суд ва прокуратура органлари хизмат ва ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;
– «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Uzbekistan Airways» АЖ, «Uzbekistan Airports» АЖ ва уларнинг тизимига кирувчи корхона ва ташкилотлари «Ўзаэронавигация» агентлигининг хизмат автотранспорт воситалари;
– Ҳисоб палатаси, Бизнес-омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Савдо-саноат палатаси раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари хизмат автотранспорт воситалари;
– Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар ва бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарларининг хизмат автотранспорт воситалари;

Бунда:
вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар ва бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таркибидаги ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;
вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар ва бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари раҳбарлари киритилади.

– Марказий банк ва ҳудудий бошқармалар хизмат автотранспорт воситалари;
– Тижорат банклари хизмат автотранспорт воситалари;
– Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари хизмат автотранспорт воситалари;
– Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хизмат автотранспорт воситалари;
– «Республика инкассация хизмати» ДУК хизмат автотранспорт воситалари;
– Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар хизмат автотранспорт воситалари;
– Алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, «Ўзбекистон почтаси» АЖ, «Ўзбектелеком» АК ва унинг ташкилотлари ҳамда «ЎЗИНФОКОМ» ягона интегратори» МЧЖга тегишли хизмат автотранспорт воситалари;
– N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари;
– «Тошшаҳартрансхизмат» АК таркибига кирувчи автобус саройларининг М2 ва М3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари;
– Дафн маросимларида хизмат кўрсатувчи махсус автотранспорт воситалари (фақат дафн маросимлари хизматини кўрсатиш мақсадида);
– Йўл-патрул хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари;
– Мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги жисмоний шахсларга тегишли шахсий автотранспорт воситалари. Бу ҳолатда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳар бир автотранспортни визуал кўздан кечириб, автотранспорт йўналиши ва аниқ манзили юзасидан тушунтиришлар сўраши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланганди.

Автотранспорт воситаларини бошқариш учун бериладиган рухсатнома (стикер) учун аризани масофадан туриб, яъни онлайн тарзда топширилиши бўйича тизим жорий этилди.

Унга кўра, махсус рухсатномани бериш бепул амалга оширилади. Бунинг учун онлайн шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сўровнома тўлдирилиши лозим.

Вақтинчалик тартибга кўра, рухсатнома қуйидаги автотранспорт воситаларига берилади:
– озиқ-овқат маҳсулотларини (жумладан тамаки ва алкоголь) ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи ва реализацияси билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур тадбиркорлик субъектларида доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий (мулк, ишончнома ёки ижара ҳуқуқи асосида) автотранспорт воситаларига (дорихоналар учун фақат ҳар бир дорихонага бир дона автотранспортга рухсат берилади);

– умумий овқатланиш корхоналарининг етказиб бериш хизматини кўрсатаётган (курьер ва «доставка») автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур тадбиркорлик субъектларида доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий (мулк, ишончнома ёки ижара ҳуқуқи асосида) автотранспорт воситаларига (ходимлар учун фақат ҳар бир умумий овқатланиш корхонасига бир дона автотранспортга рухсат берилади);

– Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли М1 тоифадаги автотранспорт воситаларига.

Адлия вазирлиги томонидан қуйидаги ташкилотларнинг тегишли мурожаатномасига асосан рухсатномалар расмийлаштириб берилади:
– Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги – ишлаб чиқариш ва технологик жараёни тўхтатилиши мумкин бўлмаган корхоналарга;
– «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси – гигиеник ниқоб ишлаб чиқарувчи ташкилотларга;
– Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент – деҳқон бозорларининг ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларига.
Махсус комиссиянинг кўрсатмасига асосан Адлия вазирлиги томонидан алоҳида рухсатномалар расмийлаштирилиши мумкин.

Автотранспорт воситаларининг тегишли тоифалари бўйича изоҳ:
М1 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари (оддий енгил машина).
М2 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 т дан ортиқ бўлмаган автотранспорт воситалари.
М3 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ортиқ, энг катта вазни 5 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари
N1 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари;
N2 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 12 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари;
N3 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари.

Ctrl