Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Aprel 13, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Ҳурматли устозлар, ражаб ойининг фазилати, унда қилинадиган ибодатлар ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари бу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис шу ном билан аталган.

Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларимиз Рамазон ойидан сўнг тутган рўзалари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўрашар эди. Ражаб ойи келганда эса Рамазонга соғ-саломат етишни сўрар эдилар. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломдан заиф санад ила ҳадис ҳам ривоят қилинган: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин”, дер эдилар» (Имом Ибн Асокир ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Имом Нававий ва Ибн Ражаб заиф ҳадис деган).

Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана ва баллиғнаа Рамазона”.

Машҳур тобеинлардан бўлган Абу Қилоба раҳимаҳуллоҳ ражаб ойи фазилати ҳақида бундай деган: Омир ибн Шиблдан ривоят қилинади, Абу Қилоба розияллоҳу анҳудан эшитдим, у зот айтадилар: “Ражаб ойида рўза тутувчилар учун жаннатда бир қаср бор” (Имом Байҳақий ривояти).

Шундай экан, имкони бор кишилар ражаб ойидан бошлаб, нафл рўзаларни тутиб, Рамазон рўзасига ўзларини тайёрлаб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, халқимиз орасида ражаб ойида қилиш шарт, деб тушуниладиган ибодатлар пайдо бўлган. Аслида, уларнинг асоси мавжуд эмас. Шариатимиз кўрсатмаларида ражаб ойининг муайян бир кунини рўза билан хосланмаган. Бу борада келган барча ҳадислар “мавзуъ”, яъни тўқима эканига барча муҳаддис уламоларимиз иттифоқ қилишган.

Аслида нафл рўза тутиш, нафл намоз ўқиш савобли ишлардан. Лекин бунинг учун муайян кунни белгилаб, ушбу иш шариат кўрсатмаси деб, одат қилиб олиш ҳамда бунга далил сифатида турли тўқима ҳадисларни ривоят қилиш тўғри эмас. Айниқса, ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида “Рағоиб намози”ни адо этиш борасида нақл қилинган ҳадисларнинг барчаси тўқима бўлиб, унга амал қилинмайди. Чунки унинг бидъат эканини Ибн Нужайм, Ибн Обидин ва Абдулҳай Лакнавий каби муҳаққиқ уламоларимиз очиқ-ойдин айтиб ўтишган (“Баҳрур-роиқ”, “Раддул Муҳтор”, “ал-Осорул марфуъа фил-ахборил-мавзуа”).

Демак, ражаб ойида ҳам бошқа ойларда бўлгани каби нафл рўза ва намозлар бирор кунга белгиламасдан, одат қилиб олмасдан ўқилаверади. Шундагина шариатимизда кўрсатилмаган турли бидъат ва хурофотдан узоқ бўлинади. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Диний китобларни ўқиганимда аксарият аҳкомлар, насиҳат ва кўрсатмалар айнан эркаклар учун эканмикин деб, мулоҳаза қилиб қоламан. Шаръий кўрсатмаларда аёллар учун ҳам буйруқлар борлиги маълум. Лекин нима учун кўп буйруқларда эркакларга хитоб қилинган? Шуни изоҳлаб берсангиз.

Жавоб: Қуръони каримдаги хитоблар фақат эркакларга хос эмас. Умумлаштириб кўрганимизда ундаги хитоблар уч хил бўлади:

1. Фақат эркакларга қаратилган хитоблар. Одатда бу хитоблар эркакларга хос ҳукмларда бўлади. Масалан: “Хотинларингиз сизлар учун зироатгоҳдир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган жиҳатингиздан келаверингиз…” (Бақара сураси, 223-оят).

2. Фақат аёлларга қаратилган хитоблар. Одатда бу хитоблар аёлларга хос ҳукмларда бўлади. Масалан: “Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар. Агар улар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, бачадонларида Аллоҳ яратган нарса (ҳомила ёки ҳайз)ни яшириш лари ҳалол (иш) эмас” (Бақара сураси, 228-оят).

3. Лафзда эркакларга айтилган, аслида эркак ва аёлларга қаратилган умумий хитоблар. Масалан: “(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!” (Бақара сураси, 238-оят).

Бу турдаги хитобларга “Эй, имон келтирганлар…”, “Эй, Одам ўғиллари…”, деб бошланадиган оятларни ҳам мисол келтириш мумкин. Эркакларга хитоб қилиб, унинг замирида аёлларнинг ҳам назарда тутилиши, араб тили қоидаларига мувофиқдир. Шаръий қоида ва ҳукмларни жорий қилишда умумий хитоб қилиш услубларига ҳам мос келади. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин:

а) Қуръони каримдаги аксарият ҳукмлар эркаклар ва аёллар учун умумийдир. Агар ҳар бир оятда аввал эркакларга сўнгра аёлларга хитоб қилинса, бу балоғат ва фасоҳатга зид келади. Масалан: “Эй имон келтирган эркаклар ва эй имон келтирган аёллар” ёки “Эй Одам ўғиллари ва эй Одам қизлари”, дейиш гапни ноўрин чўзиш ҳисобланади. Бу Қуръоннинг балоғатига тўғри келмайди.

Маълумки, Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Араб тилида жинс категорияси мавжуд. Ўзбек тилимизда эса бу категория ишлатилмайди. Араб тили олимлари эркак ва аёлларга умумий хитоб қилишда эркаклар жинси категориясидан фойдаланишга иттифоқ қилганлар. Бу қоида тилга осон бўлгани учун жорий бўлган.

б) Шаръий хитобларда барчани назарда тутиб эркакларга хитоб қилиш инсониятнинг яратилиши ва хилқатига ҳам мос келади.

Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: (У) сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (Ҳаввони пайдо) қилди” (Зумар сураси, 6-оят).

Динимиз хитобларида аёлларнинг эркакларга тобе бўлиши уларнинг яратилишда ҳам эркакларга тобе бўлишига мувофиқ келади.

в) Аллоҳ таоло эркакларга жамиятда катта масъулият юклаган. Улар оила бошлиғи, аёллари ва болаларини нафақа билан таъминловчи, имом ва сиёсат юритувчи ҳисобланадилар. Шунинг учун асосий хитоблар уларга қаратилади. Аёллар эса аксарият ҳолатларда уларнинг таъминоти ва ҳимояси остида бўладилар. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Ҳозир афсуски, Сеҳр-жоду қилиш кўпаймоқда. Сеҳр қилишнинг ҳукми қандай?

Жавоб: Сеҳр динимизда тақиқланган, ҳаром ишлардан ҳисобланади. Сеҳрни ҳалол деб қилаётганлар имонидан ажрайди. Сеҳргар охиратда насибаси йўқ кишидир. Сеҳр билан шуғулланадиганлар тезда тавба қилишлари лозим.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом еттита ҳалок қилувчи гуноҳни санаб, Аллоҳга ширк келтириш ва ноҳақ одам ўлдириш каби катта гуноҳлар қаторида сеҳрни зикр қилганлар: “Етти ҳалок этувчидан четланинг”. Одамлар: “Улар нималар, ё Аллоҳнинг Расули?”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи  ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш ва солиҳа, мўмина, покдомон аёлларни зинода айблаш”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳанафий мазҳабимизуламолари сеҳргар сеҳр амалини қилиши билан диндан чиқади, дейдилар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уни (Аллоҳнинг Китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!”

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими Абдулатиф ТУРСУНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 4-сонидан