Мотуридия таълимотининг аҳамияти
Маънавий тарбияни тўғри йўналтириш, мафкуравий иммунитетни ошириш, халқни турли бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш ва диний билимларни ўзлаштиришда эътиқод ҳал қилувчи вазифани бажаради. Ақида инсоннинг ўй-фикр, ҳаракатлари натижасини белгилаб беради. Яъни, жамият тараққиёти соф ақида билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада мотуридийлик ақидаси бизга намуна бўлади. Олимларнинг мотуридия таълимоти ҳақида билдирган таърифлари фикримизни тасдиқлайди. Кафавий алайҳир роҳма Имом Мотуридий ҳақида бундай ёзади: “У мутакаллимлар имоми, мусулмонлар ақидасини тўғриловчи шахс… У бор кучини дин ҳимояси учун сарфлаган ва буюк асарлар ёзган ҳамда ботил ақида соҳибларига раддиялар берган”.
Шайх Абул Ҳасан Надавий “Рижал ал-фикр ва ад-даъва” асарида Имом Мотуридийни Имом Ашъарийдан устун санаган. Ибн Ҳажар Ҳайтамий ёзади: “Аҳли суннадан мурод аҳли сунна вал-жамоанинг икки имоми – Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир”.
Аҳли сунна вал жамоа учта тоифадан иборат:
1. Аҳли ҳадис. Улар самъий далиллар, яъни Қуръон, ҳадис ва ижмога асосланишган.
2. Ақлий тафаккур ва фикрий мушоҳада аҳли. Улар ашъарийлар ва ҳанафийлардан иборат. Ашъарийлар шайхи Абул Ҳасан Ашъарий, ҳанафийлар шайхи эса Абу Мансур Мотуридий саналади. Улар самъий далил келмаган ўринларда ақлий асосларга суяниш борасида бир хил эътиқодда.
3. Виждон ва кашф аҳли. Улар суфийлар бўлиб, асослари иккига – бошланиш ва ниҳояга бўлинади. Уларнинг бошланишдаги асослари юқоридаги икки тоифаники сингари. Ниҳоядаги асослари эса кашф ва илҳомга таянади.
Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий (Аллоҳ иккисидан рози бўлсин ва ислом дини учун қилган хизматларини яхши мукофотлар билан тақдирласин) янгича фикр-ғояни ўйлаб топмади, янги мазҳаб яратмади. Балки Расулуллоҳ алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлни
ботил эътиқоддан ҳимоялаб, салафи солиҳларнинг мазҳабларини ривожлантирди.
Саъид Рустуғфаний, Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий, Абу Аҳмад ибн Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий, Абу Абдураҳмон ибн Абул Лайс Самарқандий, Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Абдулкарим Паздавий, Абул Муин Насафий, Абул Маҳосин Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Масъуд Қунавий, Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафий, Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафий, Шамсуддин Самарқандий, Алоуддин Самарқандий, Алоуддин Косоний, Шаҳобуддин Аҳмад ибн Абул Маҳосин Таййибий Асадий Ҳанафий, Имом Касталий, Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний, Аҳмад ибн Мусо Хаёлий, Камол ибн Ҳумом, Мулла Али Қорий, Аллома Баёззода, Нуруддин Абул Маҳомид Аҳмад ибн Маҳмуд Собуний Бухорий, Ибн Обидин ва бошқа кўплаб машҳур олимлар мотуридия таълимоти асосида ижод қилиб, унинг ривожига катта ҳисса қўшдилар.
Бир сўз билан айтганда, мотуридия таълимоти Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги экани барча олимлар томонидан бирдек эътироф этилган.
Мотуридий олимлар кўплаб адашган фирқалар қаторида мўътазилийларга ҳам алоҳида раддиялар бериб келган. Мўътазилийларнинг ақидаси ботил эканини исботловчи далиллар мотуридийлик таълимоти бўйича ёзилган манбаларда ўз аксини топган. Бироқ ҳозирда сохта салафийлик ва мазҳабсизлик руҳида ёзилган адабиётларда мотуридия таълимотини мўътазиланинг бузуқ ақидалари билан қориштириб юбориш ҳолатлари кўп учрамоқда. Жумладан, Муҳаммад Солиҳ Мунжид ўз сайтида шундай дейди: “Мотуридийлар Аллоҳни ақл билан таниш масаласида мўътазилийларга мувофиқ йўл тутганлар”. Шубҳасиз, бу икки ақидавий йўналиш мазкур масалага фарқли ёндашади. Лекин орадаги фарқ жуда нозик бўлгани учун ҳар доим ҳам кўзга ташланмайди. Бу масалани тўлиқ англаш учун катта маҳорат ва чуқур билим талаб этилади.
Мамлакатимизда имом Мотуридий ва унинг таълимоти борасида бир қатор тадқиқотлар амалга оширилган. Бироқ, мотуридия таълимотининг асл моҳияти чуқур тадқиқ қилинмаган, қолаверса, Имом Мотуридий асарларининг таржималари ҳануз амалга оширилмаган. Бугун юзага келаётган англашилмовчиликлар, бўлинишлар эса Имом Мотуридийнинг асарларини кенг оммага етказиш учун ўзбек тилига ўгириш ҳамда мотуридия таълимотининг асл моҳиятини содда тилда баён қилиб беришимизни тақозо этади.
Бурҳониддин АҲМЕДОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинаси мудири ўринбосари