Хом гапга пишиқ жавоб: Ўз-ўзидан ясалган қайиқ
Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ёшлик йиллари эди. У вақтда Аллоҳга ишонмаган, яратиқлар ўзи пайдо бўлиб қолганини иддао қиладиган бир файласуф бор эди. Бу одам борган ерида сув ҳақида тортишар, баҳслашарди. У бир куни Куфага келиб шаҳар аҳолисига:
— Сиз нарсани Аллоҳ томонидан яратганини айтасиз. Мен эса яратиқлар ўз-ўзидан пайдо бўлганини айтаман. Шу ҳақда ким мен билан баҳслашади? — деди.
Мусулмонлар унга:
— Бир ёш олимимиз бор. Агар баҳсда уни енга олсанг, сени улуғларимиз билан кўриштирамиз. Улар сени қабул қилишади, — дедилар.
У бунга рози бўлди. Учрашув жойи ва вақтини белгиладилар.
Эртасига белгиланган вақтда халқ тўпланди. Аммо Абу Ҳанифа келмаган эди. Баҳслашишни кутаётган одам:
— Қани ўша сиз мақтаган ёш олим, нега ҳали ҳам келмади ёки мен билан баҳслашишдан қочдими, қўрқиб кетгандир-да, деб кула бошлаган эди ҳамки Абу Ҳанифа етиб келди.
Ҳалиги одам ундан: — Нега кеч қолдинг? Баҳслашишдан чўчидингми, воз кечгандирсан-а? — деди.
Имоми Аъзам унга:
— Йўқ, воз кечмадим. Ҳозир сенга: “Уйимиз дарёнинг нариги томонида эди. Ўтиш учун келсам, кўприк бузилиб кетибди. Энди дарёдан қандай ўтсам экан, деб тургандим, қарасам, дарахтлар ўз-ўзидан кесилиб, йўнилиб, бирлашиб, қайиқ бўлиб қолди. Қайиқ ўзи келиб, ёнимда тўхтади. Унга миниб, дарёни сузиб ўтдим ва етиб келдим” десам нима дейсан? — дедилар
Бу гапни эшитган ҳалиги одам кулганча:
— Эй нодон бола! Қайси замонда дарахтлар ўз-ўзидан кесилиб, йўнилиб, қайиқ бўлибди? Мени шу гапларга ишонади, деб ўйлайсан чоғи? — деди.
Абу Ҳанифа эса унга жавобан:
— Асл нодон сенсан! Модомики, бир қайиқ (сол)нинг ўз-ўзидан ясалганига ишонмас экансан, бу чек-чегарасиз борлиқнинг ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолганига қандай ишонасан? Бир қайиқки ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолмаса, бутун борлиқ қандай қилиб ўзидан ўзи пайдо бўлсин?
Абу Ҳанифанинг бу сўзларидан лол бўлиб қолган ҳалиги одам ўйлай бошлади. Ўзига ўзи: “Бу йигитча тўғри айтяпти. Ростдан ҳам бу олам ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолмайди. Демак, ҳамма нарсанинг бир яратувчиси бор!” деди. Сўнг ҳамманинг олдида калимайи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлди.
Туркчадан Абдулатиф Абдуллаев таржимаси