Оила

Машинадаги сурат

Чоп этилди Aprel 7, 2020 Машинадаги суратda fikr bildirishni o'chirish

Бир йиғилишга шошилиб кетаётгандим. Қўл кўтардим. Оппоқ “ласетти” тўхтади. Пулини келишмасдан хам ўтириб олдим. Йўлда кетарканмиз фикру хаёлим мажлисга кечикмаслик. Бироз юргач радиодан эшитилаётган сокин мусиқа тинчлантира бошлади. Насиб қилган вақтда етиб бораманда. Машина ичига разм сола бошладим. Дид билан безатилган, кўриниб турардики ҳайдовчи йигит унга қаттиқ эътибор беради. Кўзим олд ойнанинг бурчагига бириктирилган суратга тушди. Оппоқ рўмолдаги юзлари нурли онахон сурати эди.

– Онангизми? – дедим.

– Ҳа – деди йигит.

– Узр-ку, ҳаётмилар?

– Худога шукр, нега қизиқдингиз?

– Ўзим шунчаки, узр…

Бироз сукунатдан кейин йигитнинг ўзи гап бошлади:

– Биласизми, кўпчилик қизиқади нега суратни ёпиштирдинг, деб.

Икки сабаби бор. Бири – катта тезликни яхши кўраман. Машина кам йўлга тушиб қолсам оёғим беихтиёр газни босади қаттиқроқ. Онамнинг суратларига кўзим тушгач эса тезликни камайтираман. Битта ўғилман, манга бир нарса бўлса онам ғамни кўтара олмайди деб қўрқаман…

Унинг гапларида жон бор эди.

“Тўғри” дедим-ку ўйланиб қолдим – барча тез юрадиганлар шундай қилса бўларкан деб.

– Кечирасиз ука, иккинчи сабабини айтмадингиз?- деб сўрадим.

– Иккинчиси ва асосийси – онам доим кўз олдимда. Кўчадаги ишлар, ташвишлардан сиқилиб кетсам уларнинг юзларини кўриб барчасини орқага ташлайман.

Онам суратини куни билан кўрсам хам қаттиқ соғинаман барибир. Уйга шошиламан. Пешонамдан ўпиб кутиб олишларини тасаввур қилсам ишларимни янаям тезроқ битиришга уринаман.

– Соғинсангиз тез-тез телефон ҳам қилиб турасизми?

– Албатта. Икики соатдан ортиқ овозларини эшитмасам ўзимни қўярга жой тополмайман.

– Яхши…

Ичимда эса “Мақтанчоқ эканми, гўёки бошқалар онасини яхши кўрмайди” деган хаёл келди. Ўйлай бошладим, у билан ўзимни беихтиёр солиштириб. Онамнинг расмлари йўқ ёнимда. Телефонимда папкалар ичида чанг босиб ётганини айтмаганда. Уйга ҳам бу йигитдек шошмайман. Телефонда эса… Шу пайт унга қўнғироқ бўлди. Мендан узр сўраб машинани четга олди. Узоқ гаплашгани йўқ, лекин шу қисқа вақт ичида “Онажон”, “Лаббай”, “Хўп бўлади” каби сўзларни ишлатар, жуда хушмуомила бўлиб гапирарди. Унга разм сола бошладим. Телефонда гаплашяпти-ку ҳар сафар “Хўп бўлади” деганда эгилиб кетай деяпти, гўёки онаси қаршисида тургандек. Кўзларида эса қувончни кўрса бўларди. Худди ёш болакай онасига талпингандаги қувончдек. Фарқи шунда эдики ёнимда ёш бола эмас, кап-катта йигит ўтирар эди. У болаликдаги ўша меҳрни сақлаб қолган эди. Унга ҳавасим келарди. Агар бу йигитни онамлар кўрганларида эди – унинг онасига уларнинг ҳам ҳаваслари келиши аниқ эди. Ёки мендан қаттиқ ўксинардилар, шу йигитчалик эътиборли бўлмаганим учун. Негадир ичимдан бир аччиқ нарса тошиб кела бошлади. Овозим бўғилиб, ҳиқилдоғимга келиб тақалди. Манзилга қандай етиб борганимни билмайман. Мажлисда хам нинанинг устида ўтиргандек бўлдим. Тушлик пайти эса уйга шошдим, қўлимда онам севган гуллардан гулдаста. Уйга яқинлашганим сайин кайфиятим кўтарила бошлади. Мен жуда хурсанд эдим, онамни эса қанчалик севинишларини ўйлаб юзимда табассум билан эшик қўнғироғини чалдим.

– Ассалому алайкум, онажон.

– Ваалайкум ассалом. Тинчликми, бу пайтда келмасдинг-ку? – хавотир олиб сўрадилар.

Орқамда яшириб турган гулдастани узатдим:

­- Сизни жуда соғиниб кетдим!!!

Ижтимоий тармоқдан