Мақолалар

Хотиннинг эрига итоатсизлик қилиши

Чоп этилди Aprel 14, 2020 Хотиннинг эрига итоатсизлик қилишиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчидир. СабабАллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз молмулкларидан сарф қилиб туришидир. (Аёллар ичида) солиҳаларибу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)дир. Хо­тинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг. Аммо сизларга итоат қилса­лар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ  олий ва улуғ Зотдир» (Нисо, 34).

Муқотил (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бу оят ансорий Саъд ибн Робиъ ҳақида нозил бўлган. У рашкчи эди. Хотини Хубайба бинти Зайд ибн Абу Ҳурайра ҳам ансорлардан эди. У хотинини итоатсизлиги учун урди. Отаси қизини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га олиб бориб: “Саъдга қизимни берган эдим, уни урибди”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эридан қасосини олсин”, дедилар. Аёл отаси билан қасос олиш учун чиқди. Шун­да Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайтинглар, менга Жаброил (алайҳиссалом) келди, биз бир ишни хоҳлаган эдик, Аллоҳ бошқа ишни хоҳлабди. Аллоҳнинг хоҳлагани яхшироқдир”, дедилар ва қасос олишдан қайтардилар» (“Асбобун нузул”, 128-б.).

Абу Равқ: “Бу оят Жамила бинти Убай ва унинг эри Собит ибн Қайс ибн Шаммос ҳақида нозил бўлган”, дейди.

Калбий эса: “Бу оят Умайра бинти Муҳаммад ва унинг эри Саъд ибн Роби ҳақида нозил бўлган”, дейди (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 103-б.).

Бу оят эркакларнинг аёлларига ширинсўз ва хушмуомалалик билан одоб беришларига далолат қилади. Агар аёллар эрларининг ҳақларини поймол этишмаса, уларга ёмонлик қилиб бўлмайди (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 103-б.).

Эркак зотининг баъзи хусусиятларда аёл кишидан ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикмат бор. Тафсирларда, жумладан, шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос қуйидаги хусусиятлар қайд этилган: пайғамбарлик, ҳукмдорлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номининг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олиб, аёл кишининг эрига итоатли, иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши талаб этилган.

Баъзи кишилар арзимас сабаб билан аёлини уришга, сўкишга журъат қилади. Бу ишлари хатодир. Ҳар қандай оилавий можарони тинч йўл билан, оқилона ҳал этиш мумкин.

Видолашув хутбасида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “…Аёлларингизга яхшилик қилишни тавсия этаман. Улар сизларнинг барча ишларингизда ёрдамчиларингиздир. Фақат итоатсизлик ва ахлоқсизлик қилишса, уларни енгилгина уринг” (Имом Термизий ривояти), (“Лубобут таъвил фи маъониттанзил”).

Воҳидий (розияллоҳу анҳу) айтган: “Бу оятдаги “итоатсизлик”­дан мурод, эрга осийлик қилиш, яъни, такаббурлик билан эрининг буйруқларига қарши иш юритишдир”.

Ато (розияллоҳу анҳу) айтган: “У (яъни итоатсизлик) – аёлнинг эри учун ўзига оро бермаслиги (хушбўйлик сепмаслик), эри­нинг ундан ҳузурланишига йўл қўймаслиги ва илгаригидай эрига бўйсуниш ҳолатининг ўзгариб қолишидир. Бундай хотинларга Аллоҳнинг Китоби ила “панд-насиҳат қилинглар”, Аллоҳ уларга буюрган ишларни эслатинглар”.

“… уларни ётоқларда тарк қилинг”.

Бу оятни Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Тўшакда хотинига орқа ўгириб, гапирмай ётишидир”, деб, Шаъбий ва Мужоҳид эса: “Хотини билан бир жойда ётмаслик, яқинлашмаслик”, деб тафсир қилган (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 104-б.).

“… уларни уринг!”

Оятда аввал яхши муомала қилиш, кейин алоҳида ётиш ва шунда ҳам итоат қилмаса, кейин уришга буюрилди. “Уриш”дан мурод, қаттиқ уриш, аъзосини синдириш, кўкартириш эмас, бал­ки тузатиш мақсадида секин уриш назарда тутилган (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 104-б.).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Одоб бериш учун кафти билан кўксига туртиш каби”, деган.

Эр хотинининг итоатсизлигини ушбу оятда зикр қилинганидай, Аллоҳ изн берган тарзда тузатиши, бартараф этиши лозим.

“Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аёлларингиз хусусида Аллоҳдан қўрқинг, чунки уларни Аллоҳнинг омонати сифатида қабул қилдингиз ва уларни Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилиб олдингиз. Уларнинг вазифаси сизга итоатли бўлишдир. Агар итоатсизлик қилишса, уларни жонини оғритмай уринг” (Имом Муслим ривояти).

Шаъбий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Бир аёл Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига келиб: “Эй мўминлар амири! Сизга инсонларнинг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шун­дай одам, яхши амал борасида унга етадиганлар жуда оз. Кечаси тонг­гача намоз ўқийди ва кундузлари доимо рўзадор бўлади”, де­га­ни­дан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолма­ди ва: “Эй мўминлар амири, мени кечиринг”, деди. “Яхши, Аллоҳ сен­дан рози бўлсин. Сен эрингни жуда яхши сифатлар билан мақта­динг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ”, де­ди Умар (розияллоҳу анҳу). Аёл чиқиб кетди. У кетгач, ўша ерда турган Каъб ибн Сур (розияллоҳу анҳу): “Эй мўминлар амири, аёл уялиб, шикоятини айта олмади”, деди. “Аёлнинг қандай шикояти бор эди?” деб сўради Умар (розияллоҳу анҳу). “Аёл эридан эр-хо­тинлик ҳақларига риоя қилмаётир”, деб шикоят қилмоқчи эди.Шундан сўнг Умар (розияллоҳу анҳу) аёлни ортига қайтариб, эрига ҳам хабар юборди ва аёлнинг эри келгач, Каъбга: “Ораларида сен ҳакамлик қил”, деди. “Сиз шу ерда экансиз, мен қандай ҳакамлик қиламан”, деди Каъб. “Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этиш сенинг ҳақ­қингдир”, деди Умар (розияллоҳу анҳу).

Шунда Каъб ҳалиги одамга: «Аллоҳ таоло эркакларга хитоб қилиб: “Агар етим қизларга адолатли бўла олмасликдан қўрқ­сангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар(Нисо,3), дея марҳамат қил­ганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи кун тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлинг ёнида ётишинг лозим», деди.

Эр-хотин кетишгач, Умар (розияллоҳу анҳу) Каъбга: “Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир”, деди ва уни Басрага қози этиб тайинлади».

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм