Коронавирус нефть саноатини синдира оладими?
Буюк Британиянинг “The guardian” нашри “Коронавирус нефть саноатини синдириб, табиатни сақлаб қола оладими?” номидаги сарлавҳа билан йирик таҳлилий мақола эълон қилди. Мақолада таҳлилчилар томонидан коронавирус пандемияси нефть саноатига салбий таъсир этгани ва энди бу тармоқ ҳеч қачон аввалгидек бўла олмаслиги борасида далил ва тахминлар келтирилади.
Коронавирус пандемияси сабабли нефтга бўлган талаб тушиб кетди. Оқибатда бу саноат синди ва зўрға жон сақламоқда. У ўзининг юз йиллик тарихида ҳеч қачон бундай жиддий талафот кўрмаган, дейилади мақолада.
Таҳлилчилар нефть саноатининг инқирозга юз тутиши оқибатида яшил энергия тараққий этишига йўл очилишини ҳам тахмин қилишмоқда. Йирик нефть саноати нархлар уруши ҳамда пандемия қаршисида кучсизланиб улгурди. Энди улар олдида яшил энергияга йирик инвестиция киритиш танлови ҳам бор. Бугунги кунда бизнес нафақат даромадли, балки, инсониятни тараққий этишига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
“Goldman Sachs” маълумотларига кўра, кунига 1 миллион Баррелга тенг нефть олинувчи қудуқлар бугунга келиб ўзини оқламай қўйган. Чунки, нефть нархи уни етказиб бериш қийматидан ҳам пастлаган. Бунинг устига, қудуқлар сони кун сайин ортмоқда. Бу энергия тармоғи ва унинг геосиёсатини бутунлай ўзгартириб юборади. Эндиликда дебатлар иқлим ўзгариши мавзуси атрофида боради.
Коронавирус одамларни уйига қамаши ортидан нефтга бўлган талаб кескин камайди. Одамлар кўп ишларни видеоконференция орқали ҳал этиш мумкинлигига ҳам кўникиб боришмоқда.
Нефть нархини бу қадар пастлаши нефть захираларини изловчи геологлар лойиҳаларини молиялаштиришни ҳам шубҳа остига солган. Нефтнинг баррели 35 АҚШ долларига тушиб кетиши унга сарфланаётган капиталнинг 75 фоизини ҳам қопламайди. Бу қуёш ва шамол каби яшил (экологик) лойиҳалаига кўпроқ инвестиция киритиш кераклигини кўрсатмоқда.
Иқтисодчи ва таҳлилчи Кретшмарнинг фикрича, нефть тармоғи ўта қалтис ва иқлим ўзгаришига жиддий таъсир этувчи соҳага айланиб бормоқда. Баъзи иқтисодчиларнинг тахминига кўра, нефть нархи 20 АҚШ долларигача тушиши кутилмоқда. Бу эса нефть саноатининг йўқ бўлишига олиб келади, дейди Кретшмар.
Нефть саноати шундоғам иқлим ўзгаришидан хавотирда бўлган инвесторлар томонидан танқидларга учраб келмоқда, дейди “Arkadiko Partners” консультанти Колин Мелвин.
Оксфорд университети энергетика тармоғи мутахассисларининг фикрича, пандемия, нефтнинг иқлимга келтираётган зарари ва мўтадил бўлмаган нархлар бу соҳа инвесторларини хавотирга солиб улгурган.
Бироқ, барча мутахассислар нефть саноатининг инқирози яшил энергиянинг тараққий этишига йўл очишига ишонаётганлари йўқ. Нефтнинг арзонлашиши аксинча, унинг умрини узайтириши ва яшил энергия ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин, дейди Оксфорд университети профессори Дитер Хелм.
Нефть нархлари урушининг қанча давом этиши Россия ва Саудия Арабистонининг арзон нефтни қачонгача чиқара олишларига ҳам боғлиқ. “Bloomberg New Energy Finance” мутахассиси Майкл Либрайх Саудия Арабистони узоғи 3 йилгача, Россия эса 10 йилга қадар нархлар пасайишига дош бера олади. Лекин, нима бўлганда ҳам бу тармоқ яна аввалгидек, даромадли бўла олмаслиги аниқ, дейди у.
ЎзА