Мақолалар

Неки бўлса, Яратганнинг иродаси билан бўлади

Чоп этилди Aprel 8, 2020 Неки бўлса, Яратганнинг иродаси билан бўладиda fikr bildirishni o'chirish

 

Балолар баъзида даҳшат солиб бостириб келади, баъзан эса шу қадар мулойимлик билан келадики, унинг қандай қилиб бўғзингизга чанг солганини сезмай ҳам қоласиз.

Қаранг, қаҳратонда Хитойда коронавирус пайдо бўлди. Шаҳарлар карантин бўлди: бозорлар, ишхоналар, ўқув муассасалари, таълим даргоҳлари… ҳамма-ҳаммаси ёппасига тақа-тақ ёпилди. Нега? Чунки бу вирусни юқтирган одамлар ўла бошлаган эди.

Дунёда одамларнинг хитойликларга муносабати ўзгарди. Уларни кўрса, коронавирусни учратгандек, қоча бошлади. Ҳатто Кўҳна Қитъада яшовчи хитойликлар “Биз вирус эмасмиз”, деб ёзилган плакатлар кўтариб намойишларга ҳам чиқди…

Одамзод азал-азалдан ҳар бир нарсанинг сабаби ва оқибатини билишга қизиқади. Бинобарин, ана шу иккисини билиш илм деб аталса керак. Коронавируснинг эса оқибати маълум – ўлим. Сабаби нима? Ана шу саволга ҳали ҳам тўлақонли жавоб топилгани йўқ. Фақат бугунги тахминлар дастлабки кезлардагига қараганда илмийроқ бўлиши эҳтимоли бор, ҳарҳолда.

Ҳосили калом, коронавирус учоғи бўлган Хитой ва бошқа ривожланган, хусусан, тиббиёт соҳаси илдамлаб кетган давлатлар олимлари бу касалликнинг сабабларини илмий лабораторияларда тадқиқ этаётган чоқда биз ҳам бекор ўтирмадик. Фаҳмимиз етгани қадар сабаблар қидирдик, баъзида топгандек ҳам ҳис қилдик ўзимизни, Гоҳида эса коронавирусга чалинганмисан? дея бир-биримизга ҳазил-мазахлар ҳам қилдик. Наздимизда, нима десак ҳам бизга ярашадигандек эди, у узоқда, бизга хавф сололмайди…

Кейин бир қарасак, шундоққина ёнимизда турибди. Жаҳонгашта бир опахон мафтункор ва бетакрор Францияга би-ир саёҳат қилиб келди-ю, коронавирусга юртимизда байъ очиб берди. Шу билан бошланиб кетди вируснинг шиддатли юриши. Шукрки, юртбошимиз ташаббусни ўз қўлига олиб, ҳукуматга тезкор чоралар кўришни топшириб шахсан ўзи вазиятни назорат қилиб турибди. Бўлмаса, ким билади ҳозиргача нималар бўларди!..

 

Машҳурликка интилишда коронавирусдан ҳам фойдаланиладими?

Лекин шундай чоқда ҳам касбий касаллик хуружи ортга чекинмас эканми, дейсиз, ҳайрон бўласиз. Эмишки, фалончи қўшиқчи ниқоб тақмагани учун жаримага тортилганмиш. Хабарга  қўйилган суратда эса ўша қўшиқчи вазирининг хонасида ниқоб тақиб одоблигина бўлиб ўтирибди.

Хўш, ўша қўшиқчи жарима тўласа нима бўлибди, шунга ҳам  ота гўри қозихонами? Тартибни бузганидан кейин тўлайди-да жаримани, деб энсаси қотган одам мутлақо ҳақ. Лекин бу хабарни тарқатишдан бошқа мақсад бор: халқнинг ёдига тушиб туриш, одамларнинг ўзаро гурунгларига мавзу бўлиш ва бошқа даъволар. Бунақа машҳурликнинг қошида жарима пули эса арзимаган чақа, холос.  Кимга тўй кимга аза деганлари шу бўлса керак-да.

 

Устини очиб ташлаётган болакайга ўхшаймиз

Кичкина болакайнинг устини ёпиб қўйсангиз, кўрпасини очиб ташлайди, совуққа чиққанда шарфини ўраб қўйсангиз, қўли билан пастга тушириб қўяди. У бу ишни сизга қасдма-қасдига қилади. Лекин сиз унинг  фойдасини кўзлаётганингизни, ўзи эса ўзига зарар етказаётганини билмайди. Одамларимизнинг бугунги қилиқлари ҳам ўша фойда-зарарни билмайдиган ўжар болакайнинг ишининг ўзгинаси. Биргина мисол, Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров вилоят аҳолисига мурожаатида: «24 февралда ҳукуматимиз томонидан умра сафарига бориш вақтинча тўхтатилганди. Аммо бу опахонимиз ҳою ҳавас қилиб, бошқа йўллар билан, Туркия орқали умрага борган. Мана шу ҳою ҳавас бу оилага қанчалик қимматга тушганини кўриб турибмиз. У онасидан ташқари, синглиси, қизи, набирасига ҳам ушбу касалликни юқтирган. 

Бундан ташқари, аниқлашимизча, зиёратдан келган аёлни кўргани 231 нафарга яқин қўни-қўшнилари, қариндошлари келган, у билан мулоқотда бўлган. Ҳозирда уларнинг барчаси текширувдан ўтказилмоқда. Худодан сўраймиз, уларга бу касаллик юқмаган бўлсин, деган эди.

Ҳукуматнинг халқимизни, яъни сизу бизни коронавирусдан ҳимоя қилиш мақсадида жорий этган чекловларини кўр-кўрона бузиш ҳолларининг ҳисоб-китоби йўқ. Муқаддас Умра зиёрати билан боғлиқ бу ҳодиса ҳаммасидан ўтиб тушгани боис шу мисолни келтириш билан кифояланиб қўя қолдик.

 

Юзсизлик

Давлат хизматлари агентлиги директори Халилулло Тўрахўжаев 31 март куни “курьерлик” учун стикер сўраган BMW X7, Mercedes, Leksus, Hyundai, Captiva, Malibu-2, Tracker автомобиллари эгаларига мурожаат ёзиб,Балки сизда уят, виждон каби ҳис-туйғулар камроқ, худбинлик эса кўпроқдир, лекин сизни жиноят кодексидаги жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи нормалари ҳам қўрқита олмайдими? Инсонийлик ҳис туйғулари ҳам шундай вазиятда уйғонмайдими?“, деганидан сўнг 9 минг киши аризасини қайтариб олибди.

Бу одамларнинг “олийжаноб”лигини қаранг! Агар бечораҳол бир одамнинг бирор нарсага эҳтиёжи бўлса, ҳожатбарор окахонлар BMW X7 да етказиб берармишлар. Ўша буюртмачи бечора машинанинг ҳашаматини ва эгасининг сарватини кўриб жўнатмани олишга ҳам журъат қилмаса кераг-ов.

 

Яна шуларнинг даври келиб қолди (ми?)

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, вирусга чалинганларнинг сони кун сайин ортиб боряпти. Шунга мутаносиб чекловлар ҳам кучайтириляпти. Олдин машиналар, кейин велосипедлар ҳаракати чекланди. Бугун эрталаб дўконга нонга чиқиб келаётсам, милиция ходимлари бир велосипедчини тўхтатиб турган экан. Бир кампир эса дарвозасининг олдида туриб олиб, минғирлаб мелисаларни қарғаб ётибди. “…яна шуларнинг даври келиб қолди”.

Яна ўша гап. Ўша велосипедчи-ю, кампир кабилар юртимизга коронавирус кириб келганига бир ой бўляпти ҳамки унинг хавфини ҳис қилгани йўқ. Ҳали ҳам ҳукуматга, милицияга  ўжарлик қилиб юрибди.

 

Дунёни қутқаринг – уйда ўтирсангиз кифоя

Ижтимоий тармоқларга бир инфографика жойлашибди. “1945 йил дунёни қутқариш”, деб ёзганда қурол ўқталиб югуриб бораётган аскарлар тасвирини жойлаган. Пастга эса “2020 йил дунёни қутқариш”, деб ёзганда эшилиб ухлаб ётган бир одамнинг расмини жойлаб қўйибди. Ҳақиқатан, кулгили манзара. Лекин реал воқелик ҳам шу эмасми!

Парвардигоримиз бизни урушлар, табиий офатлар ва бошқа фалокатлар гирдобига отмади. Уйимизда фарзандларимиз билан бирга роҳатланиб ўтиришимизни, китоб ўқиб илмимизни бойитишни ирода қилди. Бунинг шукрини қанча қилсак ҳам кам. Агар шунга ҳам кўрнамаклик қилсак оқибати маълум – коронавирус.

 

Бу бало нега келди?

Чунки феълимизда нуқсонимиз бор. Тарихдан биламизки, қачонки инсонларнинг феълида бузилиш пайдо бўлган эса, балоларга учраган. Бошқаларни қўйиб ўзимиз ҳақида гапирайлик. Дину диёнатли одамлар қандай бўлади? Айтайлик, миллатимиз гуллаб-яшнаган даврларда коронавирус деган касаллик пайдо бўлибди, унга саримсоқ пиёз ва лимон қаршилик кўрсатармиш деган хабар тарқалса, нима бўларди?

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, ўша заҳоти ана шу маҳсулотлар нархи арзонлашиб, бева-бечораларга текин тарқатиларди. Бизда эса ҳеч ким қарамай ётган саримсоқ пиёз бир зумда 90 мингга, килоси 6 минг бўлиб турган лимон эса 30 мингга кўтарилиб кетди.

 

Замонамиз қаҳрамонлари

Коронавирус хавфини назарига илмасдан давлат жорий этган чекловларга чап бериб юрган “азамат”ларни шу вирусга чалинган беморлар билан юзлаштириб қўйсангиз, ана ўшанда кўрасиз ўша “полвон”ларнинг аҳволини. Лекин дўхтирлар ва ҳамширалар эрта-ю кеч улар билан бирга, беморларнинг бошида парвона. Уларни қўлига қурол кўтариб душманнинг қаршисига кўкрак кериб чиққан жангчиларга ўхшатаверинг. Аммо бу душман ўта маккор, кўзга кўринмайди, айнан қайси тарафдан зарба беришини билиб олиш мушкул. Дўхтирлар ва ҳамширалар ана шундай хатарли душман билан кечаю кундуз курашаётир.

Насиб этса, яхши кунлар келиб, бу вирус юртимиздан кўтарилиб кетганидан кейин ана шу қаҳрамонлар кўрсатган жасоратлар ҳақида асарлар ёзилади.

 

Амалларимиз кўтарилаётган кечада ўтирибмиз

Бугун Бароат кечаси. Ер юзидаги жамики мусулмонлар туни билан ибодат қилиб ўтирибдилар. Имом Байҳақий ҳазратлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бароат кечаси ҳақида: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, деганлар. 

Ана шу муборак кечада дунё осмонига тушган Раббимиздан ёлвориб сўраймизки, Бутун дунёга таҳдид солиб турган коронавирусни Ўзи даф қилсин! Юртимизнинг тинчлигини барқарор қилсин, эл-юртимиз хотиржамлиги, соғлиги учун фидокорлик кўрсатаётган барча азизларимизга Ўзи меҳрибон бўлсин!

Дамин ЖУМАҚУЛ