Мақолалар

Долзарб мавзу: Бу ҳам ўтар, ваҳимага асос йўқ

Чоп этилди Aprel 3, 2020 Долзарб мавзу: Бу ҳам ўтар, ваҳимага асос йўқda fikr bildirishni o'chirish

Ислом – ғоят гўзал дин. Унинг ҳар бир буйруғида ҳикмат, тавсиясида манфаат, қайтариғида эса раҳмат мужассам. Биргина имонимизнинг асосий шартларидан бири бўлган яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканини олайлик. Мўмин киши яхши кунда ҳам, бошига бирор мусибат келганда ҳам фақат ўзини ўйламайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ҳадис шарҳида уламолар “мўмин бўла олмайди” жумласини “чинакам мўмин бўла олмайди”, деб шарҳлаганлар. Бундан киши имон келтиришининг ўзи етарли бўлмаслиги, балки имон кучли ва мустаҳкам бўлиши учун бир қанча сифатлар соҳиби бўлиши лозимлиги англашилади.

Барчамизга маълумки, юртимизда айни пайтда коронавирус (тожсимон)ни юқтириб олган фуқаролар аниқлангани туфайли барча таълим муассасалари номуайян муддатга таътилга чиқарилди.

Хўш, мусулмон киши бундай вазиятда қандай йўл тутиши керак?

Аввало, мусулмон киши ваҳимага тушмасдан, фақат ўзини эмас, бошқаларни ҳам ўйлаб, ризқ Аллоҳдан эканини унутмаслиги, керак, нокерак маҳсулотларни ғамлаб олмаслиги лозим. Ояти каримада: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят), деб марҳамат қилинади.

Ҳадиси шарифда Расулоллоҳ саоллалоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деганлар.

Сўнгги уч кунда интернет сайтларини, оммавий ахборот воситаларини кузатиб, Шайх Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома” асарида келтирилган “Подшо ва узук” ҳикояси эсимга тушди.

Ҳикоя жуда таъсирчан. Сизга ҳам илиндим.

«Бир пайтлар жаҳон қўрғонида бир комил шоҳ яшар эди. Бутун халқ унинг ҳукмига ҳозир турар, сабаби, ул шоҳ адолатда назири йўқ инсон эди. Мулки бисотининг эса ҳисоби ҳадсиз, яна атрофида илму ирфон аҳллари, номдор олимлар ҳам кўп.

Кунларнинг бирида уларни олдига чақириб, ҳолининг паришонлигидан шикоят қилди. Кўнглига келган орзуни баён қилиб, ҳакимларга бир узук ясашни буюрди, токи ул узукка кўз ташлаган дам кўнгли шодликка тўлиб, аламу қайғулардан озод бўлсин. Ёки иқболдан кўнгли шодликка тўлиб кетса, шу узукка боқиб маъюс бўлсин…

Ҳукмдорнинг талаби оғир эди. Олиму ҳакимлар ундан муддат сўрадилар. Узоқ фикрлашдилар, ўйладилар, бу мушкул ишни бажариш чорасини излаб “қон ютдилар”. Охири оқилу доно ҳакимлар узукка “Бул ҳам ўтар” деган ёзувни нақш қилдилар.

Ҳар бир нарсанинг “келмоқ” ва “кетмоғ”и Яратганнинг измида. Ҳаётда бахту иқбол кулиб боқса – шоду хуррам кунларда бунинг ўткинчи эканини ёдда сақласинлар-да, ҳаддан ошмасинлар. Бойлик, бахт, иззату обрў топганда мағрурланиб, ўзларини йўқотиб қўймасинлар. Аксинча, қайғуга ботган, бошларига ғам-алам келган кунларда эса тушкунлик ботқоғига ботмасдан, сабр қилиб, яхши кунлар орзусида яшаб “бул ҳам ўтар” десинлар».

Дарҳақиқат, ҳамма нарса: шодлик, хурсандчилик, хуррамлик ҳам, ғам, қайғу, алам, офат ва бало ҳам ўткинчи. Иншоаллоҳ, бу бало ва офат ҳам чекинади. Бунга шубҳа йўқ. Бу биз учун бир синов. Ана шу синовни жипслашиб, биргаликда бартараф этишимиз зарур.

Салоҳиддин ТОШОНОВ,

Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби