Режа қилдингизми, жар солманг!
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ишларингизнинг муваффақиятли якунланишини истасангиз, уларни яширинг. Чунки ҳар бир неъмат эгасининг ҳасадчиси бордир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Ошкор қилиб бошланган ишларнинг аксарияти ниҳоясига етмай қолганига кўпчилик гувоҳ бўлган. Олимлар 1926 йили бу борада тадқиқот ўтказиб (Курт Левин, АҚШ) натижада режасини ошкор қилган кишилар режаларини сир сақлаган одамлардан кам самарага эришганини кўрсатган.
1933 йили Вера Малер ошкор қилинган фаолиятни инсон мияси бажарилган деб ҳисоблашини аниқлади. Масалан, агар бирор киши бошқасига “Душанбадан спортга қатнайман” деса, унинг мияси (аниқроғи, нафси) уни спортга қатнашни бошлади деб ҳисоблайди ва ўйлаган нарсани ниҳоясига етказиб қўяди. Ҳолбуки, бу вақтда ҳали душанба кун кириб келмаган бўлади.
1982 йили Нью-Йорк университети профессори, психолог Питер Гольвитцер ошкор қилинган мақсад қанчалик амалга ошиши мумкинлигини аниқлаш устида тадқиқот олиб борди. У ҳуқуқшунослик факультети талабаларига сўровнома тарқатиб, қандай ютуқларга эришишни кўзлаётганини ёзишни сўради. Исм-шарифини ёзиш ёки ёзмасликни иштирокчиларнинг ихтиёрида қолдирди. Сўровномалар тўлдириб топширилгач, талабаларнинг аксарияти исм-шарифини ёзгани аён бўлди.
Тажриба шу билан якунига етгани йўқ. Орадан бирмунча вақт ўтгач, тадқиқотчилар талабаларнинг мақсади йўлида қанчалик собитлигини билиш учун ҳуқуқшунослар керак бўладиган сунъий вазият ҳосил қилишди. Унда йигирмата мураккаб криминал иш таклиф этилди. Бу жараёнда талабалар ўзларининг лаёқатини ишга солиши, шунинг баробарида қимматли тажриба орттириши мумкин эди.
Ўшанда кучли ҳуқуқшунос бўлиш ниятида эканини эълон қилган талабалар ана шу ишларни юритишдан бош тортди. Аксинча, мақсадини аён қилмаганлар ишларни юритувга олди ва охиригача олиб борди.
Гольвитцер айни талабалар иштирокида яна бир тажриба ўтказди. У талабаларга олий суднинг турли ҳажмдаги бешта расмини кўрсатди ва иштирокчидан “Ўзингизни қанчалик яхши ҳуқуқшунос деб ҳис қиласиз?” деб сўради. Иштирокчи саволга фотолардан бирини танлаш йўли билан жавоб бериши керак эди. Уларга қанчалик катта ҳажмдаги фотони танласа, ўзини шунчалик юқори баҳолаган бўлиши тушунтирилди.
Буни қарангки, биринчи сўровномада касби бўйича юқори поғоналарни забт этишни ошкора ифода этган ва амалиётда қатнашишга журъат қилмаганлар энг катта фотони танлашди. Режаларини сир тутганлар ва амалиётни аъло баҳога ўтаганлар эса яна камтар бўлишди.
Психологларнинг таъкидлашича, ошкор этилган сўз ва эълон қилинган ваъда инсоннинг миясида гўёки бажарилгандек тасаввур уйғотади. Бу худди ваъдани ошкор қилиш уни бажариш ва эришиш билан баробардек. Одатда ўзининг режалари ҳақида бонг урган одам бунинг учун мақтовни бўнак сифатида олади. Ана шу бўнакдан ҳосил бўладиган хурсандчилик ва мамнуният туйғуси ўша ишни бажаришга бўлган иштиёқни сусайтириб қўяди.
Тадқиқотлар натижалари бизни қуйидаги хулосага келишга ундади: мақсадимизни сир тутиб, бажариб олганимиздан кейин ўртоқлашганимиз фойдали.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ишларингизнинг муваффақиятли якунланишини истасангиз, уларни яширинг. Чунки ҳар бир неъмат эгасининг ҳасадчиси бордир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан