Дунё янгиликлари

Ангела Меркель: “Карантин қоидаларига риоя қилган ҳар бир киши инсон ҳаётини қутқарган бўлади”

Чоп этилди Aprel 2, 2020 Ангела Меркель: “Карантин қоидаларига риоя қилган ҳар бир киши инсон ҳаётини қутқарган бўлади”da fikr bildirishni o'chirish

Германия канцлери Ангела Меркель фуқароларга коронавирус туфайли мамлакатда жорий этилган карантин қоидаларига риоя қилаётганлиги учун ташаккур билдирди, деб ёзмоқда немис матбуоти.

У фуқароларга мурожаат йўллаб, уларни уйда қолиши ва ўрнатилган тартиб-қоидаларга сабр билан амал қилишда давом этишларини сўради. “Янги ўрнатилган тартиб-қоидалар мамлакат ижтимоий ҳаётида бир қанча чекловларни жорий этишга зарурат туғдирди. Деярли ҳар бир киши бу касалликни юқтирмаслик учун ҳукумат чиқарган қонун-қоидаларга риоя қилмоқда. Карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳар бир киши инсон ҳаётини қутқарган бўлади”, деди ҳукумат раҳбари.

Вирус юқтирган фуқароларнинг сони тобора ортиб бораётганидан ташвишга тушган канцлер, Германияда карантин ҳали давом этишини қайд этган. Сўнгги беш кунда коронавирус юқтирганлар сони икки баробар ошган, вазият шу алфозда давом этса мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ушбу пандемия тизгинини жиловлай олмайди, деб ёзмоқда “Шпигель” нашри.

Германия ҳукумати идораси раҳбари Ҳельге Браун “Тагесшпигель” билан бўлган суҳбатда карантин муддати жорий йилнинг 20 апрелигача давом этишини маълум қилди. У, айниқса, катта ёшли инсонларга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлаган.