Амир Ҳамзанинг мусулмон бўлиши
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Бир куни Абу Жаҳл Пайғамбаримиз билан дин тўғрисида сўз талашиб, кўп адабсизлик қилди. Қони қайнаб, ғазаби қўзғолиб, ўз ҳаддини билмай, уришга ҳам қўл кўтарди. Пайғамбаримиз бу ишдин кўп маъюс бўлдилар. Амакилари амир Ҳамзанинг хотуни бу воқеа устида қараб турган эди. Абу Жаҳлнинг қилган беадабчилигига киши чидаб турарлик эмас эди. Шунга ҳам Пайғамбаримиз сабр қилдилар. Аммо ул хотуннинг Пайғамбаримизга раҳми келиб, йиғлаганича уйига қайтди, чунки бу хотун яширинча мусулмон бўлиб, динга кирганлардан эди. Шул куни амир Ҳамза ўқ-ёйларини осиб ов қилмоқ учун саҳрога чиққан эди, овдин қайтиб уйга кирса, хотуни йиғлаган ҳолда ўтирибдур. Буни кўриб:
– Нима бўлди, на учун йиғладинг? – деб сўраганида, хотуни айтди:
– Мен ким учун йиғлар эдим? Йўқлар-излар қариндоши қолмаган, ўз юртида ғариб бўлган Муҳаммаднинг дардига йиғлайман. Акангнинг ўғли Муҳаммадни малъун Абу Жаҳл қандоқ хорлади, агар кўрган бўлсанг, сен ҳам йиғлар эдинг, – деб яна кўзига ёш олди.
Буни эшитган амир Ҳамзанинг қариндошлик ҳамияти қўзғолиб, қаттиқ ғазаби келди. Шу онда ўқ-ёйини қўлида тутганча, отига миниб, Абу Жаҳл мажлис қуриб ўтирган Абу Қубайс тоғига чопганича чиқиб борди. Келаётган амир Ҳамзага Абу Жаҳлнинг йироқдан кўзи тушди. Ёнида ўлтиришган ўзига қарашли кишиларга қараб:
– Ҳамзанинг келиши бузуқроқ кўринади, бундан олдинроқ Муҳаммадга тилим тегиб, уришга қўл узатиб, унга кўп озор берган эдим, агар шул тўғрида келаётган бўлса, у ҳар нарса қилса, нима деса, ҳақи бордур. Сизлар бу ишга аралашгувчи бўлманглар, яна бизга ўчакишиб, Муҳаммадга имон келтириб кетмасун, – деган сўзни бирга ўлтирган йўлдошларига қаттиқ топширди. Бу орада амир Ҳамза ҳам етиб келди, сўзга келмасдин бурун Абу Жаҳлнинг ёқасидан тутиб:
– Эй фосиқ, Муҳаммаднинг ҳеч кими йўқ, эгасиз киши деб ўйлаган эдингми? – деб қўлидаги ўқ-ёйи билан уриб эди, ул малъуннинг боши ёрилиб кетди. Буни кўрган, ўзига қарашли қабила йигитлари Абу Жаҳл ҳимояси учун ўринларидин сакрашиб турдилар. Лекин Абу Жаҳл бунинг узрини айтиб, уларни бу ишга аралашгани қўймади. Балки ҳийлагарлик қилиб, бирмунча юмшоқ сўзлар билан амир Ҳамзани ғазабидин туширди. Сўнгра амир Ҳамза Пайғамбаримизга кўнгил айтиш учун келиб, уйларидин топмади. Қараса, Байтуллоҳда маъюслик билан ўлтирган эканлар. Устиларига келиб, ҳол сўраганида Пайғамбаримиз:
– Мени ўз ҳолимга қўйинглар, уруғ-аймоқ, ёрдамчиси йўқ, ўз элида ғариб бўлган одамман, – дегандек сўзларни айтиб, муборак кўзларига ёш олдилар. Буни кўрган амир Ҳамза Пайғамбаримизга кўп ачинди. Абу Жаҳл билан бўлган воқеада уни уриб бошини ёрганларини гапириб берса ҳам, чиройлари очилмади. Анда амир Ҳамза:
– Эй қариндошимнинг ўғли, зоди (ахир) нима қилсам рози бўлурсан? Деганингни қилайин, – деди. Анда:
– Имон келтурсанг, рози бўлурман, – деб табассум қилдилар. Шул ҳолда тафвиқи илоҳий ёр бўлган экан, дарҳол амир Ҳамза шаҳодат айтиб, имонга мушарраф бўлди.
Ҳазрат Арқам уйидаги хуфёна йиғилишган саҳобаларга қўшилиб, Қуръон ўрганишга киришди. Бутун мўминлар амир Ҳамзанинг имон келтирганига ортиқча хурсанд бўлишиб, ул зотни такбир билан қарши олишди.
Ҳазрати Ҳамзанинг мўминлар сафига кириши дин ривожига зўр қувват бўлди. Чунки амир Ҳамза ёлғиз Қурайш ичида эмас, бутун араблар орасида баҳодирлик атоғини кўтарган йигитлардин эди. Шунинг учун бу зотнинг имон келтириши Исломнинг кучайишига йўл очди.
Алихонтўра СОҒУНИЙнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан.
Давоми бор…
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан