Мақолалар

ФУТУВВАТ – БАРЧА ҚИЛМАКДИР, ДЕМАК ЙЎҚ

Чоп этилди Aprel 4, 2020 ФУТУВВАТ – БАРЧА ҚИЛМАКДИР, ДЕМАК ЙЎҚda fikr bildirishni o'chirish

Бугун бутун дунёга коронавирус пандемияси таҳдид солиб турибди. Бу вирус туфайли йирик-йирик шаҳарлар, ташкилотлар, таълим муассасалари, хиёбонлар, кўчалар ҳувиллаб қолди. Вирус  тарқалган  ҳудудларда карантин жорий қилинди, шифокорлар касалланганларни даволашга сафарбар этилди.

Инсоният тарихида мисли кўрилмаган бу офат, афсуски, мамлакатимизга ҳам кириб келди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимизда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Барча хайрли ишларда пешқадам, эзгуликка эш бўлган мўмин-мусулмон юртдошларимиз ҳам имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Имом-домлалар ва отинойилар кексалар, кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга моддий ёрдам беришда камарбаста бўлиб, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Мурувват – барча бермакдир, емак йўқ, Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ” сўзини ўзларига шиор қилиб олишди.

Ҳар куни ойнаи жаҳон орқали отини ошкор қилишни хоҳламаган кўплаб саховатпеша юртдошларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи тиббиёт воситалари, дори-дармонларни мурувватга муҳтож оилаларга етказиб беришаётгани сўзимизга далил бўлади.

Коронавируснинг олдини олиш бўйича юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, афсуски, айрим кишиларнинг карантин қоидаларини бузаётгани кишини ташвишга солади. Хабарингиз бор, шу йил 23 мартдан тўйларни тўйхоналарда ўтказиш тўхтатилди. Лекин шунга қарамай, айримлар уйларида карнай-сурнай садолари остида, айримлар оддийроқ бўлса-да тўй қилишда давом этяпти.

Шукрки, ҳаммамизнинг ақлимиз расо, оқдан қорани, эзгуликдан ёвузликни, яхшиликдан ёмонликни ажрата оламиз. Ахир, карантин даврида тўйларни тўхтатиш, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчамлаштириш халқимизнинг, 34 миллиондан зиёд фуқаронинг манфаатини кўзлаб амалга ошириляпти-ку! Наҳотки, тушуниб етмасак?!

Раҳбарларга итоат этиш, уларнинг сўзларига қулоқ солиш динимизда фарз (шарт) ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!» (Нисо сураси, 59-оят), бежиз марҳамат қилмаган.

Бугун ҳар биримиз ҳар қачонгидан ҳам ҳушёрроқ бўлишимиз зарур. Айниқса, маҳалла фаоллари, отинойилар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда халқимиз орасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориши, умрадан қайтган киши, албатта, 120 кишини чақириб зиёфат бериши шарт эмаслиги, бунинг ўрнига кам таъминланган оилаларга эҳсон қилишнинг савобини улуғлигини уқтириши керак.

Бугунги вазиятда одамларни тўплаб, уларнинг кўнглини оламан, деган умидда қилинган ҳар қандай иш ўзини ўтга-чўққа уриш билан биробар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» (Бақара сураси, 195-оят), деб буюрган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Уламолар Кенгашининг коронавирус (COVID -19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича  Фатвосида:  “Ҳар бир мусулмон ибодатлар ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилишлари лозим. Динимиз покликка буюрар экан, касалликнинг олдини олиш борасидаги Соғлиқни  сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир”, дейилган.

Демак, ўзини, фарзандларини, оиласини, соғлигини, келажагини ўйлаган, динимиз таълимотига риоя қилувчи ҳар бир киши давлатимиз ва ҳукуматимиз қарорларига, мазкур фатвога қатъий риоя қилиши шарт.

Асрлар давомида не-не машаққатларни, турли синовларни енгиб ўтган донишманд халқимиз, албатта, бу балодан ҳам эсон-омон, бағрибутунликда чиқиб олади, иншоаллоҳ. Бунга шубҳа йўқ. Куни кеча коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Юртбошимиз халқимизга мурожаат қилиб: “Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Ҳамма жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал  қилсалар,  одамларимиз карантин даврида  ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай    шифокорларга ўз вақтида  мурожаат қилсалар,  биз бу касалликни албатта енгамиз!” дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, коронавирус юқмаслиги учун ҳамма ўз уйида ўтириши шарт. Бу қайғули вазият ҳам ўтиб кетади. Халқимиз ҳар бир ишдан ҳикмат излашга одатланган. Шу боис карантин пайтида уйда қолиб, кўпроқ китоб мутолааси билан шуғулланиш, дуо ва зикрлар қилиш энг оқилона ечимдир. Бу билан биз нафақат ўзимизнинг маънавиятимизни юксалтирамиз, айни пайтда фарзандларимизнинг ҳам китоб ўқиш кўникмасини шакллантирамиз. Тўғри, авваллари ҳам китоб ўқиганмиз, лекин оила даврасида тизимли китоб ўқиш ҳолатлари кам бўлган.

Аллоҳ таоло Наҳл сураси  80-оятида: «Аллоҳ сизлар учун  уйларингизни оромгоҳ қилди…», деб марҳамат қилади. “Уқба ибн Омир:  “Ё Расулуллоҳ, нажот нимада?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Тилингни тий, сени уйинг сиғдирсин ва гуноҳларинг учун тазарру қил” (Имом Термизий ривояти).

Биргина шу оят ва ҳадис бугунги вазиятда зарур бўлмаган ҳолларда ҳам уйидан чиқиб, карантин қоидаларига риоя қилмаётган, ҳам ўзини, ҳам оиласи соғлигини хавф остига қўяётган, турли нотўғри хабарлар тарқатаётган ҳар бир мўмин-мусулмон учун хулоса чиқариб, ўзини ўнглаб олиш учун кифоя қилади.

Марямхон АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими