Саломатлик

Дарди бедавонинг давоси яқин

Чоп этилди Aprel 14, 2020 Дарди бедавонинг давоси яқинda fikr bildirishni o'chirish

Барча мамлакатларни бирдай ташвишга солган COVID-19ни батамом бартараф этувчи дори воситалари қачондир ўйлаб топиладими ёки бу касаллик ҳам мавсумий касалликлар қаторида инсон организмини шикастлаш эҳтимолидан ҳоли қоладими?

Бу мураккаб саволга жавоб барчани бирдек ўйлантирмоқда. Коронавирус эпидемияси нафақат ўлим билан боғлиқлиги таҳликали, балки жуда катта миқёсдаги иқтисодий-гуманитар инқирозни келтириб чиқаргани билан ҳам хатарлидир.

Шу туфайли дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, бу вирусга қарши курашувчи дори воситалари ва синовдан ўтказилаётган вакциналар барчанинг диққат марказида турибди.

Ҳатто вакциналарни молиялаштиришда “Facebook” ижтимоий тармоғи раҳбари Марк Цукерберг ва “Micrasoft” компаниясининг асосчиси Билл Гейтс каби таниқли ва бадавлат шахслар ҳам четда туришмади.

Коронавирусни даволашда барча мамлакатлар ишлатаётган ва таъсири ҳали тўлиқ ўрганилмаган дорилар рўйхати жуда катта. Яқин ойларда айнан бу вируснинг ўзигагина таъсир қилиши мумкин бўлган воситалар ўйлаб топилиши тахмин қилинмоқда. Албатта, бу касалликни юқтирганларни соғайтириш учун қилинаётган ишлардир.

Аммо миллиардлаб унга гирифтор бўлиши эҳтимоли юқори одамларни қутқариб қолиш учун вакцина топиш зарур. Аммо олимлар томонидан унинг ўйлаб топилиши ва амалиётга қўллаш учун камида бир йилдан ошиқроқ муддат талаб қилинади.

Ҳозирда топилган дори воситалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, ривожланган мамлакатлар шифокорлари коронавирус инфекциясига таъсир кўрсатадиган дориларни 3 та категорияга бўлиб чиқишди:

Биринчиси, вирус симптомларини минимумга туширувчи шамоллашга қарши дори воситалари.

Иккинчиси, вируснинг ҳужайралари ичида кўпайиш жараёнида унинг ҳаётий циклини бузиш орқали йўқ қилувчи дори воситалари.

Учинчиси эса, коронавирус билан оғриган касалларнинг антитанаси асосида бошқа оғриётган касалларнинг иммунитетини даволовчи дори воситаларидир.

Ҳозирда пандемияга қарши курашишда етакчи фармацевтик компаниялари вируснинг ҳаётий циклини бузувчи восита сифатида Kaletra, Ramdesivir, шамоллашга қарши Kevzara, Faviparir, Actemra номли дори воситаларини таклиф қилмоқда.

Бу воситалар айни дамда беморларда синаляпти. Уларнинг яхши-ёмон таъсири тўғрисидаги ижобий хабарлар яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда. Шифокорлар шу билан бирга COVID-19га молекуляр тузилиши жиҳатдан яқин бўлган бошқа ўхшаш вируслар (Эбола, ОИВ) учун ишлатилган дорилардан ҳам муваффақиятли фойдаланишмоқда.

Бундан ташқари, безгакка қарши ишлатилган воситалар Хлорохин ва Гидроксихлорохин”, “Лопинавир+Ритонавир ҳам ушбу рўйхатдан жой олган ва ҳар қайси давлат ўзига маъқул услублардан фойдаланяпти.

Истиқболда топилажак вакциналарнинг энг катта салбий томони шундаки, уни молиялаштириш жуда узоқ йилларни талаб қилади. Уларни ишлаб чиқаришда энг кам муддат – бир йилни ташкил этади. 2003 йил SARS вирусига қарши вакцина яратиш ишлари эпидемия тугаганидан сўнггина ўз ниҳоясига етган эди.

Ҳозир бу вирусга қарши вакцина устида 20дан ортиқ компаниялар фаол иш олиб бормоқда. Улар орасида Johnson&Johnson, GlaxoSmithKline, Sanofi каби етакчи фармацевтика гигантлари алоҳида ажралиб турибди. Номзод компаниялар орасида энг эътиборга молиги Moderna Inс. бўлиб, у 42 кун ичида вакцинани ишлаб чиқиб, тақдим қилди.

Бу вакциналар ҳозирча кўнгиллиларда синовдан ўтказилмоқда. Аммо улар қай даражада ижобий таъсир этиши, натижаси қандай бўлиши тўғрисида аниқ маълумотлар олиш учун камида бир йил кетади.

Безгакка қарши вакциналар қаторида сил касалига қарши ишлатилган вакциналар BCGнинг ҳам коронавирусга таъсири текширилиб кўрилмоқда.

Хитойнинг Zhejiang Hisun Pharmaceutical компанияси ФАВИПИРАВИР дори воситасини коронавирусга қарши ишлатишда ҳукуматдан рухсат олгани тўғрисида эълон қилди. Бу восита ҳозирги кунгача 70 та касалда синаб кўрилган бўлиб, ножўя таъсири қайд этилмади ва жуда самарали бўлиб чиқди.

Япониялик олимлар антиретровирус воситаларидан SARS-CoV-2 коронавируснинг кўпайишини тўхтатувчи “НЕЛЬФИНАВИР дориси устида муваффақиятли тадқиқот олиб бораётгани тўғрисидаги хабар берилмоқда.

Тадқиқотлар давомида ОИВдан даволовчи дори воситаси нельфинавир жуда кам дозада ҳам вируснинг кўпайишини самарали тўхтатиши аниқланди. Коронавирусни даволовчи дори ва вакциналар ҳали топилмагани туфайли ушбу вирусга қарши препаратларни касалларда синаб кўриш лозимлиги айтилмоқда.

Шунингдек, Японияда иммунитетида ўзгариш бор касаллар учун Интравеноз иммуноглобулин (IVIG) ишлаб чиқаргани билан танилган Takeda Pharmaceutical компанияси, коронавирус билан оғриб тузалганлар қон плазмасидан олинган TAK-888 антитаналар асосида янги вирусга қарши дори воситаси ишлаб чиқариш устида бош қотирмоқда.

Умуман олганда, қон плазмасидан олинадиган дори воситаси ҳар хил тозаланган антитанадан ташкил топган бўлиб, бошқа дори воситаларига нисбатан вирус билан жуда яхши курашиш хусусиятига эгадир.

Вирусдан тузалган касаллар қони плазмасидан даволаш усули устида франциялик олимлар ҳам жадал тадқиқот олиб бормоқда. Тузалганлардан 2-3 ҳафта ўтиб 600 мл. плазма олинади. Тадқиқот учун 200 та одам танлаб олиниб, улардан фақат 60 тасидагина бу даволаш усули қўлланиб, текширилади.

Энг муҳими, бугун барча мамлакатларда вирус билан оғриётган инсонлар орасида тузалаётганлар сони ортиб бормоқда. Бу – тиббиёт ходимлари ва олимларнинг коронавирусга қарши курашиш устида тинимсиз иш олиб бораётганидан далолатдир. Ҳар бир нарсанинг ибтидоси бўлганидек, бир кун келиб бу балога ҳам барҳам берилиши шубҳасиз.

Гулрухсор РАВШАНОВА,
халқаро шарҳловчи