Дунё янгиликлари

Коронавирусдан ўлим ҳолатлари экология билан боғлиқми?

Чоп этилди Aprel 8, 2020 Коронавирусдан ўлим ҳолатлари экология билан боғлиқми?da fikr bildirishni o'chirish

Олимлар коронавирус бўйича изланишлар натижасида қизиқ бир хулосага келишди. Гарвард университети сайтида эълон қилинган мақолада шу ҳақда ёзилган. Маълум бўлишича, ҳаво ифлосланиши даражаси юқори ҳисобланган ҳудудларда яшайдиган аҳоли орасида янги коронавирусдан ҳалок бўлаётган беморлар сони нисбатан кўпроқ экан.
Тадқиқотда қаттиқ жисмларнинг нафас ва юрак-қон томирлари тизимига салбий таъсири аввалдан кўпчиликка маълумлиги алоҳида таъкидланган. Шундан келиб чиқиб, мутахассислар айни таъсирлар COVID-19 белгилари чуқурлашишига ва натижада ушбу инфекцияни юқтирган беморларда ўлим эҳтимолини оширишига сабаб бўлишини тахмин қилишмоқда.
Изланувчилар АҚШ аҳолисининг 98 фоизи истиқомат қиладиган уч мингдан зиёд округдаги экологик вазиятга оид маълумотларни тўплаб, таҳлил қилиб чиқишди.
“Ифлос ҳавонинг узоқ муддатли таъсири инсон танаси чидамлилик даражасини камайтириб боради ва COVID-19 касаллиги салбий оқибатлар билан кечиши эҳтимолини кучайтиради”, – дейилади тадқиқотда.
Қайд этилишича, ҳатто ҳавонинг сезилмас даражадаги ифлослиги ҳам, масалан бир куб/метр жойда бир грамм зарарли модда ҳосил бўлиши муайян минтақадаги коронавирус билан хасталанган беморлар орасида кўнгилсиз натижалар 15 фоиз ўсиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Хуллас, олимларнинг фикрича, атмосфера ифлосланишини камайтириш мақсадида ҳаво сифати устидан назоратни кучайтириш лозим. Акс ҳолда касаллик туфайли юзага чиқаётган ёмон оқибатлар кўпайиб бораверади.

ЎзА