“Рисолаи қудсия”дан ҳикматлар
Мусулмонлик, (динимизда) ҳукмларига тўла бўйсуниш, тақвога риоя қилиш, амални азм билан бажариш ва қувват етгуни қадар рухсатлардан узоқ бўлиш кабиларнинг барчаси нур, сафо ва раҳматдир.
Сен халқни ўз мезонинг билан ўлчама, ўзингни сиддиқлар мезони билан ўлча. Шундагина уларнинг афзаллигию ўзингнинг ноқислигингни биласан.
Албатта, машойихларнинг каломи бир-бирини тафсир қилади.
Маърифат ва одобнинг камоли шуни тақозо қиладики, маҳбуб бўлган валий ўз истагини Ҳақ истагига тобе қилади. Ҳақ истагини ўз истагига тобе қилмайди.
Банданинг ихтиёр сифати ва табиий хоҳишлари қанча камайса, нафсининг таъсири шунча камаяди. Ва бундан банданинг Ҳақ субҳонаҳу ва таолога қурбати зиёда бўла бошлайди.
Поклигингизни жамласангиз, Аллоҳ сизларнинг барча паришон ишларингизни жамлайди.
«Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман» (Бақара сураси, 152-оят) ояти Ҳақ субҳонаҳуни ҳаққи рост зикр қилувчиларга бериладиган тавфиқ тўғрисидадир.
Ҳар қандай ибодатнинг бош мақсади Худованд азза ва жаллани зикр қилмоқдир. Бу билан банда улуғ саодатга эришади, бу дунёдан кетгач, унга Ҳақ таолонинг унс ва муҳаббати ғолиб бўлади. Унс ва муҳаббат эса фақатгина унинг қилган зикрлари туфайли бўлади.
Мусулмонликнинг асли “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтмоқдир. Бу айни зикрдир. Қолган ибодатлар эса бу зикрнинг таъкидидир.
Тариқат машойихлари барча зикрлар орасидан “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни ихтиёр қилдилар. Ва пайғамбар алайҳиссаломдан ҳам “Зикрларнинг афзали “Лаа илаҳа иллаллоҳ”дир”, деган ҳадис ворид бўлган… Ҳақиқатда ҳазрат Ҳақ субҳонаҳунинг йўлига фақатгина шу калима бошлай олади.
Олим ОЛТИНБЕК тўплади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 4-сонидан