Дунё янгиликлари

Қозоғистон касаллик чўққига чиқишидан жиддий хавотирда

Чоп этилди Aprel 9, 2020 Қозоғистон касаллик чўққига чиқишидан жиддий хавотирдаda fikr bildirishni o'chirish

COVID-19 коронавирус эпидемиясининг салбий таъсири Қозоғистон иқтисодиётига 2008 йилги жаҳон молиявий инқирозидан кучли бўлади, деди Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев.

“Ҳозирданоқ, кейин нима қилишимизни ўйлашимиз керак. Иқтисод пасаймоқда. Балки, 2008 йилги жаҳон молиявий инқирозидан оғирроқ бўлар”, – деди Н.Назарбоев.

Назабоев эпидемиянинг чўққисига чиқилмаганини таъкидлади ҳамда ҳукуматга аҳолини озиқ-овқат ва тиббиёт анжомлари билан таъминлашга эътибор қаратишни топширди. “Ҳозир бутун дунёга қийин. Шу сабабли биз бир-биримизни ҳурмат қилган ҳолда бирлашишимиз ва чидаб беришимиз керак”, деди у.

«Қозоғистонда коронавирус инфекциясини юқтирганларнинг 19 фоизини тиббиёт ходимлари ташкил қилади», – дейилади Давлат бош санитария врачи Айжан Есмагамбетова келтирган маълумотда. У мамлакатда COVID-19 вирусини юқтирган 629 беморнинг 120 нафарини тиббиёт ходимлари ташкил қилишини таъкидлади.

Касалликка чалинган 120 нафар тиббиёт ходимининг 67 нафари коронавирусни юқтирганликда гумон қилинганларга ёки юқтирганларга бевосита ёрдам кўрсатган. Есмагамбетованинг сўзларига қараганда, вирусни юқтирганлардан бирининг аҳволи оғир, тўққиз нафари ўртача оғир аҳволда. 57 нафар тиббиёт ходимида касаллик енгил ёки симптомсиз ўтмоқда.

Бундан аввалроқ Қозоғистон ҳукумати эпидемиологияга қарши тадбирларга жалб қилинган тиббиёт ходимларининг маошига қўшимча ҳақ тўлаш режасини тасдиқлади. Агар тиббиёт ходими коронавирус инфекциясига чалингудек бўлса, Ижтимоий суғурта давлат фондидан унга икки миллион тенге (4,5 минг доллар), вафот этгудек бўлса оиласига 10 миллион тенге (22,5 минг доллар) берилади.

Маълумотларга кўра коронавирус тарқалган Хитойнинг ўзида 3 минг 300 нафар тиббиёт ходими вирусга чалинган. Бу — инфекцияга чалинган барча беморларнинг 4 фоизига тенг.

Қозоғистонда 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда, инфекцияни тўхтатиш мақсадида айрим шаҳарлар карантинга ёпилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги касаллик чўққиси апрель ойининг ўрталарида бўлишини ва инфекцияга чалинганлар сони уч ярим минг кишига етишини тахмин қилмоқда.

ЎзА