Аллоҳни қўйиб, ибодат қилинаётган бутларнинг мисоли
Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган бутларнинг мисоли Қуръонда бир чақа ёки бошоққа ҳам кучи келмайдиган қарам қулга ўхшатилади: “Аллоҳ шундай бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган қарам қул билан Биз ўз тарафимиздан яхшигина ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ва ошкора эҳсон қилаётган (ҳур) киши баробар бўладими?! Ҳамд Аллоҳга (хос)дир. Лекин уларнинг аксарияти (буни) билмайдилар” (Наҳл, 75). Аллоҳ айтади: “Қандай қилиб Мени бут-санамларингиз билан тенг қилдингиз, ваҳоланки, Мен сизларга неъматларни берувчи Розиқ бўлсам? Аллоҳ яна бир бошқа мисол келтиради: “Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган соқовдир. У эгасига (ортиқча) юк бўлиб (хожаси) уни қаерга юборса, бирор яхшилик (фойда) келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи тўғри йўлда бўлгани ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолатга буюрадиган киши баробар бўлурми?!” (Наҳл, 76). Аллоҳ бу билан айтадики, қандай қилиб ибодат қилишда уни Мен билан тенг кўрдингиз, ваҳоланки, мен соқов бўлмасам. Сизларни биргина сўз билан яратган бўлсам. Сизларни неъматларга тўла дунёда қудратим ила қудратлантирдим. Сизларни парвариш қиламан, таомлантираман, сизлар мени таомлантирмайсиз-ку.
Бу ва ундан олдинги оятларнинг маъноларини бошқа жойда ҳам кўп баён қилганмиз.

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидаги «Ал-амсол минал Китоб вас сунна – Қуръон ва суннатдаги мисоллар» асаридан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 18000 сўм