Порахўрлик – оғир гуноҳ, порахўр лаънатлангандир
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Олий мажлисга Мурожаатномасида коррупция “ёвуз бало” эканлигини таъкидлаб, жамиятимиз аъзоларини “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланишга ундади. Хўш, порахўрлик аслида нима?
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “порахўр” ҳақида шундай дейилади: “Порахўрлик – (пора еювчи, олувчи). 1. Пора оладиган, порага ўрганган. 2. Пора олиш билан шуғулланувчи киши”. “Порахўрлик” атамаси аслида ўзбек тилига форс тилидан кирган. Унинг араб тилидаги маънодоши эса “ришва”дир. Ўзбек тилида ҳам “порахўр” билан бирга “ришва” ҳам ишлатилади. Бу ҳақда Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “Ришва(т)хўр – ришва еювчи, порахўр” дейилади.
Маълумки, иллат бор экан, унга нисбатан ҳар қачон ҳукмлар ҳам бўлади. Ислом шариатида порахўрлик гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Имом Шамсиддин Заҳабий “Гуноҳи кабиралар” китобларида олтмиш олтинчи гуноҳи кабира мавзусида порахўрликни келтирган. Порахўрлик бировнинг молини ноҳақ ейишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:
“Бир – бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар” (Бақара сураси, 188-оят).
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Тафсири Ирфон” китобида ушбу оят тафсирида: “Молларни ноҳақ ейиш”нининг маъноси ўғирлик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фирибалдов билан ўзлаштириш, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб кетиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритишдир. Юқоридаги усулларнинг ҳар бири орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган”, деб ёзади.
Порани олган ҳам, берган ҳам, ўртада воситачилик қилган киши ҳам гуноҳкордир. Бу ҳақда ҳам “Тафсири Ирфон”да: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ пора берувчини ҳам, олувчини ҳам, ўрталарида турганни ҳам лаънатлади”, деганлар. Уламолар “лаънатлади” сўзининг маъносини “ҳаром қилди”, деб шарҳлашган. Айрим уламолар: “Пора берувчининг мақсади мусулмонга озор етказиш ёки ҳаққи бўлмаган нарсани қўлга киритиш бўлса, у лаънатлангандир. Ҳокимнинг эса, биронбир ҳақни бекор қиладими, зулмни даф қиладими–фарқи йўқ, пора олиши ҳаром.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом барчамизни пора беришдан, пора олишдан ва ўртада воситачилик қилишдан қайтариб бундай деганлар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни нопок ва гуноҳ амаллардан қайтиб, ҳалол ишлар билан икки дунё саодатига муваффақ қилсин.
Пора ҳақдорга ўз ҳақининг берилишига тўсқинлик қилгани учун ҳам динимизда қаттиқ қораланади. Агар жамият ривожланишини, турли иллатларнинг барҳам топишини истасак, аввало ўзимизни, атрофимиздагиларни бундан қайтаришимиз лозим.
Руҳиддин АКБАРОВ
Қарши туманидаги “Акбар Халифа ибн Мухтор” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 4-сонидан