Саудия Арабистони: Коронавирус шаҳзодаларга ҳам юқди
New York Times газетасининг хабар беришича, Саудия Арабистони подшоҳлик оиласининг 150 нафар аъзосига ҳам янги коронавирус юққан. Улар орасида Риёз волийси Файсал ибн Бандар ибн Абдулазиз ҳам бор.
Хабарда айтилишича, пойтахт Риёздаги Подшоҳ Файсал номидаги касалхонаси раҳбариятига бу ерга “муҳим кишилар” ётқизилиши мумкинлиги, бироқ нечта бемор келиши мумкинлиги эса номаълумлиги айтилган. Касалхонада даволанаётган беморларни бошқа касалхонага жўнатишга кўрсатма берилган.
New York Times нашрига кўра, Саудия Арабистонида коронавирусга қарши курашиш учун чегараларнинг ёпилиши, комендантлик соатининг жорий этилиши, умра зиёратининг бекор қилиниши ва жамоат намозларининг тўхтатилиши сингари чекловлар ҳақида қарорларнинг қабул қилинишига подшоҳлик оиласи аъзоларининг касаллангани таъсир кўрсатган.