Ўзбекистон янгиликлари

ЕОИИга аъзо бўлиш тарафдорлари тақдим қилган чалғитувчи рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак – Олий Мажлис депутати

Чоп этилди Mart 31, 2020 ЕОИИга аъзо бўлиш тарафдорлари тақдим қилган чалғитувчи рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак – Олий Мажлис депутатиda fikr bildirishni o'chirish

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир Абдурасулов Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масаласида ўз фикрларини билдирди.

“Албатта, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши унинг жаҳон иқтисодиётига интеграллашуви қай даражада экани билан боғлиқдир. ЕОИИ аъзо бўлиб кириш бир поғона юқорига кўтарилиш бўлиб туюлар. Шу ўринда унутмаслигимиз керакки, бизнинг олдимизда бошқа муқобил йўллар ҳам бор: Шанхай иқтисодий ташкилоти билан ҳамкорликни кучайтириш, Марказий Осиё давлатлари ўртасида эркин савдо алоқаларини ўрнатиш ёки ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилиш шулар жумласидандир.

“Миллий тикланиш” ДПининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳам миллий манфаатлардан ва партиянинг сайловолди вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирги вазиятда ЕОИИга кузатувчи сифатида киришни таклиф қилмоқда.

Нима учун кузатувчи мақомида деган савол туғилиши табиий.

Иттифоққа аъзо бўлиш тарафдорлари томонидан тақдим жуда ишончли кўриниши мумкин бўлган алоҳида кўрсаткич ёки ўлчовларга асосланган чалғитувчи рақамлардан эҳтиёт бўлиш керак.

Ушбу масалага мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим роль ўйнайдиган компаниялар, соҳалар ва иқтисодиётимизни рақобатбардошлиги нуқтаи назаридан ёндашиш лозим бўлади. ЕОИИга интеграллашув товарлар, хизматлар, меҳнат ва молиявий бозор эркинлигини беради. Мен шу ўринда, ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мамлакатимиз молия бозорига таъсири ҳақида сўз юритмоқчиман.

Биринчидан, бугунги кунда меҳнат бозорида таркибий ишсизлик мавжуд бўлиб, талабдан ортиқча таклиф этилаётган ишчи кучи хорижий мамлакатларга кетмоқда. Иқтисодиётнинг валюта оқими каналлари — олтин ва табиий бойликлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари, хорижий кредитлар ва инвестицияларга боғланиб қолгани туфайли “голландча касаллик”ка чалиниш хавфи юқори бўлиб қолмоқда. Бунда хом ашё экспорти ва хизматлардан келадиган валюта тушуми иқтисодиётни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини оширишга тўсиқ бўлиб қолади.

Натижада реал алмашув курсининг ўсиши ва ички бозорда ишлаб чиқариш саноати маҳсулотларининг тақчиллиги импортга нисбатан босимни юзага келтириб, жорий тўлов балансининг беқарорлашувига олиб келмоқда. Натижада, ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ташқи савдо ва тўлов балансига ҳамда миллий валюта барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Иккинчидан, ЕОИИ бозорида Россия ўз глобал кун тартибини мутаносиб равишда амалга оширишга интилаётган йирик ва муҳим геосиёсий империя тизими бўлиб қолмоқда. Иқтисодчи Юрий Кофнер томонидан олиб борилган тадқиқотларда ЕОИИ молиявий бозоридаги вазият чуқур таҳлил қилинган. Унга кўра, ЕОИИ молиявий бозори етарлича ривожланмаган. “2017 йилда мазкур бозорда 661 та банк фаолият юритиб, уларнинг активлари 1,6 трлн. АҚШ долларини ташкил этган. Шундан 90 фоизи Россия банк тизимига тегишлидир. Суғурта соҳасида эса 73,7 фоиз компаниялар Россияга тегишли бўлиб, улардан тушган мукофотлар жами ЕОИИ мукофотларининг 92,2 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, Россия капитал бозорининг капитализацияси ЕООИ бозори капитализациясининг 94,4 фоизни ва савдолар ҳажми 99,6 фоизни ташкил этади”. Бу эса, ЕОИИ молия бозорида ўйин қоидаларини Россия белгилашини билдиради. Биз бунга тайёрмизми?

Учинчидан, мазкур ташкилот доирасида молия бозорини назорат қилувчи ва миллий молия органларидан юқори турувчи органнинг ташкил этилмагани ушбу масаланинг долзарблигини йўқотади. ЕОИИда молия бозорини мувофиқлаштирувчи органнинг йўқлиги ҳуқуқий жиҳатдан унинг ваколатлари етишмаслиги ушбу бозорга инвесторлар томонидан ишончни тушиб кетишига олиб келади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимиз ўз иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ҳаракат қилмоғи лозим. Бугунги кундаги халқаро тажрибадан келиб чиқадиган бўлсак, ЕОИИ иштирокчи мамлакатлари билан икки тарафлама манфаатли келишувларни бир қанча (Вьетнам, Сербия, Хитой) мамлакатлар имзолаб келмоқда. Ўзбекистон ҳам ушбу мамлакатлар сингари икки томонлама келишув ёки мазкур ташкилотга кузатувчи сифатида қўшилишида намоён бўлади“, дейди Олий Мажлис депутати.