Мақолалар

Бадантарбиянинг фойдалари

Чоп этилди Aprel 6, 2020 Бадантарбиянинг фойдалариda fikr bildirishni o'chirish

Барчамизга маълумки, бадантарбия бу жисмоний ҳаракат, демак. Инсоннинг ҳаёт кечириш тарзи ҳам, албатта, ҳаракатга боғлиқ. Тирикчиликда ҳам, ибодатда ҳам, умуман, ҳаётнинг ҳар жабҳасида ҳаракатнинг ўрни жуда муҳим. Киши танасининг соғлом ва бақувват бўлишидаги энг асосий омил ҳам айнан жисмоний ҳаракатдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло барча инсониятга ер юзида ҳаракат қилишни буюрди ва ризқ топиш учун ҳаракатни – меҳнатни, касб-ҳунарни восита қилди.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилди:

 «…Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш унинг ҳузуригадир» (Мулк, 15).

Ҳар бир инсон соғлом турмуш кечиришни хоҳлайди. Бунинг учун айтиб ўтилганидек, жисмоний ҳаракат билан машғул бўлмоқ талаб этилади. Чунки доимий бадантарбия билан шуғулланиб юрмоқ киши қувватининг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Бу эса тиббиётда исботини топган кучли далил, тажрибада намоён бўлган ва барчага маълум бўлган улкан ҳақиқат. Табобат аҳли устози ҳисобланмиш Ибн Сино буни қуйидагича ифода этган:

“Бадантарбия – эркин ҳаракатдан иборатдир, унда киши чуқур кетма-кет нафас олади”.

Бу соҳанинг тажрибали етук мутахассислари таъкидлашла­рича, бадантарбия соғлиқни бир меъёрда сақлашда ва касалликнинг соғайишида муҳим восита ҳисобланади. Чунки бадантарбия бутун аъзолар бўйлаб қон айланишининг бир маромда бўлишини таъминлайди.

Бадантарбиянинг фойдаларидан яна бири, ҳаракат натижасида бадандаги ортиқча нопок нарсалар (туз, турли микроблар) эриб, тери тешикчаларидан чиқиб кетади. Бу нарсаларнинг баданда тўпланиб қолиши эса кишини заифлаштириб, турли касалликларни келтириб чиқаради.

Қолаверса, камҳаракатли ҳаёт келажакда кишининг мутлақ ҳаракатсиз бўлиб қолишига олиб келади. Шу билан уни баданий ва руҳий касалликлар тезда эгаллайди. Бадантарбия эса баданга қўшимча куч бахшида этиб, семириб кетишнинг ва беғамликнинг олдини олади. Сезгирлик ва зийраклик ошади, ақл кучайиб, фикрлаш чархланади. Руҳият енгиллашади ва соф ҳаводан нафас олиш тизимини фаоллаштиради. Бутун аъзоларнинг ишлаш қобилиятини оширади. Буларнинг барчаси мужассамлашиб, кишининг ақли ўз ҳавойи нафсидан устун келади.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм