Мақолалар

Жанозанинг макруҳлари

Чоп этилди Aprel 7, 2020 Жанозанинг макруҳлариda fikr bildirishni o'chirish

Уламолар жанозанинг қуйидаги макруҳларини санаб ўтганлар:

  1. Жаноза намозини ва дафнни кечиктириш. Агар маййитнинг ўзгариб кетиш хавфи бўлмаса, унинг валийси кутилади. Жанозага тўпланганлар жаноза намозини ўқимасдан қайтиб кетишлари ҳам макруҳдир. Жаноза намози ўқиб бўлингандан кейин маййит валийсининг изнисиз ёки бирон узрсиз дафнга қатнашмасдан қайтиб кетиш макруҳ ҳисобланади.
  2. Тобут қабристонга олиб борилгандан кейин у ерга қўйилмасидан олдин ўтириб олиш.
  3. Жаноза вақтида бирон маркабда туриш. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан қайтарганлар.

عَنْ ثَوْبَانَ مَوْلَي رَسُولِ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: رَأَي رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَاسًا رُكْبَانًا عَلَي دَوَابِّهِمْ فِي جَنَازَةٍ، فَقَالَ: أَلاَ تَسْتَحْسُونَ أَنَّ مَلاَئِكَةَ اللهِ يَمْشُونَ عَلَي أَقْدَامِهِمْ وَأَنْتُمْ رُكْبَانًا؟. رَوَاهُ ابنُ مَاجَه.

Савбон розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанозада маркабга миниб олган кишиларни кўриб: «Ҳаё қилмайсизларми? Аллоҳнинг фаришталари оёқларида турибдилар. Сизлар эса маркабда турибсизлар-а?» Имом Ибн Можа ва Термизий ривоят қилишган[1].

  1. Жаноза намозини тик туриб ўқишга қодир бўлатуриб, узрсиз ўтириб олиб ўқиш макруҳ.
  2. Жаноза олиб кетилаётганда Қуръон ўқиб ёки зикр айтиб овозни кўтариш. Чунки саҳобаи киромлар буни хуш кўрмаганлар.
  3. Жаноза кўтариб кетилаётганда олов ёқиб олиб кетиш макруҳдир. Бунга далил:

وَعَنْ عَمْرٍو بْنِ الْعَاصِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ لِابْنِهِ وَهُوَ فِي سِيَاقِ الْمَوْتِ: إذَا أَنَا مُتُّ فَلَا تُصْحِبْنِي نَائِحَةً وَلَا نَارًا فَإِذَا دَفَنْتُمُونِي فَشَنُّوا عَلَي التُّرَابِ شَنًّا ثُمَّ أَقِيمُوا حَوْلَ قَبْرِي قَدْرَ مَا يُنْحَرُ جَزُورٌ وَيُقْسَمُ لَحْمُهَا حَتَّى أَسْتَأْنِسَ بِكُمْ وَأَعْلَمُ مَاذَا أُرَاجِعُ بِهِ رسل رَبِّي. رواه مسلم

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида: «Агар вафот этсам, дод-вой солиб йиғлайдиганларни ва ўт ёқувчиларни ортимдан эргаштирманглар. Агар дафн қилсанглар, тупроқни оз-оздан ташланглар. Сўнг қабрим тепасида ҳайвон сўйиб, тақсимлашга кетадиган вақтча туринглар. Мен сизларга ҳамроҳ бўлиб, Раббимнинг элчисига нима деб жавоб беришга тайёрланиб олайин», дедилар. Имом Муслим ривояти[2].

  1. Жаноза орқасидан овозни кўтариб, бақир-чақир қилиб йиғлаб кетиш.
  2. Жанозага аёлларнинг эргашишлари.
  3. Тобут олдида юрувчи кишиларнинг жамоадан узоқлашиб, ажралиб кетишлари[3].

 

[1] Имом Ибн Можа. “Сунани ибн Можа”. Байрут: “Дорул жайл”. 1998, 3-жуз, 33-бет.

[2] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Ал-азкор мин каломи саййидил аброр». Тошкент: «Мовароуннаҳр» нашриёти, 2014, 209 – бет.

[3] Ваҳба Зуҳайлий. «Ал-Фиқҳул-исламий ва адиллатуҳу». Дамашқ: «Дорул-фикр», 1980, 2-жуз. 518-519-бет.

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан