Мақолалар

Интернетдан бузғунчилик мақсадида фойдаланишади

Чоп этилди Aprel 13, 2020 Интернетдан бузғунчилик мақсадида фойдаланишадиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳозирги глобаллашув даври маънавий тарбияни янада кучайтириш, ёшларни ғаразли ғоялар таъсиридан ҳимоялашни тақозо этмоқда. Ёш авлоднинг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур. Ёш авлодни диний-миллий қадриятлар асосида тарбиялаш улар қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғўнчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.

Глобал ахборот тизимидаги хабарларни «фильтрсиз» қабул қилиш оқибатида ёшлар онги заҳарланмокда. Интернет сайтларидан тарқатилаётган ҳар хил ёт ғоялар ва ахборотларни ёшлар томонидан қабул қилинаётганлиги ва унинг оқибатлари жахондаги барча мамлакатлар халқларини ҳам ташвишга солмокда.

Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали таркатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.

Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Ҳаммамизга маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузгунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкитп каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.

Кейинги пайтларда интернет билан боғлиқ бузғунчилар, глобал тармоқдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Айниқса, террорчи ташкилотлар залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳаларни кенг ёйишмоқда ва ёшларни ўз домига тортмоқда.

Яна ушбу террорчи ташкилотлар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» ёки «ҳидоятга чорловчи» сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмоқда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йўқ, фақаттина тўдабошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошкаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли “жозибали” сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.

Бугунги кунда халқаро террористик ва экстремистик кучлар ғоявий ва диний сохта ақидаларни тарқатишда хорижий мессенжер ва тармоқлардан фаол фойдаланишмоқда. Улар орасида Telegram, Viber, WhatsApp ҳамда Skype тармоқлари энг кўп оммалашган.

Ёшларимизни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш учун интернет оламидан тўғри фойдаланишга ўргатишимиз, уларни китобхонликка қизиқтиришимиз керак.

Авазбек ТЎРАЕВ

Норин тумани “Қурбон ота” жомеи имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 4-сонидан