Нега ҳаққа шукрона йўқ?
Ҳақ берганин единг, юрдинг,
Мазасини татиб кўрдинг,
Роҳатланиб даврон сурдинг,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Зилол сувдан қониб ичдинг,
Қанча исроф қилдинг – кечдинг,
Айшу ишрат тўнин бичдинг,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Уруғ қадаб тупроқ – ерга
Буғдой елпиб шамол – елда,
Ҳолинг йўқми Раббим… дерга,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Гўё олам ўзи бордай,
Ёруғ дунё сенга тордай,
Бири азиз, бири хордай,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Ўзи берди – фарзанд кўрдинг,
Қучиб, ўпиб, кўзга сурдинг,
Соч оқариб, роҳат кўрдинг,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Жон оғриса, Худо дейсан,
Сенга жоним фидо дейсан…
Шифо берса, ғино дейсан,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Шароб деса қувонасан,
Фисқу фасодда ёнасан.
Ҳақ амриданми тонасан,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Ота-онанг ёдингда йўқ,
Ватан дарди қалбингда йўқ,
Тўрт мучанг соғ, кўнглинг ҳам тўқ
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Худо берган имонимиз,
Унингдир жисму жонимиз.
Раҳмлидир Раҳмонимиз
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Эй бандаси, бўлма беор,
Бул дунёнинг Эгаси бор.
Ширк келтирма Ҳаққа зинҳор,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?
Ҳар берганин сўроғи бор,
Жаннати ҳам, дўзахи бор.
Ёрлақасин Парвардигор,
Нега Ҳаққа шукронанг йўқ?..
Хушвақт ЖУМАЕВ
Иштихон тумани
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 2-сонидан